Жаҳон | 23:08 / 11.04.2025
12461
2 дақиқада ўқилади

Япониядаги сунъий оролларда жойлашган аэропорт денгиз остига ғарқ бўлиши мумкин

Сув остига чўкиб бораётган Кансай халқаро аэропорти 20 млрд доллар эвазига қурилган ва 1994 йилда фойдаланишга топширилган.

Фото: Bild

Осака кўрфазидаги иккита сунъий оролда жойлашган Кансай халқаро аэропорти ҳаддан ортиқ оғир инфратузилма туфайли чўкиб кетиши мумкин, деб ёзади Bild.

Аэропорт 20 миллиард доллар эвазига қурилган ва 1994 йилда очилган. Айни вақтда у йилига 30 миллиондан зиёд йўловчига хизмат кўрсатади. Аэропорт Япониянинг материк қисми билан 3,75 километрли кўприк орқали боғланган.

Қайд этилишича, аэропорт конструкцияси ҳатто кучли зилзилага ҳам бардош бера олади: учиш-қўниш йўлагига махсус асфалт-бетон аралашма қуйилган бўлиб, у емирилиш ва деформацияга бардошли.

Ушбу ҳаво бандаргоҳининг асосий муаммоси — аэропорт оғирлиги лой ва балчиқдан иборат денгиз тубига босим ўтказаётганида. Аэропорт фаолиятининг дастлабки йилларида муҳандислар у 50 йил давомида 8 метрга чўкишини тахмин қилган, аммо Кансай аэропорти фойдаланишга топширилган вақтдаёқ мазкур кўрсаткичдан ўтиб кетилган.

Бугунги кунда ҳаво бандаргоҳи 11,5 метргача чўккан, 2056 йилга бориб конструкция бутунлай сув остига ғарқ бўлиши мумкин.

Кансай аэропорти дунёдаги энг узун терминал биносига эга — 1,7 километр. Шунингдек, у багажларни қайта ишлаш бўйича ўзига хос кўрсаткични қайд этган: бу ерда шу вақтгача бирорта ҳам багаж йўқолмаган.

Мавзуга оид