Ўзбекистон | 21:40 / 01.04.2025
5000
5 дақиқада ўқилади

1 апрел янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Амирликларда ўлимга ҳукм қилинган ўзбек фуқаролари, Андижондаги масжидда портлаган газ, саммитга тайёрланаётган Самарқанд ва Европа давлатларида иш топган ўзбекистонликлар — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Уч ўзбек фуқаросига ўлим жазоси

БААдаги раввини ўлдиришда айбланган Ўзбекистоннинг уч нафар фуқароси ўлимга ҳукм қилинган. Абу-Дабидаги Федерал апелляция суди 30 март куни 3 нафар Ўзбекистон фуқаросини «террорчилик ниятида қасддан одам ўлдириш»да айблаб, олий жазога ҳукм чиқарган.

Уларга ёрдам берган яна бир айбланувчига эса умрбод қамоқ жазоси тайинланган. Унинг фуқаролиги маълум қилинмаган.

Гап 2024 йилнинг ноябрида Исроил ва Молдова фуқароси, БААдаги раввин Цви Коганнинг ўлдирилиши ҳақида бормоқда.

Ўзбекистон ТИВ ҳукм ҳақиқатан ҳам чиқарилганини тасдиқлади, бироқ бу ҳали якуний қарор эмаслигини таъкидлади. БАА қонунчилигига кўра, ўлим ҳукми устидан автоматик тарзда апелляция берилади ва иш Олий судга юборилади.

Гумон қилинувчилар 2025 йил бошида Туркияда қўлга олинган. Судга уларнинг айбини исботловчи кўплаб далиллар, жумладан, ўз айбига иқрор бўлганликлари ҳам тақдим этилган.

Самарқанд саммитга тайёрланмоқда

3-4 апрел кунлари эса Самарқандда «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» биринчи саммити тадбирлари ташкил этилади. Шунингдек, Иқлим форуми ташкил этилади.

Саммитда Европа иттифоқи раҳбарлари ва Марказий Осиёнинг 5 республикаси президентлари иштироки кутилмоқда.

Бунгача юртимизга ташриф буюрган Европа Иттифоқининг Халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Йозеф Сикеланинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон бутун Марказий Осиё бўйлаб интернет алоқасини яхшилаш йўлида биргаликда ишламоқда.

Европа технологиялари ва Ўзбекистон тажрибаси орқали тезкор ва хавфсиз интернетдан фойдаланиш имкониятини яратиш, бизнесни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда маҳаллий жамоалар учун яшаш шароитларини яхшилаш мақсад қилинган.

Самарқандда ўтадиган нуфузли саммит муносабати билан шаҳарга кириш йўллари ёпилиб, айланма йўллар ташкил этилди. Шаҳар марказида айрим йўллар вақти-вақти билан ёпилиб турилиши эълон қилинди. Шунингдек, бир қатор олийгоҳларда ўқишлар 5 апрелдан бошланиши белгиланди.

Хўжандда «Дўстлик» стеласи очилди

Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон президентлари Тожикистонда Хўжанд шаҳрида дўстлик тимсоли бўлган «Дўстлик» стеласини тантанали равишда очди. Тадбирда Шавкат Мирзиёев, Имомали Раҳмон ва Садир Жапаров иштирок этди.

Стела уч давлат чегараси бирлашган жойда ўрнатилди.

Уч мамлакат бош вазирлари ўринбосарлари видеоалоқа орқали объект қурилиши якунлангани ҳақида маълумот берди. Маросим рамз сифатида минтақадаги яхши қўшничилик ва стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш мақсадини кўзлайди.

Ёдгорлик уч қардош давлатнинг узвий дўстлиги, ўзаро ишончи ва ҳамкорлигини ифодалайди. Президентлар томонидан бу каби ташаббуслар минтақада барқарорлик ва бирдамликни кучайтиришга хизмат қилиши қайд этилди.

Андижондаги масжидда газ портлади

Андижон вилояти Избоскан туманидаги масжид таҳоратхонасида содир бўлган газ портлаши оқибатида 3 киши ҳалок бўлди, 10 нафар фуқаро жароҳат олди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, портлаш 31 март куни пешин намози олдидан рўй берган.

Портлаш натижасида бинодаги газ сизиб чиқиб, ёнғинсиз чақнаш содир бўлган ва том қисмлари қулаб тушган. Вилоят ҳокимлиги ва ФВВ мутасаддилари воқеа жойига етиб борган. Портлаш сабабларини ўрганиш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш учун бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов раислигида ҳукумат комиссияси тузилди.

Прокуратура Жиноят кодексининг 205 ва 259-моддалари бўйича жиноят иши қўзғатганини маълум қилди. Тергов жараёнида барча ҳолатлар тўлиқ ўрганилиши ва қонуний қарор қабул қилиниши ваъда берилди.

Ўзбекистонликларнинг Европа бўйлаб иш сафари кенгаймоқда

2024 йилда хорижга чиққан ўзбекистонликлар сони 6,2 миллион нафарга етди — бу 2023 йилга нисбатан 29 фоизга кўп. Пул ўтказмалари миқдори ҳам 30 фоизга ошиб, қарийб 15 млрд долларни ташкил этди.

Меҳнат миграциясида Европа мамлакатларига қизиқиш ортиб бормоқда. Полша ўзбекистонликларга берилган ЕИ визаларининг 21 фоизини ташкил этган бўлса, Литва — 17 фоиз, Германия — 16 фоиз, Латвия — 7 фоизга тўғри келган.

Буюк Британия ҳам мавсумий муҳожирларга талаб юқори бўлган давлатлардан. 2021–2023 йиллар давомида Ўзбекистон фуқароларига берилган мавсумий визалар сони 556 тадан 4094 тагача ўсди.

Жанубий Кореяда эса ўзбекистонлик резидентлар сони 95 мингга яқинлашди.

Мавзуга оид