Россия ва Украина уруш музокарасига «иккинчи таркиб»ни юборди
Бугун, 24 март куни Арабистонда Украинадаги урушни тугатиш бўйича музокаралар ўтказилади. Унда АҚШ, Россия ва Украина вакиллари иштирок этади. Бу музокара формати шунчалик ғалатики, уни эшитиб ҳайрон қолишингиз аниқ. Видеони охиригача томоша қилинг. Ишонинг, бунақа дипломатик трюк ҳақида ҳар куни эшитавермайсиз.
Бир хонада руслар, бошқа хонада украинлар
АҚШ президентининг Украина ва Россия бўйича махсус вакили Кит Келлог АБC телеканалига интервю бериб, Арабистондаги музокара формати ҳақида гапириб берди. Диққат қилишингизни сўрардим, Кит Келлог Трампнинг миллиардер дўсти, Такер Карлсонга интервю бериб, Путинни мақтаб ўтирадиган Стивен Уиткоффдан кескин фарқ қилади. Келлог собиқ генерал, у Уиткофф каби очиқчасига Россияга оғишиб музокара қилмайди, икки томон манфаатларидан келиб чиқиб таклиф айтади.
Ана шу Келлогнинг айтишича, Арабистондаги музокараларда АҚШ, Россия ва Украина вакиллари бир меҳмонхонага жойлашади. Россия делегацияси меҳмонхонанинг бир хонасида, Украина делегацияси худди ўша меҳмонхонанинг бошқа қаватидаги алоҳида хонага жойлашади. Улар ўзаро муҳокама қилишади, таклифлар билдиради. Энди диққат қилинг: руслар ва украинларнинг гапини америкалик музокарачилар бир-бирига етказади. Худди мактаб давридаги каби. Ёшликда икки синфдош уришиб қолса, бир-бирига бошқа синфдош орқали гапини етказарди. Ёки бир йигит бошқа синфдаги қизни севиб қолса, ўртада худди генерал Кит Келлогга ўхшаган, бутунлай бошқа синфда ўқийдиган воситачи қиз бўларди. Унинг вазифаси севишганларнинг дил изҳорларини, баъзан хатларини бир-бирига етказиш бўларди. Эвазига эса конфет ёки бирор мева билан мукофотланарди.
Кит Келлоггнинг интервюсидан кейин тушуниб етдимки, ўша воситачи мактаб болалари бутун бошли жаҳон дипломатияси амалларини бажарган экан. Устозларимиз катта ҳаётга илк қадамлар мактабдан бошланади деб бежизга айтишмаган экан.
Нега бундай қилишяпти?
Жиддий айтадиган бўлсак, америкаликлар нега бунақа мактабча музокара форматини жорий қилаётганини тушуниш мумкин. Россия ва Украина уруш ҳолатида, музокараларда давлат номидан гапирадиган катта-катта сиёсатчилар қатнашади. Табиийки, ҳудудий ён беришлар масаласида гап бошланганда улар жанжаллашиб кетиши аниқ. Чунки ҳар қанча босиқ сиёсатчи бўлмасин, фалон км ерингни душманингга топширасан деса, ўзини босиб тура олмайди. Бундай ҳолатда эса келишиб бўлмайди.
Кит Келлог айтган форматда эса ҳар икки ўзига бириктирилган хонада душман музокарачисини истаганча сўкади, кейин ҳовури босилгач ўз давлати максимум қаергача ён бериши мумкинлигини айтади. Совуққон америкалик музокарачилар фикрларни етказиб, ўз позицияларини ҳам билдириб туришади. Шу тариқа қандайдир келишувга умид қилиш мумкин.
Янги музокарачилар
Учала томондан бу галги музокараларда янги номлар иштирок этади. АҚШ номидан давлат котиби Марко Рубио ва Трампнинг хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майкл Уолтсдан ташқари дипломат, спитчрайтер Майкл Антон ҳам қатнашади. Антон АҚШдаги номзод дипломатлардан бири. У Ню Йорк мэрининг спитчрайтери бўлган, шунингдек Трамп ва Макрон учрашганда бир кун давомида Оқ уйда бош ошпазлик ҳам қилган. Трамп бош ошпазлар иштироки янгилик бўлмаган урушни тугатиш музокарасига атай Майкл Антонни юборгандир.
Украина ва Россия музокараларда бироз кучсиз таркиб билан қатнашади. Россиядан Лавров ҳам, Путиннинг маслаҳатчиси Ушаков ҳам бўлмайди. Уларнинг ўрнига Сахалин областидан думага сайланган сенатор Григорий Карасин ва ФСб директори маслаҳатчиси Сергей Беседа Арабистонга борган. Уруш бошида генерал Беседа қамоққа олингани ҳақида хабарлар чиққанди.
Украина номидан музокарада қатнашадиган энг катта мулозим мудофаа вазири Рустем Умеров бўлади. Унга президент маъмурияти маслаҳатчиси Павел Палис ҳамроҳлик қилади. Делегациянинг аксар вакиллари Украина энергетика вазирлигидан бўлади.
Руслар ва украинлар музокарага бошқарувга деярли аралашмайдиган одамларни юбораётгани эса энг хавотирли жиҳат. Тўғри, Арабистонда асосан энергетика объектларига зарба бермаслик муҳокама қилинади, лекин барибир АҚШдан давлат котиби ва президент вакили бориб турганда уруш иштирокчилари бундай одамларни юбориши Россия ҳам, Украина ҳам музокарага жиддий қарамаяпти деган хулосага олиб келади. Чиндан шунақага ўхшаяпти.
Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов.