АҚШ ички хавфсизлик вазирининг сумкасини ўғирлашга алоқадор шахс ҳибсга олинди
Вазир оиласи билан ресторанда тушлик қилаётганида сумкаси ўғирлаб кетилган эди. Унинг ичида 3 минг доллар, ҳайдовчилик гувоҳномаси, косметика воситалари ва чек дафтарчаси бўлган.

Фото: Alex Brandon
АҚШ ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэмнинг сумкасини ўғирлашда гумонланган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда ҳолат бўйича олиб борилаётган терговга алоқадор манбаларига таяниб CNN телеканали хабар берди. Уларнинг сўзларига кўра, яқин вақт ичида яна «кўплаб» ҳибсга олишлар амалга оширилиши кутилмоқда.
«Ходимларимиз хавфсизлиги учун ҳозирча буни тасдиқлай ёки рад эта олмаймиз. Ички хавфсизлик вазирлиги айблов эълон қиладиган бўлса, бу бўйича амалдаги тартибга мувофиқ хабар берилади», — дейди АҚШ Махфий хизмати вакили Энтони Гулелми. Махфий хизмат юқори лавозимдаги амалдорлар, жумладан, вазир Ноэмнинг ҳам хавфсизлигини таъминлайди.
Вазир 20 апрел куни Вашингтондаги Тҳе Cапитал Бургер ресторанида оила аъзолари билан тушлик қилиш вақтида ўғирлик қурбони бўлганди. Махфий хизмат ходимлари ҳам ресторанда бўлган, аммо улар видеокамералардаги ёзувларни кўргандан кейин ўғирлик содир этилганини аниқлашга муваффақ бўлган.
Кўплаб манбаларнинг маълумотларига кўра, вазирнинг Gucci сумкаси ичида 3 минг доллар, Кристи Ноэм номига ҳайдовчилик гувоҳномаси, дорилар, квартира калити, паспорт, Ички хавфсизлик вазирлигига кириш гувоҳномаси, косметика воситалари чек дафтарчаси бўлган.
Маълумот учун, Кристи Ноэм Америка маъмуриятига келгунга қадар Жанубий Дакота штати губернатори, ундан аввал эса АҚШ Конгрессининг Ваколатхоналар палатаси аъзоси бўлган. Ички хавфсизлик вазири сифатида у миллий хавфсизликка масъул бўлган бўлимни бошқаради. Унинг фаолият соҳасига чегара назорати ва миграция, терроризмдан ҳимоя ва киберхавфсизлик масалалари киради.
Мавзуга оид

21:44 / 01.06.2025
Машҳур рассомнинг ўғирланган 50 минг долларлик картинаси чиқиндихонадан топилди

21:17 / 01.06.2025
Британия ядровий қуролларни ташишга қодир қирувчи самолётларни харид қилади

18:51 / 01.06.2025
АҚШда юк машинаси ағдарилиши оқибатида 250 млн асалари учиб кетди

14:42 / 31.05.2025