“Марказий Осиё кучлироқ ва фаровонроқ бўлишини истаймиз” - ЕИ элчиси билан эксклюзив интервю
Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари Тойво Клаар Kun.uzʼга эксклюзив интервю берди. Элчи Марказий Осиё билан стратегик ҳамкорлик, унинг йўналишлари, иқлим ўзгариши, жаҳондаги урушлар – Украина ва Ғазо, Афғонистондаги вазият, минтақавий жараёнлар, Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий кайфият ҳамда ислоҳотлар хусусидаги саволларга жавоб берди. Республикадаги инсон ҳуқуқлари ва медиа, сўз эркинлиги борасида ҳам элчи қарашларини баён қилди.

Самарқандда бўлиб ўтган саммитда Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатларининг алоқалари расман стратегик ҳамкорлик даражасига чиқди. Еврокомиссия президенти минтақа билан 4 йўналишда яқин шерикликни эълон қилиб, бунга 12 млрд евро ажратилишини билдирди. Kun.uzʼга эксклюзив интервю берган Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари – Тойво Клаар билан суҳбат айнан шу стратегик ҳамкорликдан бошланди.
“ЕИ қандайдир ғалабани истаб стратегик ҳамкор бўлмади”
Европа Иттифоқи бугун дунёнинг 2-катта иқтисоди, либерализмнинг асосий ҳомийси ва жаҳоннинг энг либерал қарашли минтақаси. Кўп қутбли дунёда гегемонлик учун асосий беш номзоднинг бири ҳам – Евроиттифоқ. Жаҳондаги геосиёсий жараёнларнинг бориши ҳамда асосий қарорларнинг қабул қилинишида Брюсселнинг позицияси ўта муҳим аҳамият касб этади. Марказий Осиё билан иттифоқ стратегик ҳамкорларга айланаркан, минтақада геосиёсий манфаатлари кесишган гигант давлатларнинг бунга қараши – муҳим. Элчи Тойво Клаарга кўра, Евроиттифоқ Марказий Осиё билан эксклюзив алоқаларни ёки геосиёсий ғалабани кўзламайди.
-Келинг, аввало Самарқандда ўтган охирги Европа Иттифоқи–Марказий Осиё саммитига тўхталамиз. Беш давлат расман иттифоқнинг стратегик ҳамкорига айланди. Хўш, Марказий Осиё Европа учун ўзи приоритетми?
“Европа Иттифоқи учун Марказий Осиё танланган ҳамкор. Биз минтақанинг ҳар бир давлати билан ҳам алоҳида-алоҳида, ҳам беш давлатни қўшганда бир ягона минтақа сифатида алоқаларимизни давом эттириб келяпмиз. Иттифоқ минтақанинг қўлловчиси бўла олади деган умидимиз бор. Халқаро муносабатларда қизиқишларимиз умумий ва ўхшаш, БМТ низоми ва халқаро ҳуқуқ қонун-қоидаларидан келиб чиқиб, қарашларимиз ҳам яқин. Шу билан параллел равишда ҳозирги дунёда савдо алоқаларини яхшилаш ва савдо йўлларини очишдан биз ҳам манфаатдормиз. Сиёсий алоқаларни яхшилаш билан келажакда икки томон ҳам бир бутун минтақа сифатида реал ишлаш имконини кўряпмиз. Марказий Осиёнинг эса барча президентлари бунга ўз симпатиясини билдириб бўлди” – Тойво Клаар, ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари
-Сизнингча айни масалага минтақада манфаатлари кесишган гигант давлатларнинг реакцияси қандай бўлади, масалан, Россия ва Хитойнинг, керак бўлса – АҚШ, Туркия ва Ҳиндистоннинг ҳам?
