Жаҳон | 16:44 / 24.03.2025
3360
2 дақиқада ўқилади

The Telegraph: Британия армиясида Стармернинг Украинага тинчликпарвар кучлар юбориш режаси танқид қилинди

Юқори мартабали ҳарбий манбага кўра, Стармернинг Украина хавфсизлигини кафолатлашга тайёр давлатлардан иборат коалиция тузиш таклифи — «сиёсий театрдир».

Фото: Justin Tallis/AFP via Getty

Буюк Британия бош вазири Кир Стармер Украинада тинчлик келишувини қўллаб-қувватлаш учун тинчликпарвар кучларни юбориш режалари билан «шошилмоқда», дейди The Telegraph’нинг юқори мартабали ҳарбий манбалари.

Нашр суҳбатдошларидан бирининг сўзларига кўра, Стармернинг Украина хавфсизлигини кафолатлашга тайёр давлатлар ўрин оладиган коалицияни тузиш таклифи — «сиёсий театрдир».

«Стармер қуруқликдаги қўшинлар ҳақида гапириб, шошилмоқда ва у нима ҳақида гапираётганини тушунмаяпти. Шу сабабли, ҳозир биз бу мавзуда камроқ, самолёт ва кемалар ҳақида эса кўпроқ эшитяпмиз. Чунки буни амалга ошириш осонроқ ва Украинада ҳарбий базалар талаб этилмайди», — дейди манба.

Нашр суҳбатдошларидан бирининг таъкидлашича, на Россия ва на АҚШ ушбу ташаббусни қўллаб-қувватламайди, коалиция тузиш тўғрисидаги музокаралар эса «миссиянинг мақсади нимадан иборат эканини ҳеч ким билмагани» боис қийинчилик туғдирмоқда.

«Нима учун 10 минг кишилик халқаро кучлар мамлакат ғарбида, фронт чизиғидан 400 километр узоқликда жойлашиши керак? У [коалиция] ҳатто ўзини ҳам ҳимоя қила олмайди. Унинг вазифаси нимадан иборат? Унинг легитимлиги қандай? Ҳарбий ҳаракатлар қоидалари қандай белгиланган? У қандай бошқарилади, таъминланади ва жойлаштирилади? Каолиция у ерда қанча вақт қолади ва нима учун? Ҳеч ким буни билмайди», — дея Британия армияси вакилининг сўзларини келтиради нашр.

Феврал ойида Кир Стармер Буюк Британия Украина хавфсизлиги кафолатини таъминлаш учун тинчликпарвар кучлар юборишга тайёрлигини маълум қилганди. Шунингдек, Франция ҳукумати ҳам тинчликпарвар кучларни юбориш имкониятини кўриб чиқмоқда. Кўп ўтмай The Times ўз манбаларига таяниб, Лондон Украинага қўшин эмас, Eurofihter Typhoon қирувчиларини юбориш имкониятини кўриб чиқаётгани ҳақида ёзди.

Мавзуга оид