Ўзбекистон | 12:35 / 17.04.2025
14859
5 дақиқада ўқилади

Айрим ҳудудларда ҳарорат нол даражагача пасаяди. Боғдорлар ва деҳқонлар нима қилиши керак?

17—18 апрель республиканинг кўплаб вилоятларида кучли ёғингарчиликлар, 19 апрель тонгги муддатларда тоғ ва айрим тоғ этакларида ҳарорат нол даражагача пасайиб, совуқ уриш ҳодисаси кузатилиши мумкин. Боғдор, деҳқонлар нима қилиши керак? Kun.uz студиясида иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов ўз таҳлиллари билан бўлишади.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

-      Бўлиб ўтган ёғингарчиликлардан хулоса қилиб, бу ёғига нималарни кутишимиз мумкин?

-      Ҳар кунлик прогнозлар бўйича ўхшашликлар бўляпти, биз айтадиган тахминларимиз устма-уст тушяпти. Баҳор бошланиши кўп ўсимликлар учун асосий ҳал қилувчи палладир – ёмғирлар ёғиши керак ёки суғориш керак. Ва республиканинг кўплаб қишлоқ хўжалик экин майдонлари мавжуд бўлган вилоятларимизда ёмғирлар кузатилди. Ижобий вазият картамизда кўриняпти. Сурхондарё, Қашқадарё ҳамда Тошкент вилояти, Наманган вилояти, шимолий ҳудудлари, Андижон вилояти, шарқий ҳудудлари, Жиззах, Самарқанд, Сирдарё вилоятларида етарлича ёмғир ёғди.

Бу йил боши лалми ҳудудларимиз: Жиззах, Тошкент, Қашқадарё, Сурхондарё учун етарлича намлик келтирди. Афсуски, Бухоро, Навоий вилоятларида вазият яхшимас, Бухоро вилоятининг Қоракўл, Олот туманларида бир томчи ёмғир тушмади. Табиийки, сув хўжалик тузилмаси келгуси ишларда буни ҳисобга олиши керак. Мана шу карта асосида ҳам бемалол қайси вилоятга қанча сув ресурсларини йўналтириш бўйича чора-тадбирларини тезкор тарзда ишлаб чиқишлари мумкин.

-      Бу ёғига кутилмалар қандай?

Кўплаб ҳудудларимизда ёғингарчилик бор. Бинафша рангли ҳудудларимизда 12 соат давомида беш-эллик миллиметргача ёмғир ёғиши мумкин. Яъни жала қуйиши мумкин. Бу баҳор ойининг бошидаги жала кўринишида эмас, кўпроқ қатқалоқни келтириб чиқаради ва ўсимликларга кўпроқ зарар келтириши мумкин бўлган жараёнлардир. 18 апрел куни тоғли ҳудудларимиз, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоят ҳудудларида, айниқса, водий вилоятларида ёғингарчиликлар бўлиши кутилмоқда, айрим ҳудудларда ҳатто 50 миллиметр оралиғида. Бу қанча? Бу бир гектарга 500 тоннага яқин сув дегани. Бу пахта, буғдойни суғориш мумкин бўлган ҳудудларда суғориш учун керакли бўлган сувларнинг ярми ёмғир кўринишида таъминланиши прогнозларда келтирилмоқда.

-      Бухороликлар нимага тайёрланиши керак? Кучли шамоллар бўлиши мумкинми? Плёнкани учириб кетиши – шундай ҳодисалар бўлиши мумкинми?

-      Тўғри савол. Шамол тезлиги 15 метр-секунддан ортганда қишлоқ хўжалик маҳсулотларига тўғридан тўғри хавф юзага келади. Буғдойлар ётиб қолишини масалан. Лекин ҳозир қишлоқ хўжалигида жуда катта талафотлар келтирадиган ҳодиса кутилмаяпти.

-      Туркияда кучли совуқлар бўляпти, ҳатто қор ёғиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини совуқ уриши ҳодисалари бўляпти. Бу бизнинг Ўзбекистонга етиб келиши мумкинми?

-      Антициклон аста-секин бизга тинимсиз жанубдан нам ҳаво оқимлари кириб келишини таъминлайди. Антициклон Қозоғистон ҳудудларидан ўтади. Ҳарорат нол даражадан пасайиб кетиши мумкин. Яъни Қозоғистонда ҳозир вегетация даври ва Қозоғистон айни ҳозирги уч-тўрт кунликда совуқ уриш жараёнларига тайёрланиши керак. Бизнинг ҳудудларимизда ҳам, айрим тоғли ҳудудларда шундай прогнозларни кўрсатяпти. 19 апрел тонгги муддатларда нам ҳаво оқимлари тўлиқ ўтиб бўлганидан кейин қуёш чиқишидан олдин ҳароратнинг кескин пасайиб кетиши юз беради. Айниқса, Самарқанд вилоятининг шимолий ҳудудлари, Қўшработ тоғ этаклари, Қашқадарё тоғ ҳудудларида ҳарорат нол даражада пасайиб, ёмғирнинг қор кўринишига ўтиши кутилмалари мавжуд.

19 апрел тонгида шимолий ҳудудларимизда нол даражага яқин ҳарорат кузатилиши мумкин. Нурота тоғ тизмалари ёки Тошкент, Фарғона водийси, Наманган вилоятининг тоғ этакларида нол даражага яқин ҳаво ҳарорати кузатилиши мумкин. Бу ўз-ўзидан совуқ уриш ҳодисасини беради. Ҳатто Фарғона водийси вилоятларида, Сўх, Шоҳимардон ва Фарғона водийсининг жанубий туманларида ва Наманган вилоятининг Янгиқўрғон ҳамда Косонсой туманининг шимолий, Чуст тумани шимолий ҳудудларда, Поп тумани тоғли ҳудудларида, табиийки Тошкент вилоятининг тоғолди ҳудудларида, Қашқадарё, Сурхондарё ҳамда Самарқанд, Жиззах вилоятининг тоғолди ҳудудларида ҳаво ҳарорати нол даражага бир муддат пасайиш прогнозлари мавжуд, аммо бу давомли эмас. Совуқ уриши 6-7 соат ёки 12 соат давом этса, қишлоқ хўжалигига кўпроқ таъсир қилади. Ҳозирги кутилмаларимиз унақамас.

Камолиддин Икромов суҳбатлашди.

Мавзуга оид