«Сити» сўнгги дақиқада ғалабани илиб кетди, «Барса» 40 та зарбадан битта гол урди. Кун ўйинлари
Ҳафта ўртасида Европа чемпионатларида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Фото: Marc Atkins/Getty Images
Англия: «Вилла»нинг комплекслари
АПЛ. 34-тур
«Манчестер Сити» — «Астон Вилла» 2:1
Голлар: Силва (7), Нунеш (90+4) — Рэшфорд (18, пеналти).
«Манчестер Сити» — Ортега, Нунеш, Диаш, Гвардиола, О'Райли, Гундўған, Ковачич, Силва, де Брюйне (Аканжи, 90+5), Макэйти (Доку, 74), Мармуш.
«Астон Вилла» — Мартинес, Кэш (Дисаси, 61), Конса, Торрес, Дин, Камара, Онана (Асенсио, 76), Рожерс (Мален, 86), Тилеманс, Рэмзи (Макгинн, 61), Рэшфорд (Уоткинс, 76).
Огоҳлантиришлар: Дин (35), Рожерс (50), Гвардиол (70), Нунеш (77), Уоткинс (85), Силва (86).
Англияда «Ливерпул» ва «Арсенал» биринчи ва иккинчи ўринларни ҳеч кимга бериб қўймаслиги кундек равшан. ЕЧЛга йўлланма берувчи кейинги уч ўрин учун эса қаттиқ кураш кетмоқда. Мавсум якунига қадар беш тур қолганида учинчи ўриндаги «Нюкасл» ва еттинчи ўринда келаётган «Астон Вилла» ўртасида атиги икки очколик фарқ бор эди.
Шунинг учун ҳафта охирида «Уэмбли»да Англия кубоги яримфиналида ўйнайдиган «Манчестер Сити» устози Хосеп Гвардиола «Астон Вилла»га қарши ўйин олдидан жамоасини навбатдаги финал кутаётгани ҳақида гапирди. «Шаҳарликлар» ва бирмингҳэмликлар ўзаро ўйинда ғолиб бўлган жамоа учинчи ўринга чиқиб оларди.
Меҳмонлар эса 20-сониядаёқ ҳисобни очиши мумкин эди: Маркус Рэшфорд «Сити» мудофаасидаги хатоликдан фойдаланиб, жарима майдонига ёриб кирди ва узоқ бурчакка зарба йўллади, аммо тўп устунга борди. Гвардиола жамоаси тезда ўзига келди. Мезбонлар дарҳол ташаббусни қўлга олди, 7-дақиқада Рубен Диаш чап қанотга диагонал пас берди, Мармуш жарима майдонига кириб келди ва орқароққа тўп узатди, Эмилиано Мартинес Бернарду Силванинг зарбасига улгурди, аммо тўп барибир тўрга бориб тушди.
«Сити» устунликка эришгач, ҳужум қилишда давом этди, меҳмонларнинг режаси ўзгармади: Унаи Эмери шогирдлари майдонга қарши ҳужумларда омадини кутарди. 16-дақиқада Жейкоб Рэмси жарима майдонига ёриб кирди ва Рубен Диаш билан контактдан кейин йиқилди, ҳакам Крэйг Поусон видеотакрорни бориб кўриб, 11 метрлик нуқтани кўрсатди, Рэшфорд эса қайтариб бўлмас зарба йўллади – 1:1.
«МЮ»дан ижарага олинган форвард «Сити»нинг жорий мавсумда ўз стадионида ўтказиб юборилган голлари сонини 22 тага етказди, бу эса 2003/04 йиллар мавсумидан буён энг ёмон кўрсаткич (24 гол). Гвардиола мураббийлар зонасида шоу уюштиришда давом этди, захира ҳаками билан ҳиссиётли суҳбатидан кейин сариқ карточка олди. У бутун ўйин давомида майдон четида туриб, фаол равишда эътироз билдирди ва оператор эътиборини ўзига қаратди. Натижа муҳимлиги Гвардиолани катта босим остида қолдирганди.
«Сити» тўпга эгалик қилди ва тез-тез ҳужум уюштирди, «Астон Вилла» тезкор қарши ҳужумлар билан жавоб қайтарди. Лекин Эмери футболчи алмаштиришда ҳаяллади ва тезкор Дониэл Маленни фақат ўйин охирида, 86-дақиқада майдонга туширди. Гвардиола эса ўйинда бурилиш ясаш ҳаракатларини 74-дақиқада, дриблинг ва тезкорлиги эвазига кутилмаганда рақиб жарима майдонида пайдо бўлиб, дарвозага хавф туғдирадиган Жереми Докуни майдонга ташлаш орқали бошлаганди.
80-дақиқада «Сити» яна бир бор дарвозани ишғол этди. Лекин узатма берилган вақтда Омар Мармуш офсайдда қолганди ва гол инобатга олинмади. Гвардиола бу вақтга келиб ҳафсаласи пир бўлган ва тушкун ҳолатда эди. Энди камералар асабий Эмерини кўпроқ кузата бошлади. «Астон Вилла» учун «Этиҳад»да дуранг қайд этиш ҳам ажойиб натижа эди.
Аммо меҳмонлар ҳисобни ушлаб қололмади. 90+4-дақиқада Доку чап қанотдан олдинга ташланиб, «Астон Вилла» дарвозабони ҳудудига тўп оширди. Тўп эса барчадан ўтиб кетди ва нариги томондан жарима майдонига кириб келган Матеус Нунес ҳеч қандай қаршиликка учрамасдан ғалаба голини урди – 2:1. «Сити» вақтинчага бўлса ҳам учинчи ўринга кўтарилиб олди. «Этиҳад»да қаторасига ўн бешинчи бор ютқазган «Вилла» эса рақобатчилардан кўп ўйин ўтказган ҳолда еттинчи ўринда қолди.
Испания: «Реал»га совға бўлмади
Ла Лига. 33-тур
«Барселона» — «Малйорка» 1:0
Гол: Олмо (46).
«Барселона» — Шесни, Гарсия, Араухо, Мартинес, Форт (Мартин, 77), Гави, Педри, Ямал (де Йонг, 87), Олмо (Лопес, 62), Фати (Рафиня, 62), Торрес (Виктор, 77).
«Малйорка» — Роман, Морей, Валлент, Раилло, Копете, Мохика (Лато, 81), Хосабед (Валери, 81), Маскарел (Салас, 86), Кошта (Доменек, 66), Дардер, Ларин (Пратс, 86).
Огоҳлантириш: Кошта (25).
Олдинги ҳафталарда тиғиз тақвим туфайли «Реал» ўйинларни бойкот қилиш билан таҳдид қилганди. Энди эса каталонияликлар клуби раҳбарияти ҳам жаҳл отига минди ва одатда дипломатик йўл тутадиган Ҳанси Флик ҳам Испания чемпионати тақвимини тузувчиларга заҳарини сочди. Мураббийни тушуниш мумкин, чунки жамоа жароҳатлар туфайли Балде ортидан Левандовскини ҳам йўқотди. Энди полшалик ҳужумчи шанба куни «Реал»га қарши Испания кубоги финалини ҳам, Чемпионлар лигасида «Интер»га қарши икки яримфинални ҳам ўтказиб юборади.
Сешанба оқшомида эса — кучсиз мавсум ўтказаётган ва Каталония пойтахтида 17 йилдан буён ғалаба қозонмаган «Малйорка»га қарши ўйинда — кўк-анорранглилар таркибда ротация қилди. Бошланғич таркибда мудофаа позицияси марказида Эрик Гарсияга ҳам, Форт ва ҳатто Ансу Фатига ҳам жой топилди. Ушбу трио жорий йил бошидан буён жами ўттиз дақиқадан кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлганди. Фатини эса стартда ўтган йил 20 октябридан буён кўришмаганди. Унинг биринчи бўлимдаги хато зарбаларини ҳам ундаги ўйин амалиёти йўқлиги изоҳлайди. Чап қанот вингери позициясида тушган футболчи айниқса танаффус арафасида ўта қулай имкониятни қўлдан бой берди.
Каталонияликларнинг бошқа футболчилари ҳам имкониятдан фойдалана олмади, жамоа биринчи бўлимнинг ўзида 24 зарба йўллаб (5 таси дарвоза соҳасига тўғри борган), таблодаги нолларни ўзгартира олмади. Ла лигадаги ўйинларни 2003 йилдан буён кузатиб келаётган Opta статистики компанияси шу вақтгача биринчи бўлимда шунча зарбадан кейин ҳам ҳисоб очилмаганини қайд этмаганди. Аммо иккинчи бўлим бошланиши биланоқ жарима майдонида қулай позицияда пайдо бўлган Дани Олмо тўпни ерлатиб ҳимоячилар орасидан ўтказди ва олис бурчакни аниқ нишонга олди. Олмо — «Барса»нинг жорий мавсумда голлари сонини ўндан оширган Рафиня, Левандовски, Ямал ва Ферран Торресдан кейинги бешинчи футболчисига айланди.
Вазият «Малйорка»ни 5-4-1 схемаси бўйича чуқур ҳимояланишни тўхтатиб, очилишга мажбур қилди. Меҳмонларнинг бир неча ҳужумлари «Барса»да иккинчи қаватда муаммолар борлигини кўрсатиб қўйди. Аррасате шогирдлари кўк-анорранглилар жарима майдонида ҳаводаги тўп учун курашларда устун келишди, лекин мезбонлар учун ҳеч қандай қўрқинчли нарса рўй бермади. Ямал ўйин масаласини ҳал қилиб қўйиши мумкин эди, аммо у ҳам яккама-якка вазиятдан фойдалана олмади. У ёки ўзига ортиқча баҳо бериб юборди, ёки Романнинг имкониятларини тўғри баҳолай олмади – айёрона финти билан дарвозабонни алдаб ўта олмади.
