АҚШ «Толибон» вакили Сирожиддин Ҳаққоний учун белгиланган мукофотни бекор қилди
Қўшма Штатлар уни «глобал террорчилар» рўйхатига киритган ва қўлга олиш ёки ҳибсга олишда ёрдам берганлик учун 10 миллион доллар мукофот ваъда қилган эди.

Фото: Reuters
АҚШ Федерал тергов бюроси (FBI) «Толибон» ҳукумати ички ишлар вазири Сирожиддин Ҳаққонийни қўлга олганлик учун бериладиган 10 миллион доллар мукофотни бекор қилди. Бироқ, унинг исми-шарифи «глобал террорчи» сифатида қидирувга берилган шахслар рўйхатидан ўчирилмади, деб хабар берди афғон матбуоти.
АҚШ Давлат департаменти бир неча кун аввал Сирожиддин Ҳаққоний ва «Ҳаққоний» тармоғининг яна икки юқори мартабали раҳбари Абдулазиз Ҳаққоний билан Яҳё Ҳаққонийни «Адолат учун мукофот» дастури доирасида қидирувдагилар рўйхатидан олиб ташлаган эди.
Шу билан бирга, Давлат департаменти Сирожиддин Ҳаққоний ва «Ҳаққоний» тармоғининг яна икки аъзоси ҳамон Қўшма Штатлар томонидан халқаро террорчилар деб ҳисобланиши, «Ҳаққоний» тармоғининг ўзи эса террорчи ташкилот сифатида тан олинишини маълум қилди.
«Толибон» ички ишлар вазири Сирожиддин Ҳаққоний ҳаракатдаги Ҳайбатулло Охундзодадан кейинги иккинчи нуфузли шахс саналади. У, шунингдек, «Толибон» ичидаги «Ҳаққоний» тармоғини ҳам бошқаради.
«Толибон» аъзолари АҚШ қидирув рўйхатидан чиқарилгани ва уларнинг қўлга олиниши учун ваъда қилинган мукофотлар бекор этилгани ҳақида биринчи бўлиб «Толибон» вакилларининг ўзлари хабар берган. 21 март куни толиблар Жорж Ҳолцман исмли АҚШ фуқаросини қамоқдан озод қилди. Бундан ташқари, бир неча кун олдин Америка делегацияси Кобулда «Толибон»нинг айрим вакиллари билан музокаралар ўтказди.
Сирожиддин Ҳаққоний 2008 йилда Қўшма Штатлар томонидан «глобал террорчи» деб топилган ва унинг активлари музлатилган. Қўшма Штатлар Ҳаққонийни Америка қўшинларига қарши ўнлаб ҳужумларни уюштирганликда, жумладан 2008 йил январида Кобулдаги Серена меҳмонхонасига АҚШ фуқароси ўлимига сабаб бўлган ҳужумда айблади.
Қўшма Штатлар уни қўлга олиш ёки ҳибсга олиш ёки оила аъзоларини ҳибсга олишда ёрдам бериш учун 5 миллион доллардан 10 миллион долларгача мукофот ваъда қилган эди.