Жаҳон | 00:58 / 29.04.2025
6441
2 дақиқада ўқилади

Покистон мудофаа вазири Ҳиндистон армиясининг ҳужумини «муқаррар» деб атади

Мудофаа вазири Ҳавожа Асифга кўра, Покистон армияси ҳукуматни эҳтимолий ҳужум ҳақида хабардор қилган.

Фото: Reuters

Ҳиндистон армиясининг Покистон ҳудудига бостириб кириши «муқаррар». Бу ҳақда Покистон мудофаа вазири Ҳавожа Асиф Reuters агентлигига берган интервюсида маълум қилди.

«Биз кучларимизни мустаҳкамлаб олдик, чунки бу [бостириб кириш] энди муқаррар. Бундай вазиятда стратегик қарорлар қабул қилиш зарур бўлади ва бу қарорлар аллақачон қабул қилинди», — дейди Асиф.

Ҳавожа Асиф Ҳиндистон томонидан қаттиқроқ баёнотлар янграётганини таъкидлади ва Покистон армияси ҳукуматни эҳтимолий ҳужум ҳақида хабардор қилганини айтди. Шунингдек, у Покистон ҳукумати Хитой, Форс кўрфази мамлакатлари, Буюк Британия ва АҚШ билан алоқада эканини билдирди.

Асиф қайси сабабга кўра Ҳиндистоннинг бостириб киришини муқаррар деб ҳисоблаётгани ва бу ҳужум тўлиқ миқёсда ёки чекланган шаклда бўладими — аниқлик киритмаган.

Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар уруш ёқасига келиб қолган. 22 апрел куни Ҳиндистоннинг Жамму ва Кашмир штатидаги сайёҳлар орасида машҳур бўлган Пахалгам шаҳрида қуролланган жангарилар 26 кишини ўлдирди. Ушбу теракт учун Кашмирнинг Покистон назорати остидаги ҳудудида жойлашган жангарилар гуруҳи жавобгарликни ўз зиммасига олди. Ҳиндистон ҳукумати ҳодиса юзасидан қисман айбни Покистонга юклади. Шундан сўнг Ҳиндистон Покистон билан чегарани ёпди ва Покистон фуқароларидан мамлакатни тарк этишни талаб қилди.

Покистон ҳам, Ҳиндистон ҳам ядровий қуролга эга. Ҳавожа Асиф Покистон ядро қуролини фақат «мавжудлигимизга тўғридан-тўғри таҳдид туғилганда» қўллашини таъкидлаган.

Аввалроқ Ҳиндистон Покистон билан кескинлик фонида ракеталарини синовдан ўтказгани тўғрисида хабар берилганди. Мамлакат Ҳарбий-денгиз кучлари кемаларга қарши ракеталарни учириб, «узоқ масофага мўлжалланган юқори аниқликдаги ҳужум зарбаларини амалга оширишга» тайёр эканини намойиш этди.

Мавзуга оид