Нусайрат лагерига ташланган бомба, Ҳинд океанида куч тўплаётган АҚШ ва Истанбулнинг муваққат ҳокими — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Ғазодаги қурбонлар 50 мингдан ошди
Энг сўнгги маълумотларга кўра, Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг Ғазо сектори марказида жойлашган Нусайрат қочқинлар лагерини бомбардимон қилиши оқибатида камида олти нафар фаластинлик ҳалок бўлган. Бу ҳақда WAFA агентлиги хабар берди.
Хабарга кўра, Исроил ҳарбий самолётлари Абдулло Аззам масжиди атрофидаги ҳудудни нишонга олган. Ҳужум натижасида кўплаб жабрланганлар борлиги ҳам маълум қилинган.
Исроил қўшинлари лагер марказидаги Ал-Қассам масжиди яқинида жойлашган бепул ошхонага ҳам ҳаво зарбасини берган. Ҳужум оқибатида ҳалок бўлганлар ва яраланганлар бор.
Исроил ҳаво ҳужумлари натижасида Ғазо секторида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 50 минг 183 нафарга етди. Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ҳафта бошидан буён амалга оширилган зарбаларда камида 39 киши нобуд бўлди, яна 124 киши яраланди.
18 мартдан бошлаб Исроил оташкесимни бузиб, Ғазода янги ҳаво амалиётини бошлаган. Шу кунлар ичида 830 фаластинлик ҳалок бўлди. Ҳужумлар январдаги сулҳ ва асирлар алмашинуви келишувига қарамай давом этмоқда.
Минглаб одамлар уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган. БМТ маълумотига кўра, 124 минг фаластинлик қайта қочқинга айланган.
АҚШ Ҳинд океанида куч тўпламоқда
АҚШ Диего-Гарсия оролидаги ҳарбий базасида стратегик кучларни фаол равишда жойлаштирмоқда. Бу ерга B-2 Spirit бомбардимончи учоқлари, транспорт ва ёнилғи қуйиш самолётлари етказилган. Ушбу ҳаракатлар ҳаво ҳудудининг ёпилиши билан бирга амалга оширилмоқда.
B-2 Spirit — ядровий қурол ташишга қодир, замонавий «кўринмас» учоқлар бўлиб, ҳар қандай мудофаа тизимидан сўзсиз ўтиши мумкин. АҚШ бу базани кенг кўламли операция олдидан фаоллаштираётгани маълум.
Эҳтимолий мақсад — ҳусийчиларга зарба бериш, аммо Эрон ҳарбий объектларига ҳам ҳужум қилиниши истисно этилмаяпти. Президент Доналд Трампнинг ултиматумларига жавоб берилмаса, Эрон нишонга олиниши ҳам мумкин. Таҳлилчиларнинг фикрича, бунчалик кўп миқёсда авиация тўпланиши фақат ҳусийчилар учун эмас.
Истанбулга вақтинча ҳоким этиб камолчи тайинланди
Истанбулда вақтинча шаҳар ҳокими этиб ЖХП аъзоси, камолчи Нури Аслан сайланди. У ҳибсга олинган Акрам Имомўғли ўрнига депутатлар овози билан танланди. Жумҳурият халқ партияси шаҳар парламентида кўпчиликни ташкил этгани учун натижа кутилганидек бўлди.
Натижаларга кўра, Нури Аслан 177 овоз тўплади. Эрдўғаннинг Адолат ва тараққиёт партияси номзоди Зайнулобидин Ўқул эса 125 овоз билан ютқазди.
Натижа эълон қилингач, АТП депутатлари йиғилишни тарк этди, ЖХП вакиллари эса Имомўғли сурати фонида қарсак чалишди.
Нури Аслан ҳоким этиб сайланганидан сўнг ЖХП раҳбари Ўзгур Ўзал шаҳар ҳокимияти биносини тарк этди. У етти кун давомида бинодаги йиғма диванда яшаб, кун кечираётган эди.
