Жаҳон | 15:14 / 24.03.2025
11020
12 дақиқада ўқилади

Саудияда АҚШнинг Россия ва Украина билан музокаралари. Бу ҳақда нималар маълум?

Ар-Риёдда Америка делегациясининг Украинадаги сулҳ бўйича Россия гуруҳи билан учрашуви бошланди. Америкаликларнинг Киев делегацияси билан музокаралари якшанба куни бўлиб ўтганди. Олдиндан анонс қилинганидек, учала делегация бир стол атрофида йиғилмади.

Фото: Украина президенти офиси

Музокараларнинг бу раундидан қандайдир кучли баёнотлар кутиш қийин: Володимир Зеленский учрашув «техник» характерда экани ҳақида гапирган, Россия томони эса Саудия Арабистонига кичик даражадаги мулозимларини юборган.

Музокаралар якшанба куни старт олганди: Америка делегацияси Украина делегацияси билан учрашди. Бугун эрталаб иккинчи босқич – Россия-Америка учрашуви бошланди.

Доналд Трампнинг Украина бўйича махсус вакили Кит Келлог ўтган ҳафта бўлажак музокаралар формати ҳақида анча батафсил маълумот берганди.

«Тўғридан тўғри бўлмаган муҳокамалар ўтказилади. Бир гуруҳ бу хонада, бошқаси эса нариги хонада бўлади. Ва улар музокаралар олиб боришади – бу худди битта меҳмонхонадаги мокисимон дипломатияга ўхшайди. Шундай бўлади ҳам. Биз барчанинг позицияси қандайлигини аниқлаймиз», – деганди Келлог.

Бу форматни Украина президенти ҳам тасдиқлаган. Зеленский Трамп билан телефон орқали мулоқотдан сўнг Россия томони билан ҳеч қандай тўғридан тўғри алоқалар режалаштирилмаганини айтганди.

«Бизнинг техник жамоаларимиз бўлади, менинг тушунишимча, формат шундайки, Украина ва Америка ўртасида учрашув бўлади. Кейин Америка билан Россия ўртасида. Ёки бу бир мамлакатда бир хил мавзудаги параллел учрашувлар бўлади», – деди Зеленский.

Якшанба кунги музокаралар Украина учун бу босқичдаги сўнггиси бўлмайди: Украина делегацияси шундан кейин Саудия Арабистонини тарк этмаган ва Москва ва Вашингтон учрашуви натижаларини кутмоқда, деб ёзади ТАСС Украинанинг «Рада» телеканалига таяниб.

Нималар муҳокама қилинмоқда?

АҚШ ҳам, Украина ҳам музокаралар техник характерга эгалигини таъкидламоқда. АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Уолцнинг айтишича, асосий мавзу аввалгидек – ўт очишни тўхтатишдир.

«Биз техник гуруҳларимиз яқин кунларда Ар-Риёдда президент Трампнинг Россия билан эришган сулҳни амалга ошириш ва кенгайтиришга эътибор қаратиш учун учрашишга келишиб олдик», – деб ёзди Уолц Х ижтимоий тармоғида Путиннинг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Юрий Ушаков билан телефон суҳбати натижалари ҳақида гапираркан.

Бир кун аввал Украина делегацияси раҳбари, мудофаа вазири Рустем Умеров музокаралар ҳақида фақат умумий жиҳатлар бўйича хабар қолдирганди. «Мулоқот конструктив ва мазмунли бўлди – асосий масалалар, хусусан, энергетика соҳасидаги масалалар муҳокама қилинди», – деганди Умеров Х ижтимоий тармоғи орқали.

«Мулоқот анча фойдали бўлди. Делегациялар иши давом этмоқда», – деди Украина президенти Володимир Зеленский.

Киевдагилар ўтган ҳафтада ҳам музокараларнинг техник характерини таъкидлашганди. Украина ТИВ спикери Георгий Тихий делегациялар «ўт очишни тўхтатиш модаллиги»ни муҳокама қилишини тасдиқлади. АҚШ билан учрашув чоғида Украина вакиллари энергетика ва муҳим инфратузилма объектларини ўққа тутмаслик бўйича келишувни муҳокама қилади, дея аниқлик киритди Тихий.

АҚШ президентининг яна бир махсус вакили Стивен Уиткофф Россия билан музокаралар вақтида «ҳақиқий прогресс» кутилаётганини айтган. У Доналд Трамп таъкидлаб келган позицияни такрорлаб, РФ президенти Владимир Путин «тинчликни хоҳлаши»ни таъкидлади.

Уиткофф Fox News телеканалига берган интервюсида энергетика инфратузилмасидан ташқари Қора денгиздаги нишонлар дахлсизлиги масаласини ҳам тилга олди. «Ўйлайманки, бу икки масала ҳам аллақачон россияликлар билан келишилди. Албатта, умид қиламанки, украиналиклар бунга рози бўлади».