Иккинчи бўлимда ҳам «Барса» зарбалар бўйича катта устунликка эришди – 16:4 (дарвоза соҳасига тўғри борган зарбалар бўйича 8:0), xG бўйича 0,25 га қарши 1,47. Каталонияликлар ўйин охиригача мухлисларини асабий ҳолатда ўтиришга мажбур қилган бўлса-да, ғалабали ҳисобни сақлаб қолди ва «Реал»нинг бугунги ўйини якунигача орадаги фарқни етти очкога етказди. Ҳанси Флик шогирдлари сўнгги уч йилликдаги энг яхши сериясини қайд этмоқда ва ўн тўрт турдан буён ютқазмаяпти (+12=2). Титул янада яқин.
Франция: парижликлар ички рекордлар ҳаракатида
Лига 1. 29-тур
«Нант» — «ПСЖ» 1:1
Голлар: Аугусто (83) — Витиня (33).
«Нант» — Карлгрен, Кастелетто, Зезе, Паллуа (Муҳаммад, 73), Аду, Лепенан, Чиривелла (Кадевере, 86), Аугусто, Козза, Аблин (Сантона, 86), Симон.
«ПСЖ» — Доннарумма, Невеш, Маркинос, Бералдо, Мендеш (Пачо, 62), Заир-Эмери (Барколя, 62), Витиня, Руис, Ли Кан Ин (Рамуш, 63), Дембеле (Дуэ, 63), Кварацхелия (Маюлу, 71).
Огоҳлантиришлар: Кастелетто (77), Чиривелла (79).
Чемпионлик масаласини муддатидан олдин ҳал қилиб бўлган «ПСЖ» футболчиларининг хаёли Чемпионлар лигасида «Арсенал»га қарши кечадиган ўйинларда экани тайин, аммо Луис Энрике жамоасида бу мавсум охирига қадар «Божуар»да ютқазмаслик вазифаси ҳам бор. Биринчи бўлим ўрталаридан ўтганда Ли Кан Иннинг узатмасидан кейин ҳисобни очган Витинянинг голи билан бу вазифани уддалаш учун биринчи қадам ташланди. Ўйин охирида эса Дуглас Аугусто Доннарумма дарвозасини ишғол этди. Эътиборли жиҳати, турнир жадвали қуйи қисмида бораётган ва катта эҳтимол билан ўтиш ўйинларида қатнашадиган «Нант» бу мавсумда чемпионлар билан икки ўйинда ҳам дуранг қайд этди —икки сафар ҳам 0:1 ҳисоби ўйин охирида 1:1 кўринишига келтирилди.
Албатта, парижликларни бу ҳисоб ранжитди, жамоа етакчиси Дембеле эса қаторасига тўртинчи ўйинда майдонни голли ҳаракатсиз тарк этиб, куздаги энг ёмон сериясини такрорлади. Шу билан бирга, «ПСЖ» шу куни 1993 йилдан буён «Милан» эгалик қилиб келган Европа рекордини ўзиники қилди. Парижликлар ички чемпионат доирасидаги сафар ўйинларда 39 ўйиндан иборат мағлубиятсиз серия қайд этди (+30=9). Шундан катта қисми Энрике даврига тўғри келади, унинг бошқарувида жамоа Франция чемпионатида сафар ўйинларида 32 ўйинда ютқазмаган (+24=8). «ПСЖ» яна бир миллий рекордни ҳам кўзлаган. Айни вақтда жамоа 30 турни мағлубиятсиз ўтказди ва «Нант»нинг ўттиз йил олдинги рекордини такрорлаш учун яна икки мағлубиятсиз ўйин ўтказиш кифоя қилади.
Тавсия этамиз
Сўнгги янгиликлар
-
Президент «Урганч кластер»нинг янги корхоналари фаолияти билан танишди
Ўзбекистон | 17:22
-
“Жахлдор ўқитувчи” — Самарқандда педагог болаларга ўта қўпол муносабатда бўлди
Ўзбекистон | 17:10
-
Германияда «Германия учун альтернатива» партияси экстремистик деб топилди
Жаҳон | 17:01
-
Ўзбекистон ва Қозоғистон Хитойга дори-дармон хомашёси экспорти бўйича етакчилар қаторига кирди
Жаҳон | 16:46
Мавзуга оид

10:53 / 01.05.2025
ЕЧЛда яна бир суперўйин. «Барселона» ва «Интер» жами 6 та гол уришди

10:00 / 01.05.2025
Ҳусанов нега ўйнамаяпти?

15:45 / 30.04.2025
Байрам кайфиятидаги «Барса» муаммоли «Интер»га қарши. ЕЧЛ яримфинал ўйини анонси

13:50 / 30.04.2025