Пайариқ ҳокими тадбиркорнинг биносини буздириб ташлади, прокурор бу қонунсизликка томошабин бўлиб турди
Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида тадбиркорнинг мулки суднинг ҳал қилув қарори кучга кирмасдан ичидаги техникалари билан бирга бузиб ташланди. Ҳаммаси эскича усулда: туман ҳокими, прокурори ва бошқа масъуллар манзилга боришган, автогрейдерни бинога тираб қўйишган. Ҳоким ҳайдовчига “Бос! Тозала!” дея топшириқ берган. Фуқаронинг бинодаги техникаларини олиб чиқиш учун 2 соат вақт сўраб қилган илтижоси ҳавода қолган. Ўз мулкини ҳимоя қилишга уринган тадбиркор ҳуқуқбузарга чиқарилиб, 10 суткага қамаб қўйилган.

Давлат раҳбари 2 та иш ўрни яратган тадбиркорни бошида кўтаришини айтаётган бир пайтда жойлардаги айрим раҳбарлар тадбиркорни “синдириш”, мулкига зарар етказишда давом этмоқда. Мақоламиз Пайариқ тумани ҳокими Исроил Жабборов, туман прокурори Файзулла Эгамқулов ва ИИБ бошлиғи ўринбосарининг ана шундай ҳаракатлари ҳақида. Улар тадбиркорнинг мулкини босим ўтказиш орқали суднинг ҳал қилув қарори ҳали кучга кирмай туриб ноқонуний тарзда буздириб ташлашган.
Пайариқ тумани Чоштепа маҳалласида яшовчи Ислом Қобилов 2022 йил 12 май куни нотариус томонидан расмийлаштирилган олди-сотди шартномасига асосан қўшнисидан уй-жой сотиб олган. Турар жой олди-сотди шартномасида ер участкасининг фойдаланиш майдони 1500 кв.м экани кўрсатилган. Ўша вақтдаги кадастр ҳужжатида ҳам давлат рўйхатидан ўтказилган ер майдони 1500 кв.м сифатида қайд этилган.
Олди-сотди шартномасига асосан 2022 йил 20 майда якка тартибда турар жойнинг кадастр паспорти шакллантирилган. 2022 йил 17 июнда Ислом Қобилов номида фойдаланишда бўлган 780 кв.м ер майдони мерос қилиб қолдирилган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан, 168,84 кв.м қурилиш ости майдони, 275,72 кв.м умумий фойдаланишдаги майдон мулк ҳуқуқи билан давлат рўйхатидан ўтказилган. Мулк отиб олингандаги кадастр ҳужжатида давлат рўйхатидан ўтказилган деб кўрсатилган 1500 кв.м ер майдони негадир кейин 780 кв.м.га камайиб қолган.
Судга кўчган масала
Кадастр агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси Пайариқ тумани ҳокимлигининг манфаатида Ислом Қобиловга нисбатан ўзбошимчалик билан эгалланган 0,04 гектар ер майдонида, шундан 200 кв.м қисмига қурилган қурилишларни буздириш, ер майдонини қайтариш ва ердан мажбурий тартибда чиқариш тўғрисида даъво аризаси билан судга мурожаат қилган. Иш ФИБ Пайариқ туман суди томонидан судя Нурбек Хўжақулов раислигида кўриб чиқилган.
Бошқарма аризасида Ислом Қобилов томонидан эгалланган ер майдонига ўрнатилган 15 кв.м. дан иборат енгил типдаги кўчма контейнерни ҳам мажбурий тартибда олдиришни сўраган.
Судда бошқарма ишончли вакили жавобгар Ислом Қобилов туман захира ерлари ҳисобида бўлган 0,04 гектар аҳоли томорқа ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олганини, шундан 200 кв.м. қисмига автомобилларни ювиш шохобчаси қурганини, кейинчалик қўшимча равишда кўчма контейнер ўрнатганини билдирган. Ишончли вакил бу ҳолатлар юзасидан Ислом Қобилов бир неча маротаба огоҳлантирилганини айтган.
Ислом Қобилов эса даъво талабларини тан олмасдан, низоли ер майдонининг 15 сотих қисмига олди-сотди шартномасига асосан эгалик қилиб келаётганини маълум қилган.
ФИБ Пайариқ туман судининг 2025 йил 12 мартдаги ҳал қилув қарори билан Ислом Қобилов ҳокимлик захира ерлар ҳисобидаги аҳоли томорқа ер майдонидан 0,004 гектар қисмини ўзбошимчалик билан эгаллаб, шундан 200 кв.м. қисмига ноқонуний қурилиш қилган, деб топилган.
Тадбиркорнинг адвокати Руслан Муҳаммадиевнинг иддаосича, у судда ВКА (масофадан) орқали иштирок этиш ҳақида аризани Олий суднинг иловаси орқали юборган. Ариза суд томонидан қабул қилинган бўлса-да, иш адвокат иштирокисиз кўриб чиқилиб, ўша процесснинг ўзидаёқ мулкни бузиш ҳақида қарор чиқарилган.
