Жаҳон | 21:37 / 31.03.2025
2386
2 дақиқада ўқилади

WSJ: Трампнинг маслаҳатчиси Майк Уолц Signal мессенжери чатларида Россия—Украина урушини муҳокама қилган

Майк Уолц АҚШ ҳукумати аъзолари билан Signal’да миллий хавфсизлик учун муҳим ва махфий бўлган бир нечта чатларни яратган.

Фото: Global Look Press

АҚШнинг президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Уолц Signal мессенжеридан Россия—Украина урушини тинч йўл билан ҳал этиш масаласини муҳокама қилишда ҳам фойдаланган. Бу ҳақда The Wall Street Journal икки нафар америкалик амалдорга таяниб хабар берди.

Уларнинг сўзларига кўра, Уолц АҚШ ҳукумати аъзолари билан Signal’да миллий хавфсизлик учун муҳим ва махфий бўлган бир нечта чатларни яратган ҳамда уларни бошқарган. Ушбу чатларда, хусусан, Вашингтоннинг Москва ва Киев ўртасидаги воситачилик саъй-ҳаракатлари ҳамда ҳарбий миссиялар муҳокама қилинган. Бироқ манбалар бу чатларда махфий маълумотлар бўлган-бўлмаганини аниқлик киритмаган.

WSJ’нинг ёзишича, ҳусийларга зарбалар бериш масаласи муҳокама қилинган Signal’даги чатга тасодифан The Atlantic бош муҳаррири Жеффри Голдберг қўшиб қўйилганига боғлиқ можародан кейин Уолц АҚШ президенти Доналд Трампга нисбатан таъсирини йўқота бошлаган.

Газета суҳбатдошларининг сўзларига кўра, Трамп назарида маслаҳатчининг энг катта хатоси чатни яратиши ёки махфий маълумотларни муҳокама қилгани эмас, балки Уолцда Жеффри Голдбергнинг телефон рақами бўлганида.

Голдберг 24 март куни тасодифан АҚШнинг ҳусийларга қарши операцияга оид режалари муҳокама қилинган чатга қўшилиб қолганини маълум қилганди. Чатда 18 киши бўлган, улар орасида Уолц, Хегсет, давлат котиби Марко Рубио, вице-президент Жей Ди Вэнс ва Оқ уйнинг бошқа вакиллари ҳам бор. Пентагон раҳбари ушбу чат орқали ҳарбий режалар юборилганини рад этди. Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи содир бўлган воқеа бўйича масъулиятни ўз зиммасига олди, бироқ Голдбергни танимаслигини ва унинг рақами ҳам ўзида бўлмаганини таъкидлади. АҚШ президенти Доналд Трамп Уолц бундан хулоса чиқарганини маълум қилди.

Мавзуга оид