Ғазода Ҳамасга қарши намойиш бўлиб ўтди
Сешанба куни Ғазо секторида юзлаб кишилар Ҳамас гуруҳи ҳокимиятига қарши намойиш ўтказди.
Фаластинликлар Ғазода Исроил билан уруш бошлангандан бери Ҳамасга қарши намойиш уюштиришди. Одамлар уруш тугашини истаб ҳайқирмоқда ва Ҳамасдан чиқиб кетишни талаб қилишяпти.
Видеоларда ниқоб кийган шахслар қўлида таёқ ва қуроллар билан оммани тарқатишга уринаётганини кўриш мумкин.
Сешанба куни Байт-Лаҳия кўчасидан бошланган катта намойишлар видеосида одамлар «Ҳамас аут» деб бақираётгани акс этган. Ғазо жим эмас, унинг йўқ қилинишини истамайдиган халқ бор, буни билишсин, дейди йиғилганлар.
Ҳамас вакиллари ҳозирча намойиш ҳақидаги хабарларга изоҳ беришмади. Гуруҳ тарафдорлари ижтимоий тармоқларда намойиш иштирокчиларини хоинлар деб атади.
Намойиш «Исломий жиҳод» гуруҳи жангарилари Исроилга қарата ракеталар учирганидан ва Исроил армияси бунга жавобан Байт-Лаҳиянинг бир қанча туманлари аҳолисига эвакуация қилишни буюрганидан бир кун ўтиб бўлиб ўтди.
«Биз кимдир учун, қандайдир партия ёки хорижий давлат учун ўлишдан бош тортамиз», – деди намойиш иштирокчиси Муҳаммад Диаб. Унинг акаси бир йил аввал Исроил авиазарбаси остида ҳалок бўлган. Муҳаммаднинг уйи вайрон бўлган.
«Ҳамас ҳокимиятни тарк этиши ва йиғлаётганларнинг овозига, вайроналар остидан янграётган овозга қулоқ солиши керак - бу энг ҳаққоний овоз», – дейди Муҳаммад.
Ҳамас гуруҳи 2007 йилдан бери Ғазода тўлиқ ҳукмронлик қилмоқда. Бир йил олдин у Фаластин мухториятидаги сайловларда ғалаба қозонган, кейин эса Ғазодан рақобатчиларини куч билан ҳайдаб чиқарганди.
Ғазода уруш бошланганидан бери Ҳамасга нисбатан очиқ танқидлар интернетда ҳам, кўчаларда ҳам тез-тез янграмоқда.
Гуруҳнинг ҳали ҳам кўплаб содиқ тарафдорлари бор ва бу тарафдорлар ва уларнинг рақиблари нисбати қанчалик ўзгарганини баҳолаш жуда қийин.
«Кечирасиз, аммо Ҳамас нимага умид қилмоқда? У бутун дунё шунчаки рақамлар сифатида қабул қиладиган бизнинг қонимизга таянади, – деб ёзди ғазолик Муҳаммад Ал-Нажар фейсбукда. – Ҳамаснинг ўзи ҳам бизни рақамлар деб ҳисоблайди. Майли, у кетсин, жароҳатларимизга малҳам қўйсин».
Урушдан олдин ҳам Ғазода Ҳамасга қаршилар бор эди, лекин улар ўз хавфсизлигидан қўрқиб, асосан жим туришарди.
Исроил қарийб икки ой давом этган сулҳ бузилганидан кейин 18 март куни Ғазода Ҳамасга қарши ҳарбий амалиётни қайта бошлади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳисоб-китобларига кўра, урушда ҳалок бўлганлар сони 50 мингдан ошиб кетгани боис одамлар намойишга чиққан. 17 ойдан бери давом этаётган уруш аҳолининг тинкасини қуритди, Ғазони вайронага айлантирди. Қарийб 70 фоиз бинолар бутунлай вайрона бўлгани тасдиқланган. Устига устак халқаро ёрдам ташкилотларининг ҳам қўли калта, Ғазогача гуманитар юкларни етказиш амримаҳол. Ҳудуд аҳолиси деярли тўлиқ шу инсонпарварлик юклари ҳисобига кун кечирмоқда.
Мавзуга оид

08:05 / 28.03.2025
Нетаняҳу Ғазони босиб олиш билан таҳдид қилмоқда

19:45 / 24.03.2025
ҲАМАСнинг юқори мартабали аъзоси Исроил авиазарбаси оқибатида ўлдирилди

10:23 / 22.03.2025
Германия ва унинг иттифоқчилари Ғазода сулҳни қайтаришга чақирди

05:34 / 19.03.2025