Австралиядаги радиостанция ярим йил давомида СИ-бошловчидан фойдаланиб келгани маълум бўлди
Қарийб тўрт соатлик дастурни олиб борган «диджей» ҳақиқий инсон ташқи кўриниши ва овози асосида генерация қилинган.

Фото: Getty images
Австралиянинг CADA радиостанцияси қарийб ярим йил давомида сунъий интеллект ёрдамида яратилган «диджей» бошловчидан фойдаланиб келгани маълум бўлди, деб ёзади The Verge.
Workdays with Thy номини олган дастур тўрт соатга яқин давом этади, эфирда ҳип-ҳоп, R&B ва поп услубидаги мусиқалар янграйди. Thy сунъий интеллект диджейи ҳақиқий одам — компаниянинг молиявий бўлими ходимасининг овози ва ташқи кўриниши асосида генерация қилинган. «Диджей» овози ElevenLabs дастурий таъминоти қўлланган ҳолда яратилган.
Workdays with Thy дастури 2024 йил ноябрдан бери эфирга кетади ва уни камида 72 минг киши тинглайди. Таъкидланишича, радиостанция ўз тингловчиларини дастурни сунъий интеллект генерация қилган бошловчи олиб бораётгани ҳақида хабардор қилмаган.
Мақолада келтирилишича, иш жараёнида сунъий интеллектдан фойдаланиш тажрибасини олдинроқ Портленддаги радиостанция синаб кўрган. Бундан ташқари, Полшанинг OFF Radio Krakow радиостанцияси ҳам журналистларни қисқартириб, сунъий интеллект бошловчидан фойдаланишга ўтган.
Аввалроқ БМТ бош котиби Антониу Гутерриш сунъий интеллект ривожланиши билан боғлиқ хатарлардан огоҳлантирган эди. Унинг айтишича, сунъий интеллект имкониятлари жуда нотекис тақсимланган. Кўплаб мамлакатлар СИ инструментларидан фойдаланишда жиддий муаммоларга дуч келмоқда.
Мавзуга оид

19:53 / 28.05.2025
Ўзбекистонда сунъий интеллект статистика тўплаш учун одамларга телефон қилади

19:19 / 28.05.2025
Telegram'га Илон Маскнинг Grok сунъий интеллекти интеграция қилинади

23:35 / 27.05.2025
Янги сунъий интеллект модели ёлғон гапириш ва одамларни шантаж қилишни ўрганиб олди

19:21 / 27.05.2025