ҲАМАСга яна таҳдид қилган Исроил, Ар-Риёддаги музокаралар якуни ва еттинчи муддатига киришган Лукашенко — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Исроил ҲАМАСга таҳдид қилди
Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлаш режасини тасдиқлади. Унга кўра, армиянинг асосий мақсади — ҲАМАС қўлида гаровда ушлаб турилган асирларни озод қилиш.
Кацнинг сўзларига кўра, агар ҲАМАС бу талабни рад этса, «катта йўқотишлар»га дуч келади.
18 март куни Исроил кенг кўламли ҳаво зарбаларини бошлаб, 19 январдан буён амал қилиб келаётган оташкесим режимини бузган эди.
Ғазодаги соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, сўнгги кунларда амалга оширилган зарбаларда 792 фаластинлик ҳалок бўлган, 1663 киши яраланган. Биргина 25 март тонгидаги ҳужумларда камида 20 фаластинлик қурбон бўлган.
Ҳусийчилар Тел Авив аэропортига яна зарба берди
Хусийчилар 25 март тонгида Тел-Авивдаги Бен-Гурион халқаро аэропортига икки баллистик ракета билан зарба берганини маълум қилди. Ҳаракат вакили Яҳё Сариага кўра, бу сўнгги ҳафтадаги бешинчи ҳужумдир.
Сариа бу ҳаракат Исроилнинг Ғазодаги тажовузини тўхтатиш мақсадида амалга оширилганини айтди. Унга кўра, бундан буён Исроилнинг энг катта аэропорти парвозлар учун хавфлилигича қолади.
Исроил томони эса барча ракеталар мамлакат ҳаво ҳудудига етиб бормасдан йўқ қилинганини билдирган. Ҳеч қандай талафот ёки жабрланувчи ҳақида маълумот берилмаган.
Хусийчилар шунингдек, АҚШ қўшинларига қарши Қизил денгизда ҳам мунтазам зарбалар йўлга қўйилганини иддао қилмоқда.
Зеленский Ар-Риёддаги музокаралар ҳақида
Украина президенти Володимир Зеленский Ар-Риёдда ўтган музокаралар чоғида Қора денгизда зарбаларни тўхтатиш юзасидан АҚШ, Украина ва Россия делегациялари келишувга эришганини маълум қилди. Унга кўра, келишув Вашингтон расмий баёнот берганидан сўнг кучга киради.
Зеленский АҚШ Россия билан ҳудудлар масаласини муҳокама қилаётганини билдирди ва Киев бу музокараларда иштирок этмаётганидан хавотирланаётганини яширмади. «Бизни АҚШнинг Россияга қанчалик таъсир кўрсата олиши қизиқтиради, акси эмас», — деди у.
«Бу оташкесим қанча зарур бўлса, шунча давом этади, лекин россияликлар уни мунтазам бузиб туради», — дея қўшимча қилди Зеленский.
Украина президенти Россия музокараларда доим энг юқори талабларни қўяётганини ҳам таъкидлади. «Улар максимал планкани қўйиб, кейин ундан тисарилишга жой қолдиради. АҚШ эса на бизни қўллаб-қувватлайди, на Россияни — улар ўртада турмоқда», — деди у.
Зеленский шунингдек, Россия иқтисоди 2026 ёки 2027 йилда жиддий таназзулга учрашини айтди. Унга кўра, бу тахмин эмас, аниқ ҳисоб-китобларга асосланган.
Қора денгиздаги отишмалар тўхтайди
Украина президенти Володимир Зеленский Саудия Арабистонидаги музокараларда Қора денгиздаги отишмаларни тўхтатиш ва энергетика объектларига зарба беришни тақиқлаш бўйича келишувга эришилганини тасдиқлади.
Унга кўра, мораторий Вашингтон расмий баёнот берганидан сўнг амалга кириши мумкин. Зеленский навбатдаги музокаралар яқин кунларда бўлиб ўтишини айтди.
Агар Россия келишувни бузса, Зеленский АҚШ президенти Доналд Трампдан қурол-яроғ ва санкциялар талаб қилишини билдирди.
Президентга кўра, келишувларга риоя этилишини АҚШ назорат қилади, айрим ҳолларда Туркия ёки Саудия Арабистони ҳам жалб этилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Ар-Риёдда Россия ва АҚШ ўртасида Россия ҳамда Украина ҳудудидаги энергетика объектларини ҳимоя қилиш бўйича келишувга эришилган. Мазкур муваққат мораторий 18 мартдан кучга кирган. Унинг амал қилиш муддати — 30 кун. Кейинги келишувларга кўра, уни узайтириш ҳам мумкин.
Мораторий қуйидаги объектларга тааллуқли:
1. Нефтни қайта ишлаш заводлари;
2. Нефт ва газ қувурлари, омборлар ва насос станциялари;
3. Электр энергиясини ишлаб чиқарувчи ва узатувчи инфратузилмалар — станциялар, подстанциялар, трансформаторлар;
4. Атом электростанциялари;
5. ГЭС тўғонлари.
Агар томонлардан бири мораторийни бузса, иккинчи тараф келишувдан озод деб ҳисобланади.
Россия санкциялардан 500 млрд доллар зарар кўрган
