Президент табиий газ ва электрни иқтисод қилиш бўйича қўшимча топшириқлар берди
Шавкат Мирзиёев 26 март куни энергия ресурсларини иқтисод қилиш, истеъмол самарадорлигини ошириш ҳамда улардан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари бўйича йиғилиш ўтказди.

Қайд қилинишича, 2030 йилга бориб, мамлакат аҳолиси 41 миллионга етиши, иқтисодиёт 2 карра ўсиши кутилаяпти. Бу энергия ресурсларига бўлган талабни ҳозиргидан 1,5 карра оширади. Шунинг учун янги лойиҳаларни ишга тушириб, қувватни кўпайтириш билан бирга энергияни тежаш чораларини кўриш зарур.
Йиғилишда мутасаддилар шу борадаги ишлар ва келгуси режалар тўғрисида ахборот берди.
Президент кўрсатмасига мувофиқ, ўтган йилги тажрибани давом эттириб, жойларда энергияни тежаш имкониятлари олимлар иштирокида илмий асосда ўрганилмоқда. Хусусан, Самарқанд, Сирдарё ва Жиззахдаги ўрганишларда 870 миллион киловатт соат электр ва 420 миллион куб метр газни иқтисод қилишнинг янги имкониятлари аниқланди. Масалан, бу вилоятлардаги кичик ва ўрта саноат корхоналарида 35 мингга яқин эскирган ускуналарни тежамкорига алмаштириб, йилига 385 миллион киловатт соат электр ва 50 миллион куб метр газ тежаш мумкин.
Туман ва маҳалларда энергияни иқтисод қилиш бўйича имкониятлар жуда кўп. Масалан, 300 та маҳаллада 100 мегаваттли кичик қуёш станциялари барпо қилиб, шу йилнинг ўзида 45 миллион куб метр газ тежаса бўлади. Бундан ташқари, канал ва сойларда қуриладиган мингдан зиёд микро ГЭС ҳисобига қўшимча 175 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқарилади. Кўчаларни ёритишга ҳам йилига 200 миллион киловатт электр сарфланаяпти. Қуёш панелли чироқлар ўрнатилса, истеъмол 2 карра камаяди.
Шу каби имкониятлар ҳисобидан, бу йил 1,1 миллиард куб метр табиий газ ва 2,6 миллиард киловатт соат электрни иқтисод қилиш бўйича қўшимча режа олинди.
Давлат раҳбари, биринчи навбатда, йирик саноат корхоналарида замонавий тежамкор ускуналар ўрнатиш, энергия исрофини камайтириш зарурлигини таъкидлади. Ҳукуматга бу соҳада янгича ижро ва назорат тизимида ишлаш топширилди.
Ишхоналар ва уй-жойларда энергияни тежаш маданиятини ошириш ҳам муҳим. Электр ва газни беҳудага ёқиб қўймаслик, қуёш панеллари ва бошқа муқобил манбалардан фойдаланиш ҳам анча ҳажмни тежайди.
Фарғона водийси вилоятларида аҳоли зич жойлашганини ҳисобга олиб, уларни энергия билан таъминлашда алоҳида ёндашув ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Бу тажриба босқичма-босқич бошқа ҳудудларда ҳам жорий этилиши кўзда тутилмоқда.
Мавзуга оид

20:19 / 30.03.2025
Шавкат Мирзиёев 31 март куни Хўжандга боради

23:38 / 29.03.2025
Шавкат Мирзиёев Мьянмадаги ҳалокатли зилзила юзасидан ҳамдардлик билдирди

21:15 / 29.03.2025
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Рамазон ҳайити билан табриклади

20:01 / 29.03.2025