Жаҳон | 18:33 / 25.04.2025
19664
7 дақиқада ўқилади

МРБ директори ўринбосарининг ўғли Украинада ҳалок бўлган. У Россия томонида туриб жанг қилган

Ушбу 21 ёшли америкалик Фаластин масаласи туфайли «Америка ҳукуматидан дарғазаб» бўлган, Россия фуқаролигини олиш учун армияга ёзилганди.

Instagram / «Важные истории»

РФ мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаган 21 ёшли америкалик Майкл Глосс Украинадаги урушда ҳалок бўлган.

Майкл Глосс – америкалик ҳарбийлар фарзанди. Унинг онаси Жулиан Глосс АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори ўринбосари лавозимида ишлайди, отаси Ларри Глосс – АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари фахрийси ва АҚШ мудофаа вазирлиги учун ҳам дастурий таъминот яратиш билан шуғулланувчи Security Information Systems компанияси раҳбари ҳисобланади.

Жулиан Глосс 2024 йил февралида АҚШ Марказий разведка бошқармаси директорининг рақамли инновациялар бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган.

Майкл Глосс фаластинликларни қўллаган ва ислом динига қизиққан. 2022 йилда Америка байроғини ёқиб юбориб, бу ҳолат видеосини ижтимоий тармоққа жойлаган.

Дўстлари айтишича, сўнгги пайтларда у фитна назарияларига берилиб кетган, аммо ҳеч ким унинг Россия армиясига қўшилиши мумкинлигини тахмин қилмаган, чунки унинг бармоғида пацифик (тинчликсеварлар) татуировкаси бор эди.

Майкл Глосс дунё бўйлаб бир неча ой саёҳат қилганидан сўнг, 2023 йилда Россия армиясига қўшилган. «Важние истории» нашри аниқлашича, Глосс 2023 йил қишида коллеждаги ўқишини ташлаб, АҚШни тарк этган. Аввалига у Италияда яшаган, кейин Исроилга йўл олган, у ердан эса депортация қилинди. Кейинги бир неча ойни у Туркияда ўтказади, у ерда Rainbow family ҳамжамияти йиғилиши – «Болқон йиғини»га ташриф буюрган, шунингдек, Ҳатай вилоятидаги зилзила оқибатларини бартараф этишга ёрдам кўрсатган.

Глосснинг Истанбулда бирга яшаган таниши «Важние истории»га америкалик «доимо қандайдир салбий нарсалар ҳақида – қашшоқлик, цивилизациялар қулаши ҳақида гапиргани»ни айтиб берган. «У Ғарбнинг гегемонлиги даври тугаётганига ва тез орада унинг ўрнини БРИКС эгаллашига ишончи комил эди», – деди нашр суҳбатдоши. Туркиядаги яна бир таниши Глосс Фаластин ҳақидаги видеони томоша қилгани ва «Америкадан қаттиқ ғазаблангани»ни айтади. «Россияга кетиш ҳақида ўйлай бошлади. У АҚШ билан жанг қилмоқчи эди. Аммо менимча, унга фитна назарияларидан иборат видеолар кучли таъсир кўрсатган», – дейди нашр суҳбатдоши.

Майкл Глосс Россияга 2023 йил августида келган. Россия визасини олишдан олдин, Глосс танишларидан ўзини РФга таклифнома олишда ёрдам сўраган. У Россияга бориш сабабини турлича изоҳлаган: кимгадир рус тилини ўрганмоқчилигини айтса, бошқасига – фуқаролик олиш ниятидалигини, учинчи бир одамга — ўзининг экологик лойиҳасини ривожлантириш учун бораётганини билдирган. Нашр чегара хизматлари маълумотларини ўрганиш орқали аниқлашича, у Гуржистон ва Россия чегарасини 12 август куни кесиб ўтган.

Ўша ой давомида Глосс Владикавказ, Таганрог, Волгоград ва Москвада бўлишга улгурган. 1 сентябр куни Глосс унинг визаси муддати бир ҳафтадан кейин тугашини хабар қилган, 3 сентябр куни эса Вена ва Братиславада яшаш учун жой қидира бошлаган. Икки кун ўтиб, 5 сентябр куни, ЕМАИС тизимида Майкл Глосс ҳақида маълумот пайдо бўлади: манзил сифатида Яблочков кўчасидаги РФ армиясига шартнома асосида хизматга ёллаш пункти, «квартира» сифатида — 302-рақамли тиббий кўрик кабинети кўрсатилган. Нашрнинг қайд этишича, урушда иштирок этиш учун РФ мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаш мақсадида Москвага келувчи барча хорижликлар ушбу манзилда қайд этилади.

Кейинги кунларни Майкл Глосс Москва областидаги «Авангард» машғулот марказида ўтказади, буни ўша вақтда мазкур марказда олинган фотосуратлар тасдиқлайди. Ўшанда Глосс «Вконтакте»да Хамза Али номи остида аккаунт очган ва бир неча гуруҳларга, жумладан, «Романтика русских деревень» ва «Мы из СССР» гуруҳларига қўшилган. У шунингдек «Путин мустақил Фаластин давлати тузиш зарурлиги ҳақида гапирди» сарлавҳаси остида видео, шунингдек, исроиллик ҳарбийлар 2023 йил 7 октябрида Беэри кибуцида «тинч исроилликларни ўққа тутгани» айтилган роликни жойлаштирган.

Икки ҳафталик машғулотлардан сўнг Майкл Глосснинг асосан Непал фуқароларидан иборат гуруҳи автобусда ҳарбий қисмга олиб кетилади. У Рязандаги 137-ҳаво-десант полкига (41450-ҳарбий қисм) қўшилади. Қуролдошларидан бири унинг «фронтда қандай фойдали бўлиши мумкинлиги ҳақида ўз тасаввури» бўлганини айтади. «Коллежда у қурилиш ва муҳандислик бўйича таҳсил олган, шунинг учун унинг барча фикрлари ихтиролар ва инновациялар билан боғлиқ эди», – дейди у. Глосс 2023 йил декабр ойида фронтга жўнаб кетади. «Адашмасам, тайёргарликдан сўнг уни штурм отрядларига жўнатишди», – дейди хизматдоши. Бу вақтда 137-полк бўлинмалари Донецк областидаги Соледар шаҳри шимоли-ғарбида жанг қиларди.

«Одноклассники» / «Важные истории»

Майкл Глосс 2024 йил 4 апрелда ҳалок бўлди, деб хабар берган унинг оиласи некрологда, лекин бу Украинада рўй бергани айтилмаган. Ўша куни Рязан полкини ўз ичига олган 106-дивизия телеграм-канали десантчилар Донецк областининг Раздоловка ва Веселое қишлоқларига ҳужум уюштиргани ҳақида хабар берган. Глосс айнан қандай шароитда ҳалок бўлгани номаълум. Унинг дафн маросими АҚШда, вафотидан саккиз ой ўтиб, 2024 йил 21 декабрда ўтказилган. Глосснинг «Болқон йиғини»даги таниши унинг опаси билан суҳбатда Россия ҳукумати вакиллари америкаликнинг оиласи билан боғлангани ҳамда у Украинада вафот этгани ҳақида хабар беришган.

Rainbow family иштирокчиларидан бири Глосс унга жанг қилиш учун эмас, Россия паспортини олиш учун ушбу давлат армиясига ёзилмоқчи эканини айтганини эслаган. Америкаликнинг Рязандаги ҳарбий қисмдаги сафдоши Глосс «Россиянинг ёрқин тарафдори бўлгани ва ушбу ўлкага муҳаббат қўйгани», шу билан бирга, «қўлига қурол олишни истамагани» ҳақида сўзлаган. Унинг оила аъзоларидан ҳеч бири нашрнинг интервю бўйича сўровларига жавоб қайтармаган.

Мавзуга оид