Ўзбекистон | 10:20 / 23.04.2025
2655
2 дақиқада ўқилади

6 ой давомида аукционда ижарага берилмаган объектларнинг бошланғич нархи 50 фоиз пасайтирилади

«2025 йил учун хусусийлаштириш дастури тўғрисида»ги президент фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш мақсадида:

- ижара шартномаси тузилган кундан ижарага олувчи томонидан йиллик ижара тўловлари 1 ой давомида тўланган тақдирда, унга йиллик ижара суммасидан мазкур шартнома тузилган санадаги Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида чегирма берилади;

- 6 ой давомида электрон онлайн аукцион савдоларида ижарага берилмаган объектларнинг бошланғич нархи 50 фоиз пасайтирилган қийматда белгиланади. Бунда бошланғич нарх пасайтирилганда ҳам ижарага берилмаса, ушбу аукцион унда 1 иштирокчи қатнашган тақдирда ҳам, истисно тариқасида, ўтказилган деб ҳисобланади.

2025 йил 1 июлдан Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бўлинмаларига «Давлат мулки» ахборот тизими орқали давлат ва давлат иштирокидаги корхоналар кўчмас мулк объектларини сотиш учун тўғридан-тўғри электрон онлайн аукцион савдоларига чиқариш бўйича ариза топшириш ҳуқуқи берилади.

Тадбиркорларни (жумладан, давлат иштирокидаги корхоналарни) тугатиш тўғрисида рўйхатдан ўтказувчи орган хабардор қилинган санадан уларнинг молия-хўжалик фаолияти тўхтатилади ҳамда ер солиғи, мол-мулк солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, шунингдек, барча турдаги солиқ ва йиғимлар бўйича пеняларни ҳисоблаб ёзиш, дивидендлар ҳисоблаш тақиқланади.

2025 йил 1 октябрдан эгасиз кўчмас мулк объектларини давлат мулки объекти сифатида давлат рўйхатига олиш бўйича мурожаатлар тегишли судга Давлат активлари агентлиги томонидан киритилади.

Мавзуга оид