«Жиноят таркиби аниқланмади» – Узун туманида сўроққа олиб кетилган фуқаро вафот этгани юзасидан текширув якунланди
Жорий йил февраль ойида Сурхондарё вилоятидаги қотиллик иши доирасида ИИБ ходимлари томонидан сўроққа олиб кетилган 50 ёшли фермер вафот этганди. Омбудсманга кўра, мазкур ҳолатда бирор-бир шахснинг ҳаракатида жиноят таркиби аниқланмаганлиги сабабли жиноят ишини қўзғатиш рад қилинган. Суд қарорида “техник хато”га йўл қўйган тергов судьясига эса жарима қўлланди.

Фото: Kun.uz
Жорий йил 25 февраль куни Сурхондарё вилояти Узун туманидаги қотиллик иши доирасида сўроққа олиб кетилган 50 ёшли фермер вафот этгани, унинг танасида қийноқ излари борлиги ҳақида Kun.uz нашрида суриштирув эълон қилинган эди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – Омбудсманнинг маълум қилишича, ҳолат юзасидан бошланган терговга қадар текшириш ҳаракатлари якунланган.
Расмийларга кўра, фуқаро Т.Ҳайитов Термиз шаҳридаги маъмурий қамоқхонага олиб борилаётган пайтда йўлда соғлиғининг ёмонлашгани сабабли вафот этган. Омбудсманга тақдим этилган якуний маълумотларга кўра, фуқаро Тоҳир Ҳайитовнинг 25 февралда Сариосиё тумани тиббиёт бирлашмасида вафот этганлиги ҳолати юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари якунланган.
«Суд-тиббий экспертизасининг 17 март кунги хулосасига кўра, Т.Ҳайитовнинг ўлими гипертония касаллиги сабабли юрак ўнг қоринча олд деворида мавжуд бўлган кардиосклероз ўчоқ соҳасидан ёрилиши, юрак тампонадаси, яъни юрак халтасининг қон ва қон лахталари билан тўлиши ва юракнинг юрак халтасида сиқилиши натижасида келиб чиққан. Шунингдек хулосада марҳумнинг танасида тан жароҳатлари ва унинг қолдирган излари йўқлиги кўрсатилган», дейилади Омбудсман хабарида.
Текширув натижасига кўра, мазкур ҳолатда бирор шахснинг ҳаракатида жиноят таркиби аниқланмаганлиги сабабли 25 март куни ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Kun.uz ўтказган суриштирувда фермернинг яқинлари уни Узун туманида содир этилган мудҳиш қотилликни фош этиш бўйича тезкор тадбирлар доирасида ИИБ ходимлари уйидан олиб чиқиб кетганини айтган эди.
Суриштирувда марҳум фуқарога ўлимидан бир неча соат олдин «навбатчи» модда (майда безорилик) билан 6 сутка маъмурий қамоқ қўллангани, суд қарорида чалкашликлар борлиги маълум қилинганди. Судьялар олий кенгаши ушбу ҳолатда қарор чиқарган тергов судьяси Аъзамберди Алиқуловга нисбатан хизмат текшируви тайинланганини маълум қилган эди.
Судьялар олий кенгаши ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, хизмат текширувида қайд этилган иш бўйича қабул қилинган суд қарорида судья “техник характердаги хатоликка йўл қўйгани ва уни ўз вақтида батараф этиш чоралари кўрмагани” тасдиқланди.
“Хизмат текшируви хулосаси Сурхондарё вилоят судлари судьялари малака ҳайъатида муҳокама қилиниб, хатти-ҳаракатлари суднинг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигига асоссиз шубҳалар пайдо бўлишига олиб келгани учун туман судининг тергов судьясига нисбатан жарима интизомий жазо чораси қўлланди”, дейилади маълумотда.
Бундан ташқари, жорий йил февраль ойида Тошкент вилоятидаги 7-сон ва 14-сонли жазони ижро этиш муассасаларида 2 нафар маҳкум вафот этган. Иккала ҳолат ҳам Омбудсман ва Тошкент махсус прокуратураси томонидан ўрганилмоқда.