Ўзбекистон | 22:55 / 22.03.2025
10597
12 дақиқада ўқилади

Тезликни оширишга рухсат, Temu'га тақиқ ва экспортга божлар — ҳафта дайжести

Марказий банк инфляциядан хавотирда: сезилган нарх-наво ошиши 25 ойлик максимумга етди. Ҳайдовчилар учун жарима балларининг миқдори очиқланди: тезликни севадиганлар учун “компенсация” ҳам бор. Temu расман Ўзбекистонга келди, лекин барибир блокланди. Ортда қолаётган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид шу ва бошқа муҳим воқеалари – Kun.uz ҳафтаномасида.

Жарима баллари: тафсилотлар маълум

Йўл ҳаракати қоидабузарларини жарима баллари асосида баҳолашга оид ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди. Унда қайси қоидабузарлик учун қанча жарима бали бериш мўлжал қилинаётгани кўрсатилган.

Шундай қилиб, тезликни рухсат этилганидан 20, 40, 60 км/соатгача ва 60 км/соатдан ортиққа ошириб юбориш мос равишда 0,5, 1, 1,5 ва 2 жарима балига сабаб бўлади. Лекин бу қоида амалиётда ишламайди, чунки жарима баллари фақат ЙПХ ходимлари тузган баённомалар асосида ҳисобланади. Ходимлар тезликни оширгани учун ҳайдовчиларни тўхтатмай қўйганига эса анча бўлган.

Радар ва камералар орқали аниқланадиган қоидабузарликлар учун ҳам жарима балли ҳисоблаш учун қарор лойиҳасида битта шарт кўрсатилган: унга кўра, аввалига камера ёки радарга тушган қоидабузарликни айнан ким содир этган, яъни “рулда ким ўтирган” деган саволга жавоб берадиган механизм яратилиши керак. Бунақа механизм қачон яратилади, яратиладими ёки йўқми, бу саволларга ҳужжат лойиҳасида жавоб йўқ.

Бошқа жиҳатларга келсак, энг кам жарима бали тўхташ ва тўхтаб қоидаларини бузганлик учун белгиланиши кутиляпти: 0,3 балл. Қизил чироқда ўтиб кетиш ва давлат рақам белгисини ечиб олиб ҳаракатланиш 1 балл, қувиб ўтиш қоидаларини бузиш 1,5 балл, ноқонуний кортеж бўлиб ҳаракатланиш ва йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб кетиш орқали авариявий хавфни юзага келтириш эса 2 баллик жаримага сабаб бўлади.

Лойиҳага кўра, охирги 12 ойда қоида бузмаган ҳайдовчиларни рағбатлантириш учун уларга биринчи жарима бали ҳисобланмайди. Ҳайдовчи қанчадир балл тўплаганидан кейин 6 ой давомида қоида бузмасдан юрса, тўплаган балидан 2 балл айириб ташланади. Агар 2 балл айириб ташланганидан кейин ҳайдовчининг ҳисобида жарима баллари қолмаса, унда ҳисоб-китоб даври тугайди ва кейинги қоидабузарлик санасидан бошлаб янги давр бошланади. 12 ой ичида 12 балл тўплаб қўйган ҳайдовчилар камида 6 ойга гувоҳномасидан айрилади. Қарор апрел ойида имзоланиб, 1 майдан кучга кириши кутилмоқда.

Жарима баллари тизими максимал юмшоқ ва безарар шаклга келтирилганига қарамай, кўплаб қоидабузарлар шуни ҳам қабул қилолмаяпти. Бу вазиятда масъуллар гўёки компенсация сифатида, уларни хурсанд қиладиган бошқа бир янгиликни тайёрлаб қўйган: радарлар қайд этган тезликдан 5 эмас, 10 км/соат чегириб ташланиши кутиляпти.

Ўтган ҳафта Вазирлар Маҳкамаси бу ҳақдаги қонун лойиҳасини парламентга киритди. Парламент матбуот хизмати эса ҳали овозгаям қўйилмаган лойиҳа ҳақида, гўёки қабул қилиб бўлингандек хабар тарқатди. Қонунчилик палатасига кўра, бу қонун албатта қабул қилинади ва кучга киради, шундан кейин, масалан, тезлик 60 км/соат билан чекланган жойда ҳайдовчига ҳозиргидек 65 тезликдан бошлаб эмас, 70 тезликдан бошлаб жарима қўлланади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон шаҳарларида максимал тезлик 70 дан 60 га туширилганига ҳали 2 йил ҳам бўлмаганди. 2023 йил баҳорида шаҳарларда тезлик режими пасайтирилгач, бир неча ой ичида камера ўрнатилган жойлардаги авариялар 30 фоизга камайганди. Хўш, жаримасиз чегара оширилгач, бунинг натижасида кўпаядиган авариялар учун масъулиятни ким зиммасига олади? Катта эҳтимол билан, ҳеч ким.

