Жаҳон | 11:03 / 05.04.2025
1464
2 дақиқада ўқилади

Axios: Нетаняҳу Ғазо ва тарифларни муҳокама қилиш учун АҚШга ташриф буюради 

Бинямин Нетаняҳунинг Вашингтонга ташрифи 7 апрелда амалга ошиши мумкин, дея хабар беради Axios манбаларга таяниб.

Фото: AP

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Оқ уйда АҚШ президенти Доналд Трамп билан шахсан учрашиб, импорт божларини олиб ташлаш бўйича музокаралар олиб боришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Американинг Axios ахборот портали 5 апрел, шанба куни вазиятдан хабардор тўрт манбага таяниб хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, Нетаняҳунинг Вашингтонга ташрифи 7 апрел, душанба куни бўлиб ўтиши мумкин. АҚШ Исроил импортига қўядиган божлардан ташқари, етакчилар Ғазодаги вазият ва АҚШ-Эрон ядровий келишувини муҳокама қилиши кутилмоқда.

Исроил бош вазири тез орада АҚШга келишини бир кун аввал Доналд Трампнинг ўзи тасдиқлаган эди. 4 апрел, жума куни у президентнинг Air Force One самолёти бортида журналистларга Халқаро жиноий суд ҳибсга олишга ордер берганига қарамай, ўша пайтда Будапештга ташриф буюрган Нетаняҳу ва Венгрия бош вазири Виктор Орбан билан телефон орқали гаплашганини айтди. Лидерлар Венгриянинг Халқаро жиноий суддан чиқишини муҳокама қилдилар ва тарифлар масаласига тўхталдилар. Шундан сўнг Трамп Нетаняҳуни бу масалани шахсан муҳокама қилишга таклиф қилди, бироқ аниқ санани белгиламади.

Мавзуга оид