Жамият | 23:32 / 28.04.2025
3917
2 дақиқада ўқилади

Бўстонлиқ туманига олиб борувчи автомобил йўли вақтинча ёпилади

29-30 апрел кунлари велоспорт мусобақалари ўтказилиши сабаб Бўстонлиқ туманига олиб борувчи автомобил йўли вақтинча ёпилади. Ҳайдовчиларга Қибрай ва Чирчиқ шаҳарлари орқали ҳаракатланиш тавсия қилинди.

Фото: Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманига олиб борувчи автомобил йўли велоспорт мусобақаси учун маълум вақтга ёпилади. Бу ҳақда вилоят ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.

Қайд этилишича, 29-30 апрел кунлари спортнинг велоспорт мусобақалари ўтказилиши муносабати билан Бўстонлик туманига олиб борувчи автомобил йўлида транспорт воситаларининг ҳаракати вақтинча чекланади.

Хусусан, 29 апрел куни ўтказиладиган мусобақаларда Бўстонлиқ туманига олиб борувчи автомобил йўлида жойлашган «Янги Ўзбекистон» боғида транспорт воситалари ҳаракати соат 08:00 дан чекланади. Велоспортчилар ушбу жойдан қўзғалгандан сўнг, Юқори Чирчиқ тумани орқали Бўстонлиқ туманига, у ердан Ғазалкент ва Қоронқул орқали Чорбоғ қўрғонига етиб боради.

Бунда, юқоридаги манзиллар орасидаги автомобил йўлида транспорт воситалари ҳаракати тўлиқ чекланади. Фақат велоспортчиларга қарама-қарши йўналишда келаётган ҳайдовчиларга йўл очиқ бўлади.

«Агар сиз Бўстонлиқ туманига бормоқчи бўлсангиз, Қибрай ва Чирчиқ шаҳарлари орқали ҳаракатланишингиз мумкин бўлади», — дейилади хабарда.

Мавзуга оид