Temu блокланди, Uzum – бозор “устуни”

Ўзбекистонда Temu маркетплейси охир-оқибат барибир блокланди. 20 мартдан эътиборан бу илова ва унинг сайтига Ўзбекистондан туриб VPN'сиз кириб бўлмай қолди. Эътиборлиси, бундан бир неча кун олдин Хитой компанияси расмийларнинг талабларига кўниб, Ўзбекистонда юридик шахс ташкил этгани маълум бўлганди. Афтидан, масъул идоралар Temu билан музокараларни бундан кейин ҳам куч позициясидан туриб давом эттиришга қарор қилган.

Солиқ қўмитаси баёнотида айтилишича, Temu компанияси юридик шахс – Ўзбекистон резиденти сифатида рўйхатдан ўтган. Яъни компания белгиланган солиқларни тўлай бошлайди ва умуман, Ўзбекистон қонунларига риоя қилиб ишлашга мажбур бўлади. Лекин бу – Солиқ қўмитаси ва Истиқболли лойиҳалар миллий агетлигини қониқтирмаяпти. Улар Temu олдига Ўзбекистонда норасмий ишлаган даври учун ҳам солиқларни тўлаб қўйиш мажбуриятини қўйган. Музокаралар бораётган вақтда эса, 20 март куни Temu блоклаб қўйилди.

Бу воқеалар фонида, Uzum Market'нинг маркетплейслар бозоридаги устун мавқейи расман тан олинди. Рақобат қўмитаси бу ҳақда берган хабарида Uzum'нинг бозордаги улушини очиқламаган. Ҳафта давомида, шунингдек, “Яндекс” компанияси Ўзбекистон бозорига ўз маркетплейсини ҳам олиб киришини эълон қилди. “Market Yandex Go” келаси ойдан бошлаб Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига буюртмаларни 1 кун ичида етказиб бера бошлаши кутилмоқда.

Асосий ставка кўтарилди

Ошиб бораётган инфляцион рисклар туфайли, Қозоғистондан кейин Ўзбекистон Марказий банки ҳам фоиз ставкаларини кўтаришга мажбур бўлди. 20 март кунги бошқарув йиғилишида асосий ставкани 0,5 фоиз бандга ошириб, йиллик 14 фоиз деб белгилашга қарор қилинди. Расмий изоҳга кўра, бу қарор юқори инфляцион босимлар, иқтисодиётда талабнинг барқарор ўсиб бораётгани ва инфляцион кутилмаларнинг кучайгани билан боғлиқ. Марказий банк ўз релизида ставкаларни бундан кейин ҳам ошириб бориши эҳтимолини истисно қилмаган. Эслатиб ўтамиз, асосий ставка 17 фоизга кўтарилган 2022 йил мартидан бери фақат пасайиб келаётганди.

Охирги сўровларга кўра, феврал ойи якунлари билан сезилган инфляция 15 фоиздан ошган. Бу – охирги 25 ойдаги энг юқори кўрсаткич. Тошкент шаҳрида сезилган инфляция 19 фоизга етган. Охирги пайтларда гўшт, сут, энергетика товарлари, ёғ, дори-дармон, йўлкира нархлари сезиларли кўтарилган. Инфялцион кутилмалар ҳам ошишда давом этяпти. Марказий банк таҳлилларига кўра, ўтган ойда аҳолининг инфляцион кутилмалари бирданига 0,9 фоиз бандига ёмонлашиб, 15,3 фоизни ташкил қилган. Бу – 24 ойлик максимум. Аҳоли ва тадбиркорлар энг кўп коммунал харажатларнинг ошишидан хавотир оляпти.

Бирламчи эҳтиёжларни қондириш борган сари қимматлашиб бораётгани фонида, фойдаланишда бўлган автомобиллар нархи тушяпти. Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти ўрганишларига кўра, феврал ойида иккиламчи бозорда Onix, Lacetti, Cobalt, Nexia, Spark ва Damas – барчаси арзонлашган. BYD ва KIA'нинг қатор моделлари нархларида ҳам пасайиш кузатилган. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг хабар беришича, охирги 1 йилда минилган машиналар олди-сотдиси бўйича расмий шартномалар салкам 2 баробарга камайиб кетган. Эслатиб ўтамиз, ўтган йили 1 апрелдан бошлаб автомобил олди-сотдисини расмийлаштириш харажатлари кескин қимматлаштирилган эди. Ҳозир 25 млн сўмлик Matiz'ни ўз номига ўтказиш харидорга салкам 5,5 млн сўмга тушади.

