Осиё давлатлари тинчликпарвар кучлари Украинага юборилиши мумкин
Бу Россиянинг Украинада НАТО қўшинлари бўлишини хоҳламаслиги билан боғлиқ экани таъкидланмоқда.

Фото: Violeta Santos Moura / Reuters / Scanpix / LETA
Ғарб давлатлари Украина чегараларига иккита тинчликпарвар контингентини юборишни режалаштирмоқда, деб ёзди Италиянинг La Repubblica нашри.
Биринчи контингент Ҳиндистон, Индонезия, Бразилия ва Саудия Арабистони аскарларидан иборат бўлиши мумкин ва уларни Россия билан Украина чегарасига жойлаштириш режалаштирилган. Иккинчи контингентга «ихтиёрий коалиция» ҳарбий хизматчилари киради ва режага кўра, улар Украинанинг Полша, Болгария, Словакия ва эҳтимол Венгрия билан ғарбий чегараси бўйлаб жойлаштирилади.
Буюк Британия, Франция, Германия, Канада ва Италия Украинанинг ғарбий чегараларини назорат қилишни режалаштирмоқда, деб ёзди газета. Нашрнинг таъкидлашича, агар АҚШ тинчликпарвар кучларни юборса, қўллаб-қувватлаш ва моддий-техник таъминотга тайёр бўлади. Москва ва Киев ўртасида сулҳ тузилса, «кафолат режаси» амалга оширилади.
Россия ва Украина чегарасига Осиё ва Жанубий Америкадан тинчликпарвар кучларни жўнатиш нияти Россиянинг Украинада НАТО қўшинлари бўлишини хоҳламаслиги билан боғлиқ, деб ёзди нашр. Бу ҳақда 12 март куни Шимолий Атлантика альянси вакиллари иштирок этишини Россия учун таҳдид деб атаган ташқи ишлар вазири Сергей Лавров айтиб ўтди. Бироқ кейинроқ Россия ТИВ учинчи давлат қуролли кучларининг Украинага исталган байроқ остида жойлаштирилиши ушбу давлатларнинг Россия билан можарода бевосита иштироки сифатида баҳоланишини маълум қилди.