“Биринчидан, биз Европа Иттифоқи сифатида, ҳеч қандай эксклюзив муносабатларга интилмаймиз. Марказий Осиё билан эришмоқчи бўлган ва биз таклиф қилаётган нарса бу давлатларнинг ҳам манфаатларини кўзлаган. Ва биз қандайдир ғалаба қозонадиган муносабатларни ўрнатиш ниятида эмасмиз, бунда нафақат Европа Иттифоқи манфаатлари, балки Марказий Осиё давлатлари интилиши ҳам кўринади. Чунки мен чин дилдан ишонаманки, Марказий Осиё давлатлари қанчалик кучли бўлса, халқаро майдонда улар ўз манфаатларини шунчалик ҳимоя қила олади. Бу Европа Иттифоқи учун ҳам фойдали, чунки биз кучли ва ғурурли Марказий Осиё давлатларини, Ўзбекистонни кўришни истаймиз, бу мамлакатлар ҳам халқаро майдонда муҳим ўйинчилар бўлишини хоҳлаймиз” – Тойво Клаар, ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари
“Ўзбекистонда эркинроқ жамият қуриш учун ёрдамга тайёрмиз”
АҚШда Доналд Трамп президентликка қайта сайланар экан, катта қадамлар билан бу давлат авторитар тизимга ўтмоқда. Шундай шароитда Европа энг либерал минтақа бўлиб қолмоқда. Марказий Осиё билан алоқалар фақат транспорт-савдо, энергетика йўналишларида эмас, фаровон давлатларнинг кучли элементи ҳисобланган демократик, инсон ҳуқуқлари юқори таъминланган жамиятни қуриш бўйича ҳам давом этиши керак.
- Самарқанддаги саммитда сўзга чиққан Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляйен Марказий Осиё билан асосан тўрт йўналишда ҳамкорлик белгиланганини эълон қилди. Булар савдо йўллари, муҳим ва фойдали хомашёлар, яшил энергия, сунъий интеллект ва рақамли боғлиқлик. Лекин менинг фикримча, Евроиттифоқ билан муносабатларда қандайдир чегара бўлиши ёки шу тўрт йўналиши билан алоқалар чекланиши керак эмас. Маҳаллий экспертларга кўра, Европа бу минтақани инсон ҳуқуқлари медиа ва сўз эркинлигини таъминлаш бўйича ҳам қўллаши лозим. Хўш, яна қайси йўналишларда бирга ишлайсиз, қандай режалар бор?
“Факт шуки, бизнинг алоқаларимиз аллақачон ташкил топган. Ўзбекистон билан дипломатик алоқаларимиз ўрнатилганига 30 йил бўлди. Ўтган йиллар мобайнида бизнинг ҳамкорлигимиз йўналишлари кўпайиб борди. Таълимда масалан Эрасмус+ дастурлари ўзбек грант олувчилари ҳамда талабаларини Европа муҳити, стандартларига мослаштирди. Албатта, замонавий жамиятни қуришда Европа Ўзбекистонга ёрдам беришни истаган, Ўзбекистоннинг ўзида ҳам бунга ижобий қаралади. Шу нарса аниқки, минтақанинг беш давлати билан биз фақат қайсидир соҳаларда ҳамкор бўлиб, қолганида четда турмадик. Хавфсизликдан тортиб иқтисодий алоқаларгача, Марказий Осиёдаги жамиятларни ривожлантиришда биз мутлақ диалогларимизга эга бўлиб келдик” – Тойво Клаар, ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари
-Нега мен бу саволни беряпман? АҚШда Доналд Трамп президентликка келгач бу давлат либерализмга қўл силтаяпти, шундай шароитда Европа Иттифоқи дунёдаги энг либерал минтақа ва энг асосий либерализм ҳомийси бўлиб қолмоқда. Иттифоқ минтақа ва Ўзбекистондаги демократия, медиа ва сўз эркинлигига, бу борада келажакда ҳам ўзгаришлар бўлишига ишонадими?
“Қонун устуворлиги, индивидуал эркинликнинг ўта муҳим эканини тан олиш – иқтисодиётнинг ривожи учун керак эканига ишончимиз доим комил бўлган. Жамиятда яшовчи инсон ўзини эркин тутиб, аввало ўзининг қонун ҳимоясида эканини ҳис қилса, бундай индивид таваккалчиликдан қўрқмайди. У тажриба қилади, нимадирларга уриниб кўради ва охир-оқибат ўзи учун ҳақиқатлар яратади, дунёни кашф қилади. Эркин, муваффақиятли жамиятни қуриш эса ўша давлатларнинг иқтисодий тараққиёти қандай бўлишини таъминлайди. Буни фақат Европа хоҳлаяпти, бу фақат Европага тегишли деган гаплардан йироқ бўлиш керак. Бизнинг позициямиз аниқ, иттифоқ қўллаб-қувватлашга тайёр, биз Ўзбекистоннинг бойроқ бўлишини истаймиз. Инсоний эркинликларни эса одамларнинг ўзига қўйиб бериш – ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Ҳа, Ўзбекистонда ислоҳотлар қилиняпти, Мирзиёевни тингласак, булар ҳали тугамади. Шундай экан мен яна бир бор таъкидлайман, бу давлатда озодроқ, эркинроқ жамият қуриш учун биз қўлимизни чўзишга тайёрмиз” – Тойво Клаар, ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари
“Ислоҳотларга Европа эмас, раҳбарлар ва халқнинг ўзи ишониши муҳим”
- Ўзбекистондаги иккинчи маъмурият президент Мирзиёев даврида кўпроқ давлатлар билан кенгроқ ҳамкорликни танлаяпти. Лекин босимлар ҳам ошиб бормоқда. Мирзиёев бир неча маротаба Францияга борди, Германия, Венгрия ва Италияга борди. Яъни Ўзбекистон Европа билан ишлашни хоҳлайди. Брюссел расмий Тошкентнинг ислоҳотларига ишонадими?