Суд қарорида ўзбошимчалик билан қурилган қурилишларни жавобгар ҳисобидан буздириш, кўчма контейнерни мажбурий тартибда олдириш, шунингдек, Ислом Қобиловни ҳокимлик ҳисобидаги ерлардан мажбурий тартибда чиқариш белгиланган.
Суд қароридан норозилик
Ислом Қобилов суднинг ҳал қилув қароридан норози бўлиб, апелляция тартибида шикоят киритган.
У апелляция шикоятида сотиб олган объекти 3 томондан йўл ва 1 томонидан ариқ билан чегараланганини, бу чегаралар ҳудудидан ташқарига чиқишнинг имкони йўқлигини билдирган. Шунингдек, И.Қобилов сотиб олинган пайтда 1500 кв.м. ер кейинчалик кадастр органи томонидан камайтириб юборилганини, унинг 780 кв.м. қисми давлат рўйхатидан ўтказилганига суд ҳуқуқий баҳо бермаганини таъкидлаган.
Ислом Қобилов суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларнинг исботланмагани, баён этилган суд хулосаларининг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги туфайли ФИБ Пайариқ туман судининг ҳал қилув қарорини бекор қилишни ҳамда даъво талабларини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида янги ҳал қилув қарори қабул қилишни сўраган.
“Беспредел” ҳоким
Апелляция шикояти биринчи инстанция судига 2025 йил 11 апрел куни келиб тушган ва 15 апрел куни вилоят суди апелляция инстанциясида кирим қилинган. Яъни иш ҳали апелляция инстанциясида кўриб чиқилмаган. Шикоятни кўриб чиқиш жорий йил 1 май кунига белгиланган.
Демак, бу ҳолатда ФИБ Пайариқ туман судининг 2025 йил 12 мартдаги ҳал қилув қарори ҳали қонуний кучга эга эмас. Аммо Пайариқ тумани ҳокими Исроил Жабборовга бунинг аҳамияти йўқ экан. Сабаби Ислом Қобиловга тегишли мулкни бузиб ташлашга шахсан унинг ўзи бошчилик қилган.
2025 йил 15 апрел куни туман ҳокими ва прокурори бошчилигида бир гуруҳ масъуллар, жумладан, туман ИИБ бошлиғи ўринбосари ва ИИБ ходимлари мажбурий бузиб ташлаш мақсадида Ислом Қобиловга тегишли мулк олдида тўпланишган.
Ҳодиса жойига туман ободонлаштириш бошқармасига тегишли автогрейдер келтирилган. Мулк эгалари қаршилик кўрсатган ва бинони бузишга рухсат берувчи қонуний ҳужжат кўрсатишни сўраган. Бироқ ҳоким барчанинг олдида атгрейдер ҳайдовчисига “Бос! Тозала!” деб буйруқ берган.
Шу тариқа Ислом Қобиловнинг мулки ҳокимнинг топшириғи ва бошчилиги асосида ноқонуний тарзда бузиб ташланган. ИИБ ходимлари эса ноқонуний ҳолатнинг олдини олиш ўрнига ҳокимга кўмаклашишга тушишган. Ҳатто асосий вазифаси қонунчиликни таъминлаш бўлган туман прокурори Файзулла Эгамқулов ҳам кўз олдида содир бўлаётган қонунбузилиш ҳолатини жим кузатиб турган.
Мулкини ҳимоя қилган тадбиркор қамоққа тиқилди
Ислом Қобилов мулкини ҳимоя қилиш жараёнида автогрейдер олдини тўсиб, тош отиш орқали техниканинг ойнасини синдирган. Айни шу лаҳзани кутиб турган ИИБ ходимлари дарҳол маъмурий баённома расмийлаштириб, ишга киришган.
2025 йил 18 апрел куни жиноят ишлари бўйича Пайариқ туман судида тергов судяси Эргаш Қаршиев раислигида Ислом Қобилов ва бошқаларга нисбатан майда безорилик ва ички ишлар ходимининг қонуний талабларига бўйсунмаслик ҳолати бўйича маъмурий иш кўриб чиқилган. Суд ФИБ Пайариқ туман судининг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирмагани сабабли Ислом Қобилов ва бошқалар ИИБ ходимларининг қонуний талабини бажармагани юзасидан якуний тўхтамга келиш имконияти мавжуд эмас деб топган.
Суднинг ажрими билан иш қўшимча суриштирув ҳаракатлари ўтказишлик учун Пайариқ туман ИИБга юборилган.
Орадан 5 кун ўтиб, 23 апрел куни айни шу судя раислигида иш кўрилиб, қарор чиқарилган ва Ислом Қобилов мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш, майда безорилик ва ички ишлар ходимининг қонуний талабларига бўйсунмаслик ҳуқуқбузарлигини содир қилишда айбли деб топилган. Унга 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
“Ҳоким “Тозала!” деди”
Судда Ислом Қобилов автогрейдер ойнасини турмуш ўртоғининг устига ҳайдагани учун синдирганини айтган ва воқеа хонадонида, ўз ҳудудида бўлганини билдирган.
“15 апрел куни соат тахминан 17:00-17:30 ларда туман ҳокими, ободонлаштириш бошқармаси, ИИБ ходимлари ва бошқа ташкилотлар вакиллари мен қурган объектни бузиб ташлаш учун бостириб келишди. Уларнинг қўлида бузиш бўйича ҳеч қандай суднинг қарори ёки ижро варақаси йўқ эди. Улар ўзлари билан олиб келган техникани турмуш ўртоғимнинг устига ҳайдашди. Бузманглар деб айтдим”, деган Ислом Қобилов.
Судда жабрланувчи сифатида сўроқ қилинган автогрейдер ҳайдовчиси бузишга ҳоким буйруқ берганини айтган.
“Орқага ҳайдаётганимда улар устимизга ҳайдади деб ўйлашган. Ислом тош отди, энкайиб қолдим, техниканинг ойнаси синиб кетди. Техникадан тушгунимча ИИБ ходими Ислом Қобиловни олиб кетди.
Туман ҳокими “Тозала!” деб айтди. Бошлиғимнинг кўзига қарадим. “Ҳайда” дегани учун автомобилларни ювиш шохобчаси ичидаги техникалари билан бузиб ташладим. Контейнерни судраб чеккага олиб қўйдим.
Менга ҳеч ким ҳеч қандай ҳужжат кўрсатмади. Бузиш учун туман ҳокимининг ваколати бор ёки йўқлигини билмайман. Менга буз деб айтгани учун буздим”, деган ҳайдовчи.
“Четга ўтинг” деган қонуний талабни бажармади”
Масъулларда Ислом Қобиловни 10 суткага қамаш истаги шунчалик юқори бўлганки, гувоҳларнинг кўрсатмаларидан иш анчагина “шиширилганини” кўриш мумкин.
Масалан, профилактика инспектори Ғ.Эрхонов суддаги кўрсатмасида Ислом Қобилов “четга ўтинг, қочинг”, деган қонуний талабни бажармаганини айтган.
Профилактика инспектори Ислом Қобиловга тегишли мулк ҳудудида бўлган воқеани жамоат жойи деб атаган ва шу сабабли унинг ҳаракатини майда безорилик билан малакалаганини изоҳлаган.
Шунингдек, профилактика инспектори Қобилов ва бошқалар ИИБ ходимларининг талабини бажармасликни даъват қилмаганини, қаршилик кўрсатишмаганини, уйдирмалар тарқатмаганини айтган.
“Ўша куни жабрланувчилар ва бошқаларда Қобиловнинг мулкини бузиш учун асосли қарор кўрмадим. Иш ҳужжатларига фуқаролик ишлари бўйича Пайариқ туман судининг 2025 йил 12 мартдаги қарорини (ҳали қонуний кучга кирмаган – таҳр.) тикдим. Суд қарорини ижро қилиш учун ижро варақасини кўрмадим”, деган профилактика инспектори.
Туманнинг бир гуруҳ масъуллари ўзлари ноқонуний ҳаракат қилган ҳолда мулкини ҳимоя қилаётган фуқарога “қочинг” дейиши қонуний талаб экан. Туман ҳокими бошчилигидаги масъуллар бирор бир қонуний ҳужжат кўрсатмаган ҳолда мулкини бузаётганида унинг эгаси жимгина томоша қилиб туриши керакми?
Ислом Қобиловнинг мулкни бузишга қаршилик қилгани ҳолати хусусий мулкни ҳимоя қилишга қаратилган ҳаракат деб баҳоланиши лозим эди. Аммо аслида жабрланувчи бўлган Қобилов шу тариқа ҳуқуқбузарга айлантирилган.
Маълумот учун, “Ички ишлар органлари туғрисида”ги қонуннинг 2-моддасига кўра, ички ишлар органларининг энг биринчи вазифаси фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.
Қонунбузарлар жазоланиши керак
Низоли масала – Ислом Қобиловнинг ҳокимлик захира ерлар ҳисобидаги аҳоли томорқа ер майдонининг бир қисмини ўзбошимчалик билан эгаллаб олгани ҳолатига доир суд ҳужжатларини таҳлил қилишдан йироқмиз. Чунки бу иш яқинда апелляция инстанциясида кўриб чиқилади.
Аммо туман ҳокими Исроил Жабборов бошчилигидаги масъулларнинг ноқонуний ҳаракати – суд қарори қонуний кучга кирмасдан туриб фуқаронинг мулкини ичидаги техникалари билан биргаликда бузиб ташлашганига ҳуқуқий баҳо берилиши, қатъий жазо чораси қўлланиши лозим. Чунки Конституцияда хусусий мулк дахлсизлиги, мулкдор суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмаслиги белгиланган.
Руслан Сабуров,
Kun.uz
Мавзуга оид

16:08 / 24.05.2025
82 миллиард сўмлик ҚҚС тадбиркорларга ноқонуний қайтарилгани аниқланди – ДХХ

23:37 / 01.05.2025
Пайариқ ҳокимининг таъқиби ортидан қамалган тадбиркорни Олий суд озод қилди

16:06 / 30.04.2025
Хонанда Дилфуза Исмоиловани чув туширган аёл озодликдан маҳрум қилинди

13:29 / 22.04.2025