Бу ҳақда Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Уолц ҳам CBS телеканалига берган интервюсида айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, АҚШ Россия ва Украина ғалла ва ёқилғи савдосини нормаллаштириши учун Қора денгизда ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришишни кутмоқда.

Иккинчи муҳим масала, Уолцнинг сўзларига кўра, фронт чизиқларини «ҳозирги ҳолатда» музлатишдир. «Ва кейин, албатта, украиналиклар хавфсизлик кафолатлари деб атайдиган доимий ва мустаҳкам тинчлик тафсилотлари кенгроқ муҳокама қилинади», –  деди Уолц CBS эфирида.

Ниҳоят, Володимир Зеленский Трамп билан суҳбатдан сўнг Киев зарба берилмаслиги керак бўлган объектлар рўйхатини тузаётганини айтди. Ушбу рўйхатга нафақат энергетика инфратузилмаси объектлари, балки портлар ва темирйўл тармоғи ҳам киритилиши мумкин.

Россия томони, ўз навбатида, АҚШ ва Россия ўртасидаги музокараларда, жумладан, Украина ғалласини Қора денгиз орқали етказиб беришни назарда тутувчи «Қора денгиз ташаббуси»ни қайта тиклаш масаласи муҳокама қилинишини билдирган. Бу ҳақда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.

Музокараларни кимлар олиб бормоқда?

Делегация таркибида АҚШ томонидан алоҳида сюрпризлар йўқ. Стивен Уиткофф Fox News телеканали билан суҳбатда Саудия Арабистонига давлат котиби Марко Рубио ва Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Уолц боришини айтганди. Бундан ташқари, Кит Келлог ушбу формат учун яна бир янги номни очиқлади – махсус вакилнинг сўзларига кўра, музокараларга АҚШ сиёсатини режалаштириш бўйича директор Майкл Антон ҳам йўл олганди.

U.S. Department of State

Майкл Антон – Америка сиёсатида машҳур шахс. У Ню Йоркнинг собиқ мэри Рудолф Жулианининг спичрайтери бўлган, кейин АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашига ўтган – Антон 2005 йилгача кенгашни бошқарган Кондолиза Райснинг матбуот котиби бўлиб ишлаган. Шундан сўнг, Майкл Антон кўп йиллар давомида австралиялик медиамагнат Руперт Мэрдокнинг спичрайтери бўлган. 2017 йилда, Трампнинг биринчи президентлик муддати пайтида, у қисқа муддатга давлат хизматига қайтганди. 2025 йилда эса у Трампнинг янги маъмуриятида сиёсатни режалаштириш бўйича директор бўлди.

Шунингдек, у сиёсат билан боғлиқ бўлмаган турли қизиқишлари билан машҳур. 2000-йиллар бошларида Антон (Николас Антонжованни тахаллуси остида) «Костюм: эркаклар услубига макиавеллича ёндашув» китобини ёзган.

2018 йилда эса у бир кунга давлат хизматига қайтганди – бош ошпаз сифатида Оқ уйда Трамп ва Макрон учун кечки овқат тайёрлаш учун.

Украина делегациясига мудофаа вазири Рустем Умеров раҳбарлик қилмоқда

Украина делегацияси энергетика соҳаси мутахассислари ва ҳарбийлардан иборат, деб хабар берган BBC мухбирига Украина ТИВ спикери Георгий Тихий. Музокараларда мамлакатларнинг сиёсий раҳбарияти иштирок этмайди, деган у. Якшанба куни, Саудия Арабистонидаги биринчи учрашувлардан сўнг, Володимир Зеленский ҳам музокаралар гуруҳида ҳарбийлар, дипломатлар ва энергетика вазирлиги вакиллари борлигини айтди.

Украина мудофаа вазири Рустем Умеровдан ташқари, делегация таркибига президент девони раҳбари маслаҳатчиси Павел Палиса ҳам киритилган, деб хабар берди Sky News.

Уларнинг иккиси ҳам Саудия Арабистонида АҚШ вакиллари билан бўлиб ўтган аввалги учрашувда иштирок этганди.

Россия ҳам делегация таркибини эълон қилди. Саудия Арабистонига унчалик таниқли бўлмаган икки музокарачи борди: Сахалинский областидан сенатор Григорий Карасин ва ФХХ (ФСБ) директори маслаҳатчиси Сергей Беседа.

