27 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Ҳайит нишонланадиган сана, Самарқанд ва Андижонга пулли йўл тақдимоти, энергия тежамкорлиги юзасидан янги топшириқ ва боғча устига қулаган кран — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Рамазон ҳайити 30 март куни нишонланади
Ўзбекистонда 2025 йилги Рамазон ҳайити 30 март, якшанба куни кенг нишонланади. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси маълум қилди ва ҳукумат ушбу санани расман байрам куни сифатида қабул қилди.
Меҳнат кодексига мувофиқ, якшанба дам олиш кунига тўғри келган Рамазон ҳайитининг биринчи кунининг ўрни 31 март — душанба кунига кўчирилади. Шундай қилиб, дўстлик ва аҳиллик рамзи бўлган ушбу байрамда юртдошлар икки кун дам олиш имконига эга бўлади.
Шу билан бирга, Рамазон ҳайити куни Тошкент метрополитени ўз ишини тонгги соат 04:00 да бошлаши эълон қилинди. Бу аҳолига эрта тонгдаги ибодатларда қатнашиш учун қулайлик яратиш мақсадида амалга оширилмоқда.
Тошкентдан Андижон ва Самарқандга муқобил автойўллар
Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов президент Шавкат Мирзиёевга Тошкентни Самарқанд ва Андижон билан боғловчи муқобил йўл лойиҳалари тақдимотини ўтказди.
Унда қайд қилинишича, ҳозир Ўзбекистондаги халқаро аҳамиятга эга йўлларнинг 25 фоизи катта юкламада ишлаяпти. Масалан, кунига 32 минг автомобилга мўлжалланган “Тошкент – Самарқанд” йўлида 45 мингта транспорт қатнаяпти. Тирбандлик сабабли баъзан бунга 5-6 соатгача вақт кетяпти. 2030 йилга бориб ҳаракат жадаллиги 80 мингдан ошиши мумкин.
Тошкентдан Самарқандга ва Андижонга элтувчи муқобил йўллар қуриш устида иш олиб борилмоқда.
Тошкент билан Самарқандни боғловчи қўшимча йўлнинг техник-иқтисодий асослари хорижий мутахассислар иштирокида ишлаб чиқилган. Бу янги йўлнинг узунлиги 300 километр атрофида бўлади. Унинг натижасида Тошкент билан Самарқанд ўртасида қатнов вақти 4,5 соатдан 2,5 соатгача қисқаради.
Тошкент – Андижон йўлини қуриш бўйича халқаро тендер эълон қилинган. Умумий узунлиги 314 километр бўлган бу тезюрар магистрал фойдаланишга топширилиши натижасида Тошкент билан Андижон орасидаги қатнов вақти 5 соатдан 3 соатгача қисқаради.
Президент энергия тежамкорлиги юзасидан топшириқ берди
Шавкат Мирзиёев 26 март куни ўтказган йиғилишда табиий газ ва электр энергиясини тежаш, оқилона фойдаланиш бўйича қўшимча вазифаларни белгилади.
2030 йилгача Ўзбекистон аҳолиси 41 миллионга етиши ва иқтисодиёт икки баробар ўсиши кутилмоқда. Бу энергия ресурсларига бўлган талабни 1,5 каррага оширади.
Самарқанд, Сирдарё ва Жиззахдаги тадқиқотларда 870 млн kWh электр ва 420 млн куб метр газни тежаш имкони аниқланган. Энг аввало эскирган ускуналарни янгисига алмаштириш ҳисобидан катта тежамкорликка эришиш мумкин.
Қуёш станциялари ва микро ГЭСлар орқали қўшимча энергия ишлаб чиқарилади. Кўча ёритиш тизимларини қуёш чироқларига ўтказиш ҳам самарали ечим сифатида қайд этилди.
Жорий йил 1,1 млрд куб метр газ ва 2,6 млрд kWh электрни тежаш режалаштирилган. Фарғона водийсида алоҳида ёндашув жорий этилади.
Янгийўлда кран ўқи боғча биносига қулади
Янгийўл шаҳридаги 5-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти томига қурилиш кранининг ўқ қисми қулади. Ҳодиса 25 март куни соат 19:10 ларда Бахт маҳалласида содир бўлди. Ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқ.
Қурилиш вазирлиги маълумотига кўра, боғчага яқин жойда хусусий тадбиркор тураржой қурмоқда эди. Ёмғир сабабли кўтарма краннинг ўқ қисми ғалвирдан чиқиб, боғчанинг томига қулаган ва том қисмини шикастлаган.
Ҳодиса жойига тезкорлик билан ФВБ, ҳокимият ва ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари етиб бориб, кран ўқини олиб ташлашган. Ҳозирда 8 нафар ишчи томни таъмирлаш билан шуғулланмоқда.
Боғча фаолияти вақтинча тўхтатилган. Қурилиш ташкилоти томондан зарар бартараф этилиб, 3 кунда муассаса қайта ишга туширилиши кутилмоқда.
Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими жаҳонда 64-ўринда
Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими сифат бўйича 2024 йилда Ceoworld Magazine рейтингида 110 давлат орасида 64-ўринни эгаллади. Мамлакат 100 балли тизимда 36,26 балл тўплаб, етакчи давлатлардан қарийб икки баробар орқада қолди.
Рейтингда тиббий инфратузилма, шифокорлар малакаси, дори воситаларининг нархи ва мавжудлиги, ҳукумат дастурлари ҳамда санитария шароитлари каби омиллар ҳисобга олинган.
Кучли бешликдан Тайван, Жанубий Корея, Австралия, Канада ва Швеция ўрин олган. Яқин хориж давлатларидан Ҳиндистон 29-ўрин, Россия 42-ўрин, Озарбойжон 57-ўрин, Беларус 61-ўрин, Украина 76-ўрин, Қозоғистон 78-ўрин, Эрон 92-ўрин, Туркманистон эса 95-ўринни эгаллаган. Энг паст натижалар Салвадор, Ҳондурас ва Непалга тегишли.
Мавзуга оид

22:34 / 28.03.2025
28 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

20:13 / 26.03.2025
26 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

22:11 / 25.03.2025
25 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

19:55 / 24.03.2025