Жаҳон | 16:26 / 25.03.2025
5839
4 дақиқада ўқилади

АҚШ билан музокаралар кунида Россия Суми марказига зарба берди

Ҳужум оқибатида 100 дан ортиқ киши яраланган.

Yevhen Abrasimov / AFP / Scanpix / LETA

Россиялик ҳарбийлар 24 март куни Суми шаҳри бўйлаб ракета зарбаси йўллади — ушбу област маркази Курск области билан чегарадан 30 километр масофада жойлашган. Расмийларга кўра, 101 киши яраланган, шундан 23 нафари — болалар; Катта ёшли жабрланувчиларнинг 16 нафари ва 14 бола шифохонага ётқизилган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, кўплаб одамлар шиша парчаларидан шикастланган. Зарба шаҳарнинг мактаб, бир нечта болалар боғчаси ва юқумли касалликлар шифохонаси жойлашган турар жойлар ҳудудига берилган.

«Ҳамма жойда болалар бор эди», – дейди Сумида яшовчилардан бири BBC Украина хизматига.

Суми области ҳарбий маъмурияти раҳбари Володимир Артюхнинг маълумотларига кўра, Россия ҳужуми оқибатида турар жой бинолари ва инфратузилма объектларига зарар етган.

Артюхнинг ёзишича, Россия Сумига ракета ҳужуми уюштирган, натижада мактабга ҳам зарар етган. Ҳужум вақтида болалар бомбапаноҳда бўлган, улардан ҳеч бири жабрланмаган.

Denys Kryvopyshyn / Cukr.city / Global Images Ukraine / Getty Images

Қутқарувчилар 40 нафар бола ва ёши катта бўлган 16 кишини эвакуация қилган. Украина фавқулодда вазиятлар давлат хизмати мактаб биноси қисман вайрон бўлганини маълум қилди.

Маҳаллий журналистлар таъкидлашича, зарбалар берилган вақтда Сумида ҳаво тревогаси эълон қилинмаган.

Зарба Ар-Риёдда тинчлик ўрнатиш бўйича музокараларнинг янги босқичи бўлиб ўтаётган кунда йўлланди. Россия Мудофаа вазирлиги ҳужумга изоҳ бермади.

Суми области ҳарбий маъмурияти раҳбари портлаш овозлари эшитилаётган воқеа жойидан олинган видеони эълон қилди.

Denys Kryvopyshyn / Cukr.city / Global Images Ukraine / Getty Images

Област маъмурияти томонидан эълон қилинган бошқа видеоларда вайрон бўлган бинолар ва хонадонлардан чиқаётган тутунни кўриш мумкин.

Портлаш тўлқини уйлар вайрон бўлишига олиб келган, кўп қаватли уйларнинг дераза ва эшикларини синдирган. Баъзи хонадонларда ёнғинлар бошланган, деб хабар беради полиция.

Valeria Zarudna / Suspilne Ukraine / JSC «UA:PBC» / Global Images Ukraine / Getty Images

Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак шаҳарга берилган зарба оқибатлари акс этган видеони эълон қилди ва Путин шу тариқа тинч аҳолига зарба беришни «тўхтатгани»ни таъкидлади.

Катта эҳтимол билан, у Россия президенти ва Доналд Трамп ўртасида яқинда бўлиб ўтган телефон мулоқоти чоғида энергетика инфратузилмаларига зарбалар беришдан тийилиш бўйича эришилган оғзаки келишувни назарда тутган. Америка манбалари АҚШ ва Россия президентлари нафақат энергетика инфратузилмасига, балки бутун инфратузилмага зарбалар беришга 30 кунлик мораторий ҳақида келишиб олгани ҳақида хабар берган, бироқ Москвада бу маълумотлар тасдиқланмаган.

Denys Kryvopyshyn / Cukr.city / Global Images Ukraine / Getty Images

Расмийлар маълум қилишича, зарба натижасида хонадонлари зарар кўрган аҳоли учун тунаш жойлари таълим муассасаларида ташкил этилган.

Reuters / Scanpix / LETA
Yevhen Abrasimov / AFP / Scanpix / LETA

29 январдан 30 январга ўтар кечаси ҳам Россия дрони Суми шаҳридаги кўп қаватли бинога келиб урилганди. Ўшанда тўққиз киши ҳалок бўлган, яна 13 киши яраланганди.

Украинанинг Россиянинг Белгород ва Курск областлари билан чегарадош Суми областига деярли ҳар куни дронлар, ракеталар ва бошқариладиган авиация бомбалари катта зарар етказмоқда. Бундан ташқари, ҳудуд Россия артиллерияси нишонида туради.

2024 йил августида Украина қуролли кучлари Курск областида амалиёт бошлаганидан бери Суми областини ўққа тутиш фаоллашди.

Феврал ойи охирида Россия армияси Суми областида давлат чегарасини кесиб ўтди ва Украина қуролли кучларини Курск областидан чекинишга мажбур қилиш учун Украина ҳудудига киришга уринди.

Denys Kryvopyshyn / Cukr.city / Global Images Ukraine / Getty Images

Мавзуга оид