Гарчи Россия президенти Владимир Путин санкциялардан қисман халос бўлиш мақсадида АҚШнинг янги президент маъмурияти билан кескинликни юмшатиш бўйича келишувга эришишга уринаётган бўлса-да, Европа давлатлари чеклов чораларидан воз кечиш ниятида эмас.
Европа Иттифоқининг махсус вакили Дэвид О’Салливан санкцияларни самарали деб ҳисоблайди ва айни пайтда Россия иқтисодиётига энг кучли зарба айнан Европа санкцияларидан келаётганини таъкидлайди.
О’Салливаннинг баёнотига кўра, Ғарб санкциялари туфайли Россия қарийб 500 млрд доллар даромаддан маҳрум бўлган. Бу миқдор Россиянинг уч йиллик ҳарбий бюджетига тенг.
Қолаверса, Ғарб давлатларининг иқтисодий чоралари Россияни нефтини G7 томонидан ўрнатилган нарх чегарасини четлаб ўтган ҳолда ташиш учун «соядаги флот» тузишга 10 млрд доллар сарфлашга мажбур қилган.
Россия нефтини арзон нархларда Осиё давлатларига сотишга мажбур бўлди ва газ бозорида Европа улушини йўқотди. Россия гази ЕИда 45 фоиздан 15 фоизга тушди.
Россиянинг энг йирик компанияси «Газпром» 2024 йилда 1 трлн рубл зарар кўрди, унинг валюта захиралари эса 50 баробарга қисқарди.
Сурияга санкцияларни юмшатиш учун шартлар қўйилди
АҚШ Сурияга қўйилган санкцияларни юмшатиш учун Дамашқ бажариши лозим бўлган шартлар рўйхатини тақдим этди. Бу ҳақда Reuters агентлиги манбаларга таяниб хабар берди.
Маълумотга кўра, АҚШ Давлат департаментининг расмийси Наташа Франчески Сурия ташқи ишлар вазири Асад Ҳасан ал-Шайбонийга ушбу талабларни Брюсселдаги учрашувда етказган.
Шартлар қуйидагиларни ўз ичига олади:
– кимёвий қурол захираларини йўқ қилиш;
– терроризмга қарши ҳамкорлик;
– хорижлик исёнчиларни ҳокимиятдан четлатиш;
– америкалик журналист Остин Тайсни топишда ёрдам.
АҚШ ушбу талаблар бажарилса, айрим санкцияларни енгиллаштиришга тайёрлигини билдирди, аммо айнан қайси чекловлар олиб ташланиши очиқланмаган.
Трамп чат билан боғлиқ можарони изоҳлади
АҚШ президенти Доналд Трамп Ямандаги ҳусийчиларга зарба бериш режалари муҳокама қилинган чатдаги маълумотларнинг ошкор бўлишига изоҳ берди. Унга кўра, воқеа жиддий оқибатларни келтириб чиқармаган.
Трампнинг таъкидлашича, миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчи Майкл Уолц хатосидан сабоқ чиқарган ва уни «яхши инсон» деб атаган.
Чатдаги сўзлашмалар The Atlantic нашри журналисти Жеффри Голдбергнинг Signal Майкл Уолтц томонидан чатга бехос қўшиб қўйилиши орқали фош бўлди. Чатда АҚШнинг юқори мартабали мулозимлари ҳусийчиларга қарши зарбалар муҳокама қилган.
Айрим нашрлар Уолц истеъфога чиқарилиши мумкинлигини ҳам ёзди. Ҳаттоки Конгрессда масала бўйича тергов ўтказиш таклиф қилинди. Bloomberg эса бу ҳолат АҚШнинг Европа билан махфий маълумот алмашишдаги обрўйига зарар етказиши мумкинлигини таъкидлади.
Лукашенко еттинчи марта президент
Александр Лукашенко 25 март куни расман Беларус президенти лавозимига еттинчи марта киришди. Инаугурация маросимида у Конституцияга қўл қўйиб, беларус тилида қасамёд келтирди ва Марказий сайлов комиссияси раиси Игор Карпенкодан президент гувоҳномасини қабул қилди.
Маросимни МСК раиси очган ва Лукашенкони «эркин ва демократик сайлов натижасида сайланган» деб эълон қилган. Қасамёддан сўнг давлат мадҳияси янграган, президент эса расмий актни имзолаган.
Январь ойида ўтган сайлов натижасига кўра, Лукашенко 86,82 фоиз овоз тўплаб, ўзининг бу борадаги энг юқори кўрсаткичига эришган. У аввалги сайловларда ҳам юқори натижалар билан ғалаба қозонган. Масалан, 2020 йилда 80,1 фоиз, 2015 йилда 83,47 фоиз, 2010 йилда 79,65 фоиз.
Лукашенко илк марта 1994 йилда Беларус президентлигига сайланган ва шундан бери тўхтовсиз раҳбарлик қилмоқда.
Мавзуга оид

13:20
Маянма ва Таиланддаги кучли зилзила, Исроилда қайтадан авж олган намойишлар ва Трампдан ўч олмоқчи бўлаётган иттифоқчилар — кун дайжести

13:34 / 28.03.2025
Рамазонда ҳам тўхтамаган қирғин, Европа режалаштираётган тинчлик режаси ва Пентагон раҳбарининг янги татуировкаси — кун дайжести

14:08 / 27.03.2025
Нусайрат лагерига ташланган бомба, Ҳинд океанида куч тўплаётган АҚШ ва Истанбулнинг муваққат ҳокими — кун дайжести

14:07 / 25.03.2025