“Умуман олганда, гап бизнинг ишониш-ишонмаслигимизда эмас. Ўзбекистондаги ҳокимият органлари, раҳбарлар, халқнинг ўзи бу ислоҳотлар натижасига, инсонлар ҳаётини ўзгартира билишига аввало ишониши керак. Бу ўзгаришлар тўхтаб қолмаслиги, давом этиши жуда муҳим. Президентнинг ўзи ҳам айтганидек, мен ҳам шу фикрдаман, ҳа анча ишлар қилинди, лекин унданам кўпроқ қилиниши керак бўлган вазифалар ҳали бор. Европа Иттифоқи эса бу йўлда фақат қўллай билади” – Тойво Клаар, ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари
“Европа бизнеслари учун Марказий Осиёга ягона ҳудуд деб қараш – қулайроқ”
- Европа Иттифоқи дунёдаги иккинчи катта иқтисодиёт. Ўзбекистон бозори европалик тадбиркорлар ва иттифоқнинг ўзи учун қанчалик жозибадор ҳамда қизиқ?
“Марказий Осиёда жами 80 миллионга яқин аҳоли бўлса, шундан энг кўпи бир Ўзбекистоннинг ўзида, яъни 38 миллион. Яқинда президент Мирзиёев билан кўришганимда унинг сўзларидан Ўзбекистон Марказий Осиёга ягона минтақа деб қарашни маъқул кўришини, 5 давлат ичидаги ўзаро тўсиқларни олиб ташлаш тарафдори эканини тушунганман. Инвесторлар учун ҳам ташқаридан минтақани ягона бозор деб билиш қулайроқ, шундагина уларнинг биргаликдаги иқтисодиёти жозибалироқ ҳам бўлади. Регион бўйлаб заводлар қурилади, инвестиция киритиш осонроқ кечиб, олди-сотди фаоллашади. Давлатлар ўзаро тўсиқларни олиб ташласа, бизнеслар учун бу иқтисодиёт яхшироқ фойда олиб келолади, улар шу кўз билан қарайди” – Тойво Клаар, ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари
“Транскаспий транспорт коридоридаги кемалар етишмаслиги муаммо туғдирмоқда”
- Европа комиссияси президенти Ляйен Самарқанддаги саммитда савдо коридорлари ҳақида кўп гапирди ва 4 йўналишдан бири ҳам айнан шу. Айни пайтда минтақа интилаётган савдо коридорлари, уларнинг қурилиши ва ишга тушиши ишларида Европанинг роли қандай бўлади?