Григорий Карасин / TASS

75 ёшли Григорий Карасин – эски дипломат. У ТИВда 1970-йиллардаёқ иш бошлаган, советлар даврида Буюк Британиядаги элчихона маслаҳатчиси лавозимигача кўтарилган. Кейин Карасин раҳбарлик лавозимларини эгаллай бошлайди. 1993 йилдан 1996 йилгача у ТИВ матбуот котиби бўлган, ўн йилликнинг иккинчи ярмида эса вазир ўринбосарига айланган – аввал Евгений Примаков, кейин Игор Иванов даврида. Шундан сўнг у беш йил Лондонда элчи бўлиб ишлайди, 2005 йилдан 2019 йилгача давлат котиби – ташқи ишлар вазири ўринбосари лавозимида ишлаган. Ниҳоят, 2019 йилда у дипломатик хизматни тарк этган ва Федерация Кенгаши аъзоси бўлганди.

Карасин Украинага кенг кўламли босқинни ва Украина ҳудудларини аннексия қилишни ратификация қилишни маъқуллагани учун 2022 йилдан бери АҚШ, Европа Иттифоқи, Буюк Британия ва Украина санкциялари остида. Карасин ўзининг сўнгги интервюларида мунтазам равишда Ғарбга қарши позицияни қўллаб-қувватлаган: масалан, у АҚШни СССР парчаланишида айблаган, Россиянинг биринчи ташқи ишлар вазири Андрей Козиревни эса «америкаликларга содиқ фигура» деб атаган.

Бироқ, Трамп ва Путиннинг телефон суҳбатидан сўнг Карасин Оқ уйни Россия позициясини тушунгани учун мақтади. Карасиннинг фикрича, Вашингтон Европадан фарқли ўлароқ, «Москванинг Украинадаги мажбурий сафарбарликни ва ярашувга эришиш учун Киевга ҳарбий ёрдамни тўхтатиш талабларини тўғри тушунади».

Сергей Беседа / TASS

ФХХ директори маслаҳатчиси Сергей Беседанинг Украинага қизиқиши ҳақида 2014 йилдаёқ ёзилган эди. Ўшанда у Федерал хавфсизлик хизматининг хорижий йўналишдаги фаолиятини назорат қилувчи Бешинчи хизматини бошқарган. 2014 йил апрел ойида Украина Ташқи ишлар вазирлиги ФХХга мурожаат қилиб, Сергей Беседа 20-21 феврал кунлари Киевда нима қилганини тушунтиришни сўраганди. Айнан шу кунларда Украина хавфсизлик кучлари Киев марказидаги намойишчиларга қарши оммавий равишда ўқотар қуроллардан фойдалана бошлаганди.

2014 йил апрел ойида, собиқ президент Виктор Янукович ҳокимиятдан ағдарилиб, қочиб кетганидан сўнг, Украина Ташқи ишлар вазирлиги Киевдаги тартибсизликларни тергов қилиш ва ФХХ генерали Беседани сўроқ қилишда ёрдам сўраб Россия Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилади. «Интерфакс» ФХХдаги манбасига таяниб хабар беришича, Беседа ҳақиқатан ҳам 20-21 феврал кунлари Янукович ҳокимиятдан ағдарилишига олиб келган тартибсизликлар авжига чиққан пайтда Киевда бўлган, у ерда элчихона ва Россиянинг бошқа муассасалари хавфсизлигини ташкил этиш билан шуғулланган. Шунингдек, «Интерфакс» манбаси маълум қилишича, генерал-полковник Беседа «бу масалада Виктор Янукович билан учрашув сўраган, бироқ қабул қилинмаган». «Киевга сафари давомида С. Беседaга бошқа топшириқлар берилмаган»,  дея қайд этган ФХХдагилар.

Айнан ФХХнинг Бешинчи хизмати ва унинг раҳбари Сергей Беседа 2022 йилда Украинага кенг кўламли босқин олдидан Путинга тақдим этилган маълумотлар учун масъул бўлган, деб ёзган «Важние истории». Нашрнинг махсус хизматлардаги манбалари идора ичкарисидагилар ва Россия раҳбарияти Украина ҳақида нотўғри маълумот берган хизмат ишидан норозилигини яширмагани, бу эса Москванинг ўз имкониятларини қайта баҳолашига олиб келганини айтган.

2022 йилда журналист Андрей Солдатов ҳатто ўз манбаларига таяниб, Беседа уй қамоғига олингани ва кейинчалик ФХХ генерали «Лефортово» тергов изоляторига ўтказилгани ҳақида хабар берган эди. Кейинчалик бу маълумот тасдиқланмади.

2023 йилда Украина Бош разведка бошқармаси (ГУР) раҳбари Кирилл Буданов Сергей Беседани «Украинага доимо муаммо келтирган» одам сифатида тилга олганди. Буданов Беседа айнан нимаси билан хавфли эканига аниқлик киритмаган ва фақат у «Украина ҳудудида фаол операциялар» билан шуғулланганини айтган.

Сергей Беседа ФХХ Бешинчи хизмати раҳбари лавозимини фақат 2024 йилга келиб тарк этган ва ҳозирда ФХХ директори маслаҳатчиси лавозимида ишламоқда.

Мавзуга оид