Ўзал митинглар Сарачанедан олиниб, энди Силиври қамоқхонаси олдида ўтиши ва Имомўғлини озод қилиш, кейин эса президентликка номзод қилиб кўрсатиш учун кураш давом этишини билдирди.
Трамп: “Путин танаффусдан фойдаланмоқда”
АҚШ президенти Доналд Трамп Владимир Путин Украинадаги оташкесим бўйича келишувни атайлаб кечиктираётгани мумкинлигини билдирди. Унинг таъкидлашича, Россия урушни тугатишни истайди, лекин келишувни имзолашни чўзиб, музокараларда устунликка эришмоқчи.
«Мен ҳам одатда бизнесда шундай қилганман — шартномани имзоламай, ўйинда қолишга ҳаракат қилганман», — деди Трамп Newsmax’га берган интервьюсида.
Оқ уй аввалроқ Киев ва Москва Қора денгизда отишмаларни тўхтатишга келишганини, энергия инфратузилмаси ҳимояси бўйича музокаралар давом этаётганини маълум қилган. Россия эса санкциялар бекор қилинмас экан, келишувни тўлиқ бажармаслигини билдирмоқда.
Трампга кўра, Путин ҳам, Зеленский ҳам урушни тўхтатишни истайди. «Мен фақат уруш тугашини истайман. Бунинг учун тўлашни ҳам хоҳламайман», — деди у.
Россия Запорижжя АЭСдан воз кечмоқчи эмас
Россия Запорижжя атом электростанциясини Украина ёки бошқа бирор давлатга топшириш имконини қатъий рад этди. РФ Ташқи ишлар вазирлиги бу объектни «Россия ядровий мулки» деб атаб, станция ходимлари ҳам фақат Россия фуқаролари эканини таъкидлади.
Мазкур баёнот АҚШ ва Украина президентлари Доналд Трамп ҳамда Володимир Зеленский телефон орқали ЗАЭС атрофидаги вазиятни муҳокама қилганидан сўнг берилди. Трамп АҚШ ёрдами билан Украина АЭСларини модернизация қилишни таклиф этди, бироқ Зеленскийнинг айтишича, сўзлашувларда мулкчилик масаласи кўтарилмаган.
Европадаги энг йирик атом электр станцияси 2022 йилнинг мартидан буён Россия оккупацияси остида қолмоқда. Ўша йилнинг сентябридан буён АЭСда Атом энергетикаси бўйича халқаро агентлик кузатувчилари доимий ишлашмоқда.
Москва ва Киев АЭС жойлашган ҳудудни ўққа тутаётганликда бир-бирини мунтазам айблаб келмоқда.
Россия SWIFT’га қайта уланиши мумкинми?
АҚШ Россияни халқаро банк тизими SWIFT’га қайта улаш масаласини кўриб чиқишга тайёр. Бу ҳақда АҚШ молия вазири Скотт Бессент Fox News эфирида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Россия банклари SWIFT’га уланиши Кремлнинг кейинги ҳаракатларига боғлиқ бўлади. Агар Москва Украинага тинчликка эришиш масаласида ижобий қадамлар ташласа, санкциялар юмшатилиши мумкин. Акс ҳолда, президент Доналд Трамп музокараларда устунликка эришиш мақсадида чекловларни янада кучайтиришга тайёр.
Ҳафта ичида Саудия Арабистони пойтахтида бўлиб ўтган музокаралар чоғида Россия бир қатор талабларни илгари сурган. Жумладан, «Росселхозбанк» ва ўғит ишлаб чиқарувчи компаниялардан санкцияларни олиб ташлаш сўралган.
The Economist нашрининг ёзишича, АҚШ босимни енгиллаштирса-да, Европа чекловлари Россия иқтисодига катта зарар етказишда давом этади.
НАТО Россияга қақшаткич жавоб ваъда қилди
НАТО бош котиби Марк Рютте Россия томонидан Полша ёки алянсга ҳар қандай аъзо давлатга қилинган ҳужум жазосиз қолмаслигини қатъий таъкидлади. У Варшавада Полша бош вазири Дональд Туск билан ўтказилган матбуот анжуманида сўзга чиқиб, агрессияга қарши «қақшаткич жавоб» берилишини билдирди.
