Ўзбекистон олдида турган 5 та асосий хавф-хатар. Уларни қандай енгиш мумкин?
Жаҳон иқтисодий форуми экспертлари Ўзбекистоннинг ривожланишига тўсқинлик қилиши мумкин бўлган асосий таҳдидлар сифатида сув ва энергия ресурслари тақчиллиги, ҳаво, сув ҳамда тупроқнинг ифлосланиши, давлат қарзининг ўсиши, шунингдек, ишчи кучи ва мутахассисларнинг етишмаслигини қайд этди. “Тараққиёт стратегияси” маркази экспертлари юқоридаги муаммоларни юмшатиш учун ечимлар таклиф қилишди.

Фото: Kun.uz/Муҳаммаджон Ғаниев
Жаҳон иқтисодий форуми экспертларининг фикрича, қисқа муддатли истиқболда Ўзбекистон қуйидаги бешта асосий хавф-хатарга дуч келиши мумкин:
1. Сув етишмаслиги;
2. Энергия таъминоти тақчиллиги;
3. Ифлосланиш (ҳаво, сув, тупроқ);
4. Давлат қарзи;
5. Ишчи кучи ва мутахассисларнинг етишмаслиги.
“Тараққиёт стратегияси” маркази экспертлари юқорида келтирилган ҳар бир хавфни таҳлил қилди.
Сув ва энергия ресурслари тақчиллиги (1-2-хавф). Ўзбекистон қуруқ иқлимга эга мамлакат бўлиб, сув ресурслари етишмовчилигига дуч келмоқда. Бу нафақат табиий шароитлар билан, балки қишлоқ хўжалигида сувдан самарасиз фойдаланиш билан ҳам боғлиқ, чунки қишлоқ хўжалиги мамлакатдаги сув ресурсларининг тахминан 90 фоизини истеъмол қилади. Масалан, 1 гектар пахта майдонини суғориш учун йилига 10-11 минг куб метр сув керак бўлса, иқлими ва тупроғи ўхшаш мамлакатларда 2-3 баробар кам сув талаб қилинади. Шунингдек, мамлакат ирригация инфратузилмаси эскиргани сабабли сувнинг 36 фоизи йўқотилади. Шу билан бирга, иқлим ўзгариши муаммони янада кучайтириши мумкин: экспертларнинг тахминларига кўра, 2030 йилга бориб минтақанинг сув таъминоти 20-25 фоизга қисқариши мумкин.
Бундан ташқари, аҳоли ва саноатнинг ўсиши энергетика тизимига юкламани оширади, бу эса электр энергияси танқислигига олиб келади. 2023 йилда электр энергияси тақчиллиги 5 фоизни ташкил этиб, бу бир қатор ҳудудларда вақти-вақти билан узилишларга сабаб бўлган.
Ҳаво, сув ва тупроқнинг ифлосланиши (3-хавф). Жаҳон иқтисодий форуми тадқиқотларига кўра, Ўзбекистоннинг йирик шаҳарларида ҳавонинг ифлосланиши, тупроқ деградацияси ва сув ресурсларининг ифлосланиши каби жиддий экологик муаммоларга дуч келмоқда. Бу саноатнинг ривожланиши, эскирган технологиялардан фойдаланиш ва экологик стандартларга риоя қилинмаслиги билан боғлиқ.
Ушбу хулосалар IQAir портали маълумотлари билан ҳам тасдиқланади, унга кўра Тошкентда PM2,5 концентрацияси ЖССТ тавсия этган меъёрдан 13,4 баравар юқори. PM2,5 ҳаво ифлосланишининг асосий манбалари бу иситиш сектори (28 фоиз), транспорт (16 фоиз) ва саноат (13 фоиз) ҳисобланади. Шуни таъкидлаш керакки, бу ҳолат аҳоли саломатлигига ҳам, иқтисодий харажатларнинг ошишига ҳам жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.
Жаҳон банки экспертлари фикрига кўра, Ўзбекистонда 2030 йилга бориб, 8 млнга яқин аҳоли экологик муаммолардан азият чекиши ва хавф юқори бўлган ҳудудларда яшаши мумкин. Агар узоқ муддатда ҳеч қандай чора кўрилмаса, мамлакат ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ўсишининг 10 бирлигини йўқотиши мумкин.
Давлат қарзи (4-хавф). Ўзбекистонда давлат қарзининг ўсиши Жаҳон иқтисодий форуми экспертларида хавотир уйғотмоқда. Гарчи мамлакат инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш учун қарзларни фаол жалб қилаётган бўлса ҳам, бу глобал иқтисодий беқарорлик шароитида қарз юки ошишини келтириб чиқариши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотларига кўра, 2024 йил 1 январ ҳолатига давлат қарзи 34,9 млрд долларни ёки ЯИМнинг 34,4 фоизини ташкил этди, бу эса Халқаро валюта жамғармаси томонидан ўрта даромадли мамлакатлар учун белгиланган 55 фоизлик чегаравий қийматга яқин. Шу билан бирга, Жаҳон иқтисодий форуми экспертлари фикрига кўра, қарзнинг асосий қисми ташқи қарзларга тўғри келиши, мамлакатни халқаро бозорларда валюта курсларининг ва фоиз ставкаларининг ўзгариши олдида заифлаштиради.
Ишчи кучи ва юқори малакали мутахассисларнинг етишмаслиги (5-хавф). Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2023 йилда ёшлар ўртасида ишсизлик даражаси 13,5 фоизни ташкил этган бўлса-да, Ўзбекистон IT, муҳандислик ва яшил энергетика каби юқори технологияли соҳаларда малакали кадрлар танқислигига дуч келмоқда. Бу таълим тизимининг меҳнат бозори талабларига мос келмаслиги билан изоҳланади: яъни ўқув дастурлари иш берувчиларнинг эҳтиёжларига йўналтирилмаган.
Собиқ камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг сўзларига кўра, 2024 йилда ОТМни тамомлаган ёш мутахассисларнинг 59 фоизи (ёки 126 минг нафари) ўз мутахассислиги бўйича халигача ишга жойлаша олмаган. Бунга сабаб Жаҳон банкининг “Ўзбекистонда ёшларни иш билан таъминлаш” ҳисоботида таъкидланганидек, таълим муассасаларини тамомлаган ёшларнинг 69 фоизи тажриба ва зарур кўникмаларга эга эмас.
Кўрсатилган муаммоларни ҳал қилиш учун комплекс ёндашув, замонавий технологияларни жорий этиш ва муваффақиятли хорижий тажрибаларидан фойдаланиш зарур, хусусан:
Сув ва энергия ресурслари тақчиллиги муаммосининг ечими
Жаҳон иқтисодий форуми экспертлари фикрига кўра, сув инқирози ва электр энергияси тақчиллигидан чиқиш йўли "яшил тараққиёт" ҳисобланади.
"Тараққиёт стратегияси" маркази экспертлари бу борада қуйидаги тўртта асосий йўналишда чора-тадбирларни амалга оширишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди:
Қишлоқ хўжалигида томчилаб ва дискрет суғориш, оқова сувлардан қайта фойдаланиш каби замонавий сув тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш.
Бу борада Исроил тажрибасини ўрганиш зарур. Исроил томчилатиб суғориш, денгиз сувини чучуклаштириш ва оқова сувларни қайта ишлашнинг илғор технологиялари туфайли сув танқислиги муаммосини сезиларли даражада юмшата олди. Натижада Исроилда оқова сувларнинг қарийб 90 фоизи қайта ишланади ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилади, бу эса ўртача 40 фоиз сувни тежаш имконини беради.
Ирригация инфратузилмасини реконструкция ва модернизация қилиш учун ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланишни қаттиқ назоратга олиш. Ажратилган маблағлардан самарали фойдаланишни таъминлаш учун шаффофлик ва ҳисобдорлик механизмларини жорий этиш зарур.
Муқобил энергетикани, шу жумладан, қуёш ва шамол электр станцияларини ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш (Хитой ва Германия мисолида).
Хитойда "Made in China 2025" режаси маҳаллий қуёш панеллари ва шамол генераторларини ишлаб чиқаришни ривожлантиришни рағбатлантиради. 2023 йилда Хитойда қуёш энергияси қуввати 609,49 ГВтга, шамол энергияси эса 441,34 ГВтга етди. 2023 йилда Хитойнинг қайта тикланувчи энергия манбаларига инвестициялари 546 млрд долларни ташкил этган.
Германия 2000 йиллардан бошлаб кўмир ва атом энергиясидан воз кечишга қаратилган Energiewende (энергетик бурилиш) сиёсатини олиб бормоқда. Германиянинг Energiewende стратегияси ҚТЕМ ишлаб чиқаришнинг сезиларли ўсишига олиб келди. 2023 йилда қуёш ва шамол электр станциялари Германияда ишлаб чиқарилган электр энергиянинг 56 фоизини ташкил этди.
Электр энергиясини тақсимлашда йўқотишларни сезиларли даражада камайтириш учун "ақлли тармоқлар" (Smart Grid)ни жорий этиш.
Ақлли тармоқлар бу – электр энергиясини ишлаб чиқариш, тақсимлаш ва истеъмол қилишни оптималлаштириш учун рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва автоматлаштиришдан фойдаланадиган замонавий электр тармоқларидир. Улар қайта тикланадиган энергия манбаларини (қуёш, шамол ва бошқалар) бирлаштириш, реал вақт режимида электр энергиясига бўлган талабни бошқариш, шунингдек, узатиш ва тақсимлашда энергия йўқотишларини камайтириш имконини беради.
Атроф-муҳитнинг ифлосланишига қарши курашиш
Швециянинг муваффақиятли тажрибасига асосланиб, Ўзбекистонда экологияни ифлослантирувчи йирик корхоналар учун СО₂ эмиссиясига солиқ жорий этиш имкониятларини ўрганиб чиқиш.
Швецияда карбонат ангидрид эмиссияси учун "яшил солиқ" жорий этилиши корхоналарнинг экологик тоза технологияларга ўтишига туртки бўлди. Бунинг натижасида Швеция 1990 йилга нисбатан иссиқхона газлари чиқиндиларини 27 фоизга камайтиришга эришган.
Давлат қарзини бошқариш
Давлат қарзининг юқори даражаси ЯИМнинг 70 фоизидан ошиш хавфига учраган Канада тажрибасидан келиб чиқиб, самарали бюджет чораларини жорий этиш, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришни рағбатлантириш, шунингдек, мақсадсиз харажатларни қисқартириш.
Канада ҳукумати давлат қарзининг юқори даражаси муаммосини ҳал қилиш учун ортиқча давлат харажатларини камайтириш ва даромадларни оширишга қаратилган кенг қамровли бюджет ислоҳотларини амалга оширди. Ислоҳотларнинг асосий элементларидан бири тадбиркорликни фаол қўллаб-қувватлаш бўлиб, бу иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ва янги иш ўринларини яратишда муҳим рол ўйнаган.
Жанубий Корея эса фискал қоидалар тизимини жорий этиш натижасида давлат қарзини ялпи ички маҳсулотнинг қарийб 40 фоизи даражасида сақлаб қолишга эришган.
Малакали мутахассислар етишмаслиги муаммоси
Германиянинг муваффақиятли тажрибасидан келиб чиқиб "дуал таълим" дастурини жорий этиш.
Германияда ушбу дастур доирасида талабалар бир вақтнинг ўзида олий таълим муассасаларида таълим олиш билан бирга, ОТМлар билан ҳамкорлик шартномалари тузган корхоналарда амалиёт ўтайди, яъни талабалар ўқишнинг биринчи кунидан бошлаб назария ва амалиётни уйғунлаштиради.
Ушбу ёндашув нафақат назарий билимларни ўзлаштиришга ёрдам беради, балки ҳақиқий бизнес муҳитида муҳим амалий кўникмаларга эга бўлишга, шунингдек, бакалавр ёки магистр даражасини тўлиқ касбий фаолият билан шуғулланиш орқали олиш имкониятини яратади.
Ёки Сингапурнинг SkillsFuture ташаббуси ходимларнинг малакасини ошириш ва меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини яхшилашга қаратилган. Бундай ёндашув туфайли Сингапурда битирувчиларнинг 70 фоиздан ортиғи ўқишни тугатгандан сўнг дарҳол ишга жойлашади.
Мавзуга оид

15:52 / 21.03.2025
Трамп Мирзиёевни Наврўз байрами билан табриклади

11:34 / 19.03.2025
Олмаотада Ўрол Тансиқбоев асарларининг кўргазмаси очилди

12:47 / 17.03.2025
Ўзбекистон халқ рассоми Ўрол Тансиқбоевнинг асарлари Олмаотада намойиш этилади

18:05 / 06.02.2025