“Марказий Осиёни Кавказ орқали Европа билан боғлайдиган Транскаспий савдо коридори биз учун жуда муҳим аҳамият касб этади. Минтақанинг беш давлати билан доим ишлаб келганимиздек бу савдо коридорини молиявий ва техник жиҳатдан қўллашга Европа Иттифоқи тайёр. Бундан ташқари, орадаги масофани қисқартиришга хизмат қилувчи бошқа транспорт йўлаклари бўйича ҳам давлатлар билан алоҳида-алоҳида диалогларимиз давом этяпти, бу бўйича ёрдамга очиқмиз. Бизнес доиралари ва транспорт компаниялари учун ҳам товарни бир жойдан иккинчи жойга кўчиришда вақт муҳим, камроқ вақт олиб, тезда етказиш, масофани қисқартирувчи йўлларга муҳтожмиз. Бож нархлари, узоқ текширувлар, Каспий денгизида кемаларнинг етишмаслиги каби муаммолар ҳалиям ечилмаган. Каспийда кемалар камлиги боис товарлар бир неча кун кутишга мажбур, бу эса вақтни олади. Бундан ташқари, Кавказни Марказий Осиё билан боғловчи темирйўл мавжуд эмас. Европа Иттифоқи 3 миллиард еврони айнан минтақа билан савдо коридорлари, йўлларни яхшилаш учун ажратмоқда. Биз бу йўллар ростдан ҳам қулай бўлишини ва бизнес вакилларига кўпроқ фойда олишлари учун имкон беришини таъминлаш учун ҳали қиладиган ишлар кўп деб биламиз” – Тойво Клаар, ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари
“Украина адолатсиз тинчликка зўрланмаслиги керак”
- Менинг кейинги саволим Ўзбекистоннинг дунёдаги воқеалар, турли можаро-ю урушлар бўйича позициялари хусусида. Расмий Тошкентнинг қарашларига Европа Иттифоқининг муносабати қандай? Масалан, Украина ва Ғазодаги урушнинг тугаш палласида президент Мирзиёев бир неча маротаба дипломатия ҳақида гапирди. Лекин уруш бошланганда бирор Марказий Осиё давлати бу ҳақида аниқ позициясини айтмади. Умуман Украина уруши 2022 йилда бошлангандан бери Ўзбекистоннинг ҳаракатларини қандай баҳолайсиз?
“Ҳа, биз қўшиламиз, ҳар битта уруш ва конфликтлар охирида дипломатия ва келишувлар билан якунига етиши керак. Аммо-лекин Украина мавзусида Европанинг қараши аниқ ва вазият равшан - урушда ягона агрессор давлат бу – Россия, ягона қурбон эса – Украина. Дипломатия орқали муваффақиятли келишувга эришиш учун Украина ушбу музокаралар якунида келгусида ҳам ўзини ҳимояланган ҳис қилиши керак, Украина мустаҳкамланишига бу хизмат қилиши керак. Дипломатия орқали эришилиши керак бўлган тинчлик Украинанинг ҳам миллий манфаатлари ва қизиқишларини ҳимоя қилиши керак бўлади. Биз келишув ва дипломатия принципларига розимиз, буни тан оламиз, лекин барқарор ва адолатли бўлмаган тинчликка Киев мажбурланмаганига ишонч ҳосил қилишимиз керак бўлади” – Тойво Клаар, ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари
“Медиа – душман эмас, дўст”
Ўзбекистонда медиа муҳит жуда муҳокамаларга бой. Иккинчи маъмурият даврида медиа компанияларнинг сони кўпайди, бироқ эркинлик борасида муаммоларимиз бор. Медиа эркинлиги жамиятда нима бўлаётганини реал кўриш ва реал баҳолаш учун зарур деб ўйлайман. Журналист ва блогерларнинг қамалиши, ҳибсга олиниши борасида хабарларга тез-тез кўзимиз тушади. Ўзбекистон медиа эркинлигини таъминлаш учун нималар қилиши керак?
“Биринчи навбатда, эркин оммавий ахборот воситалари фаровон жамиятнинг муҳим воситаси ва муҳим элементидир. Чунки эркин оммавий ахборот воситалари муваффақиятга ҳам, муваффақиятсизликка ҳам эътиборни қаратади. Ва буни қарор қабул қилувчиларнинг эътиборига шундай етказаманки, эҳтимол, ҳар доим ҳам сиз ҳақ бўлмайсиз. Демак, эркин оммавий ахборот воситалари тўғри қарорлар қабул қилишда жуда муҳим, давлат раҳбарлари тўғри қарор қабул қилолмади, медиа бунга, албатта, эътибор қаратади. Буни билган, тан олган раҳбарлар эса ўйлаб қарор қабул қилади. Журналист маълум бир амалдорларнинг ножўя хатти-ҳаракатларига эътибор қаратмоқчи бўлса, у қандайдир сиёсатни танқид қилмоқчи бўлса, унда эркин бўлиши керак, чунки бу мамлакат манфаатларига, жамият манфаатларига тўғри келади. Шундай қилиб, биз Ўзбекистонда кучли оммавий ахборот воситаларининг ривожланишини қўллаб-қувватлашда дадилмиз ва буни давом эттирамиз. Кучли ва фаровон жамиятнинг элементи – эркин медиада деб биламан” – Тойво Клаар, ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари
“Саида Мирзиёева иштиёқи баланд инсонга ўхшайди”
Давлатда медиа эркинликни таъминлашда президентнинг қизи ва ёрдамчиси Саида Мирзиёеванинг фаоллиги бор. У ҳокимият векторида аллақачон муҳим фигура, Самарқанд саммитида ҳам президентлар Мирзиёева билан кўришганини кузатдик. Мирзиёеванинг фондлари, ташкилотлари бутун дунёда ўзбек маданиятини тарғиб қилмоқда. Унинг фаоллиги ҳақида сизнинг фикрингиз қандай?
“Мен Саида Мирзиёева билан учрашдим ва биз жуда яхши суҳбатлашдик. У аёллар ва хотин-қизлар ҳуқуқлари бўйича анча гапирди, у жуда иштиёқи баланд инсонга ўхшайди ва ростданам бу жуда муҳим мавзу. Чунки Ўзбекистонда аёллар жамиятнинг тенг ярми дегани ҳамда аёллар бугун республика иқтисодиётининг ҳам фаол иштирокчиси. Сиёсатнинг фаол иштирокчиси сифатида Мирзиёеванинг бундай тарғиботи жамият учун муҳим. Шундай қилиб, биз у билан жуда яхши муҳокамада бўлдик, мен у билан бошқа йўналишларда ҳам ишлашни кутиб қоламан”.
“Афғонистон билаш ишлашда ўта эҳтиёткормиз”
- Афғонистон Ўзбекистоннинг қўшниси, бу давлатда тинчлик ва барқарорлик бўлиши Ўзбекистон учун жуда муҳим. “Толибон” ҳукумати ҳали расман тан олинмади, аммо бу ҳукумат билан ҳамкорлик ва алоқалар давом этмоқда. Европа Иттифоқи томонидан “Толибон”ни тан олиш ёки улар билан алоқа ўрнатиш борасида қандай режалар бор?
“Биласизми, Европа Иттифоқи Афғонистонда ҳалиям мавжуд. Биз Кобулдаги дипломатик ваколатхонамизни ҳеч қачон ёпмаганмиз. Биз Афғонистонга 100 миллион евродан ортиқ гуманитар ёрдам кўрсатмоқдамиз. Шундай қилиб, биз Афғонистон билан алоқамизни умуман узганимиз йўқ. Сиёсий миқёсда Афғонистон табиий равишда Ўзбекистон учун муҳим устувор йўналиш эканини тушунамиз ва бу Марказий Осиёнинг барча давлатлари учун ҳам муҳим масаладир. Биз бу ерда ҳокимият томонидан тутилаётган позицияларни тўғри тушунамиз. Аммо шу билан бирга, Европа Иттифоқи сифатида биз Кобулдаги амалдаги ҳокимиятдан аёллар ва қизларга нисбатан сиёсатда ҳақиқий ўзгаришларни кутяпмиз. Гап шундаки, “Толибон” ҳокимиятни эгаллаб олганидан сўнг афғон жамиятида аёллар ва қизлар бутунлай четга суриб ташланди ва биз Европа Иттифоқи сифатида бундай бўлишини истамаймиз. Биз Ўзбекистон расмийлари билан Афғонистон бўйича нима қилиш керак дея кўп мулоқот олиб бордик. Шу билан бирга, Афғонистон фуқароларининг ярми асосий ҳуқуқлари оёқости қилинаётганини кўраётган ҳозирги шароитда биз де-факто ҳокимият билан ҳамкорлик қилишда ҳамон эҳтиёткор бўламиз” – Тойво Клаар, ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари
Интервюни Kun.uzʼнинг YouTube саҳифасида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.
|Шоҳрух Мажидзода суҳбатлашди.
Мавзуга оид

12:10
ЕИ АҚШ товарларига 100 млрд евролик янги божларни тайёрлаяпти

15:40 / 06.05.2025
Европа Иттифоқи Путинга Украинага ҳарбий ёрдамни икки баравар ошириш билан таҳдид қилди

13:48 / 06.05.2025
Европа Иттифоқи 2027 йил охирида Россиядан барча газ импортини тақиқламоқчи

18:37 / 02.05.2025