Кичик ва ўрта бизнесга қўллов

Ўзбекистонда юқори рейтингга эга фермерлар имтиёзга эга бўлади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг маълум қилишича, фермерларнинг тадбиркорлик рейтинги ҳосилдорлик, ишчи сони, маҳсулот ҳажми каби мезонлар бўйича алоҳида бўлади ва юқори рейтингга эга фермерлар учун кредитни суғурталаш талаби бекор қилинади. Илғор фермерлар, шунингдек, ер солиғини 3 баробар, фермерлар кенгашига бадални 2 баробар камроқ тўлайди. Бундан ташқари, пахта ва ғаллада меъёрдан кўп ҳосил олганларга 25 фоизгача ерида чорва озуқаси, сабзавот, дуккакли ва бошқа экинларни алмашлаб экишга рухсат берилади.

Давлат раҳбари бошқа бир йиғилишда солиқларни ўз вақтида тўламагани учун фермерларга ҳисобланган жами 1 трлн сўмлик пенялардан воз кечилишини эълон қилди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан учрашувда айтиб ўтди. Президентнинг сўзларига кўра, кичик ва ўрта тадбиркорларга эътибор янги даражага чиқади. Бу йил кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш учун 120 триллион сўм ресурс ажратилади, бунча маблағ аввал ҳеч қачон ажратилмаган, деди Шавкат Мирзиёев.

Кичик ва ўрта бизнесга қўшимча талаб ва мажбурият юклайдиган норматив ҳужжатлар қабул қилишга 3 йиллик мораторий эълон қилинадиган бўлди. Кичик бизнесни тугатишни осонлаштириш учун, охирги 3 йиллик айланмаси 10 млрд сўмдан ошмаган, солиқдан қарзи йўқ корхонани ихтиёрий тугатишда текширув ўтказилмаслиги белгиланди. “Биринчи имконият” тамойили жорий этилиб, илк марта маъмурий ҳуқуқбузарлик қилган тадбиркор жавобгарликдан озод қилинади. Бу билан янги иш бошлаган тадбиркорлар биринчи хато учун “жавобгарликдан суғурталанган” бўлади, деди президент.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

“Ташаббусли бюджет”нинг 1-мавсум ғолиб лойиҳалари эълон қилинди. Бу мавсумда яккабоғликларнинг фаоллиги анча эътиборли: энг кўп овоз тўплаган 12 та лойиҳанинг барчаси Қашқадарёнинг шу туманидаги маҳаллаларга тегишли бўлди. Оҳангарон шаҳридан қўйилган лойиҳа эса энг кам – атиги 26 та овоз билан ғолиб бўлган. Бу сафар “Ташаббус бюджет”да республика бўйлаб 10 млн 450 минг киши қатнашди. Бу солиқ тўловчилар ўз овозлари билан 3,2 трлн сўм бюджет пулини қаерга сарфлашни белгилаб беришди. Эслатиб ўтамиз, бу мавсумда битта лойиҳанинг максимал қиймати 1,5 млрд сўм деб белгиланган эди.

Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик йўлида яна бир фармон имзоланди. Ҳужжат билан, савдо қоидаларини халқаро таомилларга мослаштириш учун, экспорт божлари жорий этилмоқда. 1 июлдан бошлаб 86 турдаги товарларни экспорт қилувчилар бож тўлаши керак бўлади. Бу янги божлар бир қатор ҳолатларда бекор қилинаётган йиғимларнинг ўрнини эгаллайди. Экспорт божи миқдори, масалан, табиий газ ва чорва моллари учун 20 фоиз, дон маҳсулотлари учун 30 фоиз, минерал ўғитлар учун 10 фоиз деб белгиланди. Деярли тақиққа тенг 100 фоизлик бож киритиладиган маҳсулотлар қаторига пахта чигити ва толаси ҳамда металлолом киритилган.

Тошкентда фирибгарлар ташкил этган колл-марказ аниқланди. Пойтахт ИИБ хабарига кўра, бир гуруҳ шахслар Мирзо Улуғбек туманида битта уйни ижарага олиб, у ерда колл-марказ очган ва одамларга телефон қилиб, уларни алдаб, мол-мулкларини талон-торож қилиш билан шуғулланиб келган. Жиноий гуруҳда 2 киши ташкилотчи, қарийб 20 киши оператор бўлиб ишлаган. Уларнинг қўлида камида 15 мингта ватандошнинг телефон рақами ва шахсга доир маълумотлари бўлган. Тезкор тадбирда мана шу маълумотлар ва 35 та телефон, шунингдек, гиёҳвандлик моддалари ашёвий далил сифатида олинган. Маълумот учун, ўзбекистонликларга телефон қилиб, картасидан пул ўғирлаш билан шуғулланувчи гуруҳлар бунгача асосан Россияда аниқланаётган эди.

Дин ишлари бўйича қўмита ноқонуний ишлаётган “умрачи” турфирмