Ўзбекистон | 19:31 / 15.04.2025
6048
3 дақиқада ўқилади

Инфляцияни ўлчаш: нархлар қандай кузатилади?

Ўзбекистонда инфляцияни кузатиб бориш учун ҳар ойда 170 турдаги озиқ-овқат, 250 турдаги ноозиқ-овқат ва 90 турдаги хизматлар нархлари ўрганиб чиқилади. Kun.uz мухбири Эски жўва бозорида ўтказилган навбатдаги нарх кузатувларида статистика ходимларига ҳамроҳлик қилиб, жараён қандай кечишини ўрганди.

Миллий статистика қўмитаси ҳар ой мамлакатдаги инфляция даражасини ҳисоблаш бўйича бозорлар, супермаркетлар ва бошқа катта-кичик савдо тармоқларида нарх кузатувларни амалга оширади. Шунга асосан, ҳар ойнинг сўнгги кунида инфляция даражаси эълон қилиб борилади.

Истеъмол нархлари индексига 170 турдаги озиқ-овқат, 250 турдаги ноозиқ-овқат ва 90 турдаги хизматлар киритилган. Нархлар ҳақидаги маълумотлар ойнинг 10-20-саналарида республика бўйлаб, одамлар кўп савдо қиладиган 4 мингдан ортиқ объектлардан йиғилади. Бу жараёнда статистика ходимлари махсус дастурга эга планшетлардан фойдаланади.

Бевосита жойига чиққан ҳолда ўрганиладиган товар ва хизматлар нархини ходим ўша жойга бормасдан туриб дастурга кирита олмайди, бунда планшетнинг геолокацияси орқали ходим ҳақиқатан ҳам шу жойда тургани тасдиқланади.

Статистика ходими нархларни кузатаркан, сотувчилардан нарх-навони оғзаки сўраб, тизимга киритиб боради. Уларнинг қаерга бораётгани, бир кунда қанча иш бажарганини Миллий статистика қўмитаси онлайн назорат қилади. 11 апрел куни Kun.uz мухбири шу жараён билан танишиш мақсадида қўмита вакиллари билан Тошкентдаги Эски жўва бозорида бўлди.

Маълум бўлишича, у ёки бу маҳсулот ўтган ойда бозордаги қайси савдо растасидаги нечанчи сотув жойида рўйхатга олинган бўлса, бу гал ҳам худди шу жойдаги нархлар суриштирилади.

Савдо нуқталарини танлаб олишда харидори кўплигига қараймиз. Мутахассисларимиз келиб, шу жойда савдо гавжумми, кузатади”, – дейди Статқўм нархлар статистикаси бошқармаси бошлиғи Мухтор Умаров.

Унинг сўзларига кўра, республикадаги 206 та туман (шаҳар)дан аҳоли сони ва савдо айланмаси юқори бўлган 60 таси нарх кузатувлари учун танлаб олинган. Ҳар ойда 170 мингга яқин нарх қайд этиб борилади.

Нархлар кузатиладиган объектлар сони камайтириб борилмоқда, бу – кўплаб товар ва хизматлар нархини электрон тарзда олишга ўтилаётгани билан боғлиқ. Бу ҳолатда нархлар, хусусан, солиқ органлари билан интеграция орқали олинади. Яна бир қатор нархларни бевосита компанияларнинг ўзлари қўмитага тақдим этиб боради.

Kun.uz мухбири Чорсуга келган харидорлардан апрел ойида қайси маҳсулотлар нархида ўсиш ёки тушиш кузатилгани ҳақида сўради. Респондентларга кўра, гўшт, помидор, ёғ нархлари қимматлаган, кўкатлар, сабзавотлардан бодринг арзонлаган.

Шаҳзод Ўроқбоев

Мавзуга оид