Эрдўған: AFAD ва ССВ бўлинмалари жанговар шай ҳолатга келтирилди
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Истанбулда кузатилган зилзилалар юзасидан баёнот берди. У қидирув ва қутқарув ишлари алоҳида эҳтиёткорлик билан давом этаётгани, тегишли бўлинмалар шай ҳолатга келтирилганини маълум қилди.

Фото: AP
Ражаб Тоййиб Эрдўған Туркия табиий офатлар ва фавқулодда вазиятлар бошқармаси (AFAD) ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги жанговар шай ҳолатга келтирилгани, шунингдек, қидирув ва қутқарув ишлари давом этаётганини маълум қилди.
23 апрел куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида давомли ер силкинишлари кузатилди, улардан иккинчисининг магнитудаси 6,2 баллни ташкил этди. Соат 12:13 даги биринчи ер силкиниши кучи эса 3,9 магнитудага тенг бўлган. Икки зилзила эпимаркази ҳам Истанбулнинг марказий қисмидан 50 километр ғарбда, Мармар денгизи соҳилидаги Силиври шаҳри яқинида жойлашган.
Туркия президенти 47-Халқаро болалар фестивалида Истанбулда кузатилган зилзила юзасидан баёнот берди.
«Бироз олдин Истанбул ва Мармара минтақасида 6,2 магнитудали зилзила содир бўлди. Биз ўз ёрдамимизни зилзиладан жабр кўрган барча фуқароларга йўналтирмоқдамиз. Давлатимизнинг барча бўлинмалари, хусусан, AFAD ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳозирда жанговар шай ҳолатда. Қидирув ва қутқарув ишлари алоҳида эҳтиёткорлик билан давом этмоқда. Биз ҳам жараённи диққат билан кузатиб бормоқдамиз. Ушбу тадбирга келишдан олдин мен вазирлар, шунингдек, AFAD раиси ва Истанбул губернаторидан энг сўнгги маълумотларни олдим. Олинган маълумотларга кўра, ҳозирча инқирозли вазият йўқ. Аллоҳ юртимизни ва халқимизни барча бало ва офатлардан асрасин», — дейди Эрдўған.
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси берган маълумотларга кўра, асосий силкинишдан сўнг бир неча афтершоклар кузатилган, улардан энг кучлиси 5,3 магнитудада бўлган. Ҳокимиятлар аҳолини зарар кўрган биноларга кирмасликка ва хавфсизлик чораларига амал қилишга чақирмоқда.
Истанбул губернаторлигининг қайд этишича, зилзила натижасида ҳеч ким ҳалок бўлмаган. 151 нафар фуқаро қўрқув сабаб баландликдан сакраган ҳолда тан жароҳати олиб, касалхоналарда даволанмоқда. Уларга ҳеч қандай ҳаётий хавф йўқ. Шунингдек, Фатиҳ туманида ташландиқ бино қулаб тушган, аммо ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабр кўрмаган.
Бош консулхона маҳаллий фавқулодда хизматлар билан доимий алоқада бўлиб, вазиятни кузатишда давом этмоқда. Ҳозирги вақтгача Ўзбекистон фуқаролари орасида жабрланганлар ҳақида маълумот келиб тушмаган.
Мавзуга оид

12:18 / 27.04.2025
Истанбулда ёнғин оқибатида Ўзбекистон фуқароси вафот этди

21:49 / 25.04.2025
“Истанбул чўкса, бутун Туркия чўкади” – зилзиладан кейин истанбулликлар кўчаларда тунади

21:24 / 25.04.2025
Мянмада зилзила ҳақида нотўғри прогнозлар тарқатган тиктокер ҳибсга олинди

17:40 / 24.04.2025