“120 тезликда тормоз ишламай қолди” – Наманганда икки ўқувчи ижарага олинган Spark’да ЙТҲга учради
Янги Наманган туманида машина бошқариб ЙТҲга учраган мактаб ўқувчилари жароҳат олиб, шифохонага ётқизилди. Улар машинани 1 млн сўм эвазига 8 соатга ижарага олишгани маълум бўлди. Болалар автомобилни катта тезликда бошқариб бориб, йўл четидаги бетон тўсиққа урилган.

Фото: Видеодан кадр
Янги Наманган туманида ўқувчилар иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Бу ҳақда вилоят ЙҲХБ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ЙТҲ 15 апрел куни содир бўлган. Янги Наманган туманидаги 70-умумтаълим мактабининг 2 нафар 8-синф ўқувчиси Telegram’даги гуруҳдан Spark машинасини 8 соатга ижарага олишган. Бунинг эвазига машина эгасига 1 млн сўм беришган.
Ўқувчилар машинани катта тезликдан бошқариб кетаётиб йўл четидаги бетон тўсиққа бориб урилган. ЙТҲ оқибатида улар турли тан жароҳатлари олиб шифохонага ётқизилган.
“Энг ачинарлиси, ушбу болалар таҳсил оладиган мактабда вилоят ЙҲХБ томонидан муҳокама йиғилиши ўтказилган эди. Айнан шу болалар вояга етмаган ҳолда автомашина бошқаргани учун уларнинг ота-оналари, устозлари, масъуллар огоҳликка чақирилганди. Боланинг тегишли хулоса чиқармагани уни ҳалокатга етаклади”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, болаларга машинани ижарага берган шахснинг ўзи ҳали ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган. У машинани 12 апрел куни Тошкент шаҳрида яшовчи фуқародан сотиб олгани аниқланган. Spark эгаси қилган ишидан пушаймонлигини айтиб, қайтиб бу хатони такрорламаслигини билдирган.
“120 тезликда тормозим ишламай қолди. 1 млн сўмни дадамнинг ишхонасидан олдим. Дадамнинг бундан хабари бўлмади”, деган ЙТҲ пайтида машина бошқарувида бўлган ўқувчи.
Боланинг отаси Наманганда кўплаб ота-оналар фарзандлари ижарага олинган машинада ЙТҲга учраши ортидан азият чекаётганини айтиб, машинасини вояга етмаганларга ижарага бераётган “тадбиркор”ларни пул учун виждонини сотмасликка чақирган.
Kun.uz олдинроқ Наманганда машинани ноқонуний ижарага бериш “бизнес”га айланаётгани ва бунинг оқибатида болалар ҳалок бўлаётгани ҳақида хабар берганди.
Мавзуга оид

14:57
Тошкентда мингдан ортиқ одамни чув туширган шахс ушланди

08:06 / 07.05.2025
Тошкентда ЙТҲ оқибатида Epica автомобили ёниб кетди

13:41 / 06.05.2025
Фарғонада Nexia 3 ва Tico тўқнашувида бир киши ҳалок бўлиб, икки киши жароҳатланди

11:11 / 06.05.2025