Жаҳон | 16:53 / 08.04.2025
1995
2 дақиқада ўқилади

Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шаръанинг акаси президент маъмурияти бош котибига айланди

Журналистлар Моҳир аш-Шаръа 2014-2021 йилларда «Россия темирйўллари»га қарашли Воронеждаги шифохонада ишлаганини аниқлади.

Фото: AP

Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шаръанинг акаси Моҳир аш-Шаръа президент маъмурияти бош котибига айланди. Унинг тайинлангани ҳақида апрел бошларида бир қатор араб нашрлари хабар берганди.

Лондонда жойлашган Al-Araby Al-Jadeed нашри маълумотларига кўра, тайинловга қадар Моҳир аш-Шаръа 2024 йил декабрда Башар Асад режими қулаганидан кейин шакллантирилган ўтиш даври ҳукумати таркибида соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи лавозимида фаолият юритган.

Россия ОАВга кўра, Моҳир аш-Шаръа олдин «Россия темирйўллари»нинг Воронеждаги шифохонасида ишлаган. Gazeta.ru нашрининг ёзишича, аш-Шаръа 2014 йилдан 2021 йилга қадар Воронеждаги Йўл клиник шифохонасида гинеколог бўлган. Таъкидланишича, аш-Шаръа Бурденко номидаги Воронеж тиббиёт университетини тамомлаган ва 2018-2022 йилларда 1-сонли поликлиниканинг аёллар консултацияси бўлимига раҳбарлик қилган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотларни ўрганиб чиққан «Агентство» нашри Моҳир аш-Шаръа «Россия темирйўллари» муассасаларида ишлаганини тасдиқлаган. Чегара хизмати маълумотларига кўра, 2022 йил июлда аш-Шаръа Измирга учиб кетган ва шундан кейин Россияга қайтмаган. Шунингдек, аниқланишича, аш-Шаръа 2020 йилга қадар бизнес билан шуғулланган Татяна Закирова исмли Россия фуқаросига уйланган. Уларнинг уч нафар фарзанди бор, тўнғич ўғли 23 ёшда ва у Воронеж давлат университетига ўқишга кирган.

Араб ОАВга маълумотларига кўра, Моҳир аш-Шаръа 1973 йилда Дамашқда туғилган. Тиббиёт фанлари соҳасида докторлик даражасини олган, мутахассислиги — гинекологик жарроҳлик, шунингдек, бепуштликни даволаш. Бундан ташқари, унинг соғлиқни сақлаш тизимларини бошқариш бўйича ҳам дипломи бор. 2022-2023 йиллардан аш-Шаръа Сурия шимолидаги шифохоналарда тиббиёт маслаҳатчиси сифатида ишлаган.

Эслатиб ўтамиз, январ охирида Суриянинг вақтинча ҳукумати маъмурияти раҳбари Аҳмад аш-Шаръа мамлакатнинг ўтиш давридаги президентига айланган эди. Ўшанда янги ҳукумат мамлакат конституцияси бекор қилиниши, шунингдек, барча хавфсизлик кучлари ва қуролли тузилмалар тарқатиб юборилишини эълон қилганди.

Мавзуга оид