Жаҳон | 11:02 / 25.03.2025
2312
2 дақиқада ўқилади

ОАВ Россия ва АҚШнинг Ар-Риёддаги музокаралар бўйича қўшма баёноти қачон эълон қилинишини аниқлади

CBS: Россия ва АҚШнинг Ар-Риёд музокаралари бўйича баёноти 25 март куни соат 13:00 да эълон қилинади.

Фото: AP

Вазиятдан хабардор манбаларнинг CBS телеканалига маълум қилишича, Саудия Арабистонидаги музокаралар якунлари бўйича Россия-Америка қўшма баёноти Тошкент вақти билан соат 13:00 да эълон қилинади.

Телеканалнинг аниқлик киритишича, бу маълумот икки манба томонидан тасдиқланган.

«Баёнот тафсилотлари ҳали аниқ бўлмаса-да, Ар-Риёддан АҚШ техник гуруҳи томонидан Трамп маъмуриятига тақдим этилган ҳисоботлар оптимистик кўриняпти», деди улар.

Манбалардан бирининг қўшимча қилишича, бу ҳақда Украина томони ҳам хабардор этилган.

24 март, душанба куни Россия ва АҚШ делегациялари Ар-Риёдда Украинадаги келишув бўйича музокара ўтказди, унинг асосий мавзуси Қора денгизда кемалар хавфсизлигини таъминлаш деб эълон қилинди. Ўт очишни тўхтатиш ва инфратузилмани ҳимоя қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинган учрашув жами 12 соат давом этди.

Сўнгги маълумотларга кўра, шундан сўнг АҚШ ва Украина делегациялари ўртасида янги учрашув бўлиб ўтади. Президент Володимир Зеленский Россия ва АҚШ ўртасидаги Ар-Риёддаги музокараларни изоҳлар экан, Москва вакилларини «уруш жамоаси» деб атади, аммо Вашингтонни Россия билан мулоқоти учун қораламади.

Аввалроқ АҚШ Украинада ўт очишни тўхтатишдан «бир нафас узоқда» эканини маълум қилган эди.

Мавзуга оид