«Агар кимдир НАТО давлатларига ҳужум қилса, у ҳолда бутун алянснинг қудратига дучор бўлади. Бизнинг жавобимиз қаттиқ, кескин ва оғриқли бўлади. Бу Владимир Путин ва барча эҳтимолий тажовузкорлар учун аниқ бўлиши шарт», — деди у.
Рютте АҚШнинг НАТО Уставининг 5-моддасида назарда тутилган умумий мудофаа мажбуриятларига тўлиқ содиқ эканини таъкидлади.
«Ҳозирги глобал хавфсизлик таҳдидлари шунчалик жиддийки, Европа ҳам, Шимолий Америка ҳам бу муаммоларни ёлғиз ҳал қила олмайди. Бирлик ва ҳамкорлик — бизнинг асосий қуролимиздир», — деди у.
Франциядан Украинага €2 млрд ҳарбий ёрдам
Франция Украина учун қўшимча 2 млрдлик евролик ҳарбий ёрдам пакети ажратишини эълон қилди. Бу ҳақда Франция президенти Эммануэл Макрон Парижда Украина раҳбари Володимир Зеленский билан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
Ёрдам пакети Украина Қуролли кучларининг устувор эҳтиёжларини қоплашга қаратилган. Унга қарши танк ракеталари, ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимлари, Mirage самолётлари учун ракеталар, Mistral ракеталари ҳамда VAB ва AMX-10 RX бронемашиналари киради.
Макронга кўра, бу миқдордаги ёрдамга масофадан бошқариладиган ўқ-дорилар ҳам киради. Шунингдек, Франция Украинада ҳарбий техника ишлаб чиқаришни ҳам қўллаб-қувватлайди.
Зеленский эса Mirage 2000 самолётлари сонини ошириш масаласи муҳокама қилинганини ва улар Украина ҳаво ҳимоя тизимининг ажралмас қисмига айланганини таъкидлади.
Арманистон Евроиттифоққа қўшилишни бошламоқчи
Арманистон парламенти 26 март куни Европа Иттифоқига қўшилиш жараёнини бошлаш тўғрисидаги қонунни иккинчи ўқишда маъқуллади.
Қонун «Демократик кучлар платформаси» ташаббуси билан илгари сурилган бўлиб, у тўртта партия ва бир неча фуқаролик гуруҳларини бирлаштирган. Улар 50 мингдан зиёд фуқаронинг имзосини тўплаган.
2025 йил бошида ҳукумат ушбу лойиҳани маъқуллаб, парламентга тақдим этган. Арманистон бош вазири Никол Пашинян бу қонун Арманистоннинг Европа Иттифоқига тўғридан-тўғри аъзолиги эмаслигини, бундай қарор фақат референдум орқали қабул қилиниши мумкинлигини айтган.
Қонун қабул қилингач, Европа Иттифоқи билан тузиладиган йўл харитаси юзасидан музокаралар бошланиши кутилмоқда. Аввалроқ Арманистон Евроиттифоқ билан визасиз режим тўғрисида музокаралар ўтказган ва Европа Иттифоқини Арманистоннинг асосий шериги, деб эълон қилган эди.
Мавзуга оид

13:20 / 29.03.2025
Маянма ва Таиланддаги кучли зилзила, Исроилда қайтадан авж олган намойишлар ва Трампдан ўч олмоқчи бўлаётган иттифоқчилар — кун дайжести

13:34 / 28.03.2025
Рамазонда ҳам тўхтамаган қирғин, Европа режалаштираётган тинчлик режаси ва Пентагон раҳбарининг янги татуировкаси — кун дайжести

13:05 / 26.03.2025
ҲАМАСга яна таҳдид қилган Исроил, Ар-Риёддаги музокаралар якуни ва еттинчи муддатига киришган Лукашенко — кун дайжести

14:07 / 25.03.2025