Жаҳон | 19:41 / 15.04.2025
3275
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Россиянинг Сумига зарбасини қораловчи G7 резолюциясини блоклади

Доналд Трамп маъмурияти ўз қарорини «тинчлик бўйича музокаралар учун имконият сақлаб қолиш устида иш олиб бораётгани» билан изоҳлади.

Фото: REUTERS

АҚШ «Катта еттилик» (G7) таркибига кирувчи давлатларни Россиянинг Сумига уюштирган ракета зарбаларини қораловчи қўшма баёнотни имзоламаслиги тўғрисида хабардор қилди, деб ёзмоқда Bloomberg.

Дипломатик ёзишмалар мазмунидан хабардор агентлик манбаларининг маълум қилишича, АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти ўз қарорини «тинчлик бўйича музокаралар учун имконият сақлаб қолиш устида иш олиб бораётгани» ва Россия ҳукумати билан алоқада экани билан изоҳлаган.

2025 йилда «Катта еттилик»ка раислик қилаётган Канада G7’нинг бошқа иштирокчиларини АҚШ қўллаб-қувватловисиз резолюцияни қабул қилишнинг имкони йўқлиги тўғрисида хабардор қилишга мажбур бўлган. Қайд этилишича, баёнотда Сумига ҳужум Россия урушни тўхтатиш ниятида эмаслигига исбот бўла олиши келтирилган.

РФ армияси 13 апрел куни Суми шаҳри марказига иккита «Искандер» баллистик ракетасини учирди. Украина расмийларининг маълумотларига кўра, ҳужум оқибатида 35 киши, жумладан, икки бола ҳалок бўлган, яна 119 киши яраланган. Россия Мудофаа вазирлиги ҳужум Украина Қуролли кучларининг «Северск» тезкор-тактик гуруҳи қўмондонлик таркиби йиғини ўтказилган жойга берилганини ва 60 дан ортиқ ҳарбий хизматчи «йўқ қилинганини» билдирди. Украиналик айрим расмийлар шу куни Сумида 117-бригада ҳарбийларини мукофотлаш маросими бўлиб ўтганини тасдиқлади. Шунингдек, тармоқларда ҳалок бўлган ҳарбийлар тўғрисида бир нечта некрологлар ҳам пайдо бўлган.

Володимир Зеленскийнинг маълум қилишича, Россиянинг Сумига берган зарбасидан сўнг 50 га яқин давлат ва халқаро ташкилотлар Украинани қўллаб-қувватлаган. Европанинг бир қанча етакчилари, жумладан, Франция президенти Эммануэл Макрон, Буюк Британия бош вазири Кир Стармер, Чехия президенти Петр Павел ва Полша бош вазири Доналд Туск ҳам Кремлни қоралаган. Германиянинг бўлажак канцлери Фридрих Мерц эса зарбани «ҳарбий жиноят» ва «ақл бовар қилмайдиган шафқатсизлик» деб атади.

Мавзуга оид