Таиланд Мянмада қулликдан озод этилган 7 минг кишини ватанига юборди
Уларнинг аксарияти — 5,4 минг нафардан ортиғи Хитой фуқароларидир. Умумий ҳисобда озод этилган шахслар 30 дан ортиқ давлатларнинг фуқаролари ҳисобланади.

Фото: AP
Таиланд 2025 йил февралда Мянма билан чегара ҳудудида жойлашган фирибгарлик call-марказларидан озод этилган 7224 нафар чет эл фуқаросини ватанига қайтарди. Ушбу операция Мянма хавфсизлик кучлари кўмагида Таиланд ва Хитой ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамкорлигида амалга оширилди.
Таиланд ТИВ ахборот департаменти бош директори Никондет Пхалангкуннинг маълум қилишича, озод этилганларнинг умумий сони 9951 кишини ташкил этган бўлиб, уларнинг 7224 нафари аллақачон ватанига қайтган. 1,7 мингдан ортиқ одам айни вақтда Мянмада қолмоқда ва тез орада ўз ватанига юборилиш учун Таиландга жўнатилади.
Пхалангкуннинг сўзларига кўра, ватанига қайтарилган фуқароларнинг аксарият қисмини Хитой фуқаролари (5414 нафар) ташкил этади. Ундан кейинги ўринларни Индонезия (653 киши) ва Ҳиндистон (581 киши) эгаллаган. Умумий ҳисобда озод этилган шахслар 30 дан ортиқ давлатларнинг фуқароларидир.
Таиланд феврал ойида фирибгарлик билан шуғулланувчи call-марказлар жойлашган Мянманинг бешта туманига электр энергияси етказиб беришни тўхтатган эди. Қироллик ҳукуматининг маълум қилишича, телефон ва интернет фирибгарлиги муаммоси мамлакатга жиддий зарар етказган — 2022-2024 йиллар давомида 500 мингдан ортиқ таиландлик жиноятчилар қурбонига айланган. Етказилган зарар эса 60 миллиард батга (1,8 миллиард доллар) баҳоланади. Маълумотларга кўра, Мянмада фирибгарларнинг 17 минг қурбони бўлган бўлиши мумкин.
Мянмада интернет фирибгарлиги билан шуғулланадиган call-марказларда одатда алдов йўли ёки таҳдидлар орқали ишлашга мажбурланган чет эл фуқаролари фаолият юритади.
Мавзуга оид

19:45 / 28.04.2025
Таиландга борадиганлар учун янги талаб жорий этилди

17:31 / 28.04.2025
Тошкентда 5 кишига Германия визаси олиб беришни ваъда қилган шахс ушланди

21:24 / 25.04.2025
Мянмада зилзила ҳақида нотўғри прогнозлар тарқатган тиктокер ҳибсга олинди

17:41 / 25.04.2025