1-2 қаватли уйлар қурилиши бўйича хусусий сектор назорати ўрнатилади
1 июлдан бошлаб баландлиги 2 қаватдан, умумий майдони 500 квадрат метрдан ошмайдиган якка тартибдаги уй-жойлар ва кичик ҳажмдаги нотурар бино-иншоотларни қуриш ва реконструкция қилиш ишлари хусусий сектор назоратига топширилади. Хусусий қурилиш назорати олиб борилмаганда ёки назоратни олиб борган лойиҳачининг ижобий хулосаси мавжуд бўлмаганда, объект фойдаланишга қабул қилинмайди.

Фото: Fotolia
“Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида давлат назоратини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди.
2025 йил 1 июлдан:
🔹якка тартибдаги уй-жойлар ва кичик ҳажмдаги нотурар бино ва иншоотларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишлари юзасидан қурилиш назорати хусусий сектор томонидан олиб борилади;
🔹хусусий қурилиш назорати объектларида қурилиш якунига етгандан сўнг лойиҳачи томонидан “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида хулоса шакллантирилади ва буюртмачига тақдим этилади;
🔹қурилиши тугалланган объектдан фойдаланиш учун рухсатнома бериш тегишли туман (шаҳар) қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлимлари томонидан амалга оширилади;
🔹хусусий қурилиш назорати олиб борилмаганда ёки назоратни олиб борган лойиҳачининг ижобий хулосаси мавжуд бўлмаганда объектларни фойдаланишга қабул қилиш тақиқланади.
Қуйидагилар хусусий қурилиш назорати объектлари ҳисобланади:
▪️2 қаватдан юқори бўлмаган, баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлмаган якка тартибдаги уй-жойлар;
▪️қурилиш ҳажми 300 метр кубдан ортиқ бўлмаган нотурар бино ва иншоотлар ҳамда енгил турдаги (конструкцияли) қурилмалар.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2021 йил 1 мартдан бошлаб 2 қаватдан юқори шахсий уйлар қурилишида қурилиш инспекцияси назорати ўрнатилган эди.