Жаҳон | 17:12 / 28.04.2025
8554
3 дақиқада ўқилади

Европанинг айрим давлатларида блэкаут юзага келди

Лиссабонда метро тўхтаб қолган, Мадридда аэропорт ёпилган. Версиялардан бирига кўра — киберҳужум уюштирилган.

Португалия, Испания ва Европанинг бошқа қатор мамлакатларида 28 апрел куни кундузи электр энергияси кенг кўламда ўчиши кузатилди.

Хусусан, Publico маълумотига кўра, Лиссабонда метро тўхтаб қолган, йўловчилар вагонлар ичида қамалиб қолишган, Порту шаҳридаги метро ҳам ёпилган. Кўплаб шаҳарларда светофорлар ўчган, бутун мамлакат бўйлаб мобил алоқа узилишлар билан ишламоқда, банкоматлар ишлашдан тўхтаган. Лиссабон, Порту ва Фарудаги аэропортларда захира генераторларидан фойдаланишга ўтилган.

Лиссабон кўчаларидан бирида ишламай қолган светофор. 2025 йил 28 апрел
Armando Franca / AP / Scanpix / LETA

El Mundo газетаси Испанияда ҳам электр ўчгани ҳақида хабар берган. Хусусан, Мадридда Барахасда аэропорт ёпилган, Барселона ва Мадридда метро ишламай қолган. Испанияда ҳам светофорлар, мобил алоқа ва тўлов терминаллари ўчган.

Мадридда электр энергияси узатишдаги узилиш туфайли метро бекатини тарк этаётган йўловчилар. 2025 йил 28 апрел
Mariscal / EPA / Scanpix / LETA

Испаниянинг миллий темирйўл компанияси бўлмиш Renfe йўловчи поездлар қатнови буткул тўхтатилганини эълон қилган.

Сан-Себастяндаги (Басклар ўлкаси, Испания) транспорт ҳаракати қўлда тартибга солинмоқда. Светофорлар ўчган. 2025 йил 28 апрел
Javier Etxezarreta / EPA / Scanpix / LETA

Франция ва Германияда ҳам электр энергияси таъминотидаги узилишлар ҳақида хабар берилмоқда. Euronews маълумотига кўра, Андоррадан ҳам электр ўчгани ҳақида хабарлар келган.

Аварияга учраган мамлакатлар ҳукуматлари ва электр таъминотчилари электр таъминотини тезроқ тиклаш учун барча имкониятлар ишга солинаётганини маълум қилган.

Madrid Open турнири доирасидаги баҳслар ўтказилиши керак бўлган теннис корти. Баҳслар электр ўчгани туфайли бекор қилинди.
Manu Fernandez / AP / Scanpix / LETA

Соат 17:30 га келиб (Тошкент вақти) Францияда узилган электр таъминотини тиклашга муваффақ бўлинди, деб ёзади Publico. Португалия ва Испания энергетика компаниялари ҳам авария оқибатларини босқичма-босқич бартараф этмоқда ва бу бироз вақт олиши ҳақида огоҳлантирмоқда.

Узилиш сабаби ҳали номаълум. Португалия вазирлар маҳкамаси аъзоси Кастро Алмейда RTP3 телеканалида сўзлаган нутқида электр узилишининг сабаби киберҳужум бўлиши мумкинлигини истисно қилмади, деб ёзади Publico, бироқ бу версия фойдасига далил келтирилмаган. Шу билан бирга, Португалиянинг REN энергетика компанияси Франция жануби-шарқидаги юқори кучланишли линияларга зарар етказган ёнғинни носозлик версияларидан бири сифатида кўраётганини маълум қилди, деб ёзади Euronews.

Madrid Open турнирига келган меҳмонлар қоронғида спорт комплекси ҳудудини тарк этмоқда. 2025 йил 28 апрел
Manu Fernandez / AP / Scanpix / LETA
Испаниядаги ресторанлардан бирида ошпаз овқатни чўнтак фонари ёрдамида тайёрлашига тўғри келмоқда

Мавзуга оид