Ўзбекистон | 18:53 / 01.04.2025
5197
2 дақиқада ўқилади

Temu Ўзбекистонда ишлаши учун 46 млрд сўм солиқ тўлаши керак — Солиқ қўмитаси

“Temu бўйича дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 46 млрд сўм солиқ тўланмагани аниқланди. Биз эътироз хати берганмиз. Қачон солиқни тўласа, уларнинг фаолиятини қонунийлаштириб берамиз”, деди Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев.

Хитойнинг Temu маркетплейси Ўзбекистонда блокдан ечилиши учун 46 млрд сўм солиқ тўлаши керак. Бу ҳақда Cолиқ қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев маълум қилди.

«Биз интернет орқали савдо қилиш тизимини тўлиқ таҳлил қилдик. Таҳлиллар натижасида жуда кўплаб электрон савдо ташкилотлари солиқ тўламаётгани аниқланди. Нафақат Temu, балки Wildberries ҳам солиқ тўламаган. Бу ерда савол туғиляпти, нима учун айнан Temu? Биз барча электрон платформаларга солиқ мажбуриятларини бажариш бўйича огоҳлантириш хатини берганмиз», деди у.

Шу билан бирга, Мирзаев Россиянинг Wildberries маркетплейси аллақачон 52 млрд сўм солиқ тўлаб берганини айтди.

«Temu бўйича дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 46 млрд сўм солиқ тўланмагани аниқланди. Биз эътироз хати берганмиз. Қачон солиқни тўласа уларнинг фаолиятини қонунийлаштириб берамиз», деди Мубин Мирзаев.

Эслатиб ўтамиз, Temu маркетплейси Ўзбекистонда 20 мартдан эътиборан блокланган. Бу санадан бир неча кун олдин Хитой компанияси ўз олдига қўйилган асосий талаблардан бирига кўниб, Ўзбекистонда юридик шахс ташкил этган. Аммо расмийлар Temu'дан мамлакатда норасмий ишлаган даври учун ҳам солиқларни тўлаб қўйиш мажбуриятини қўймоқда.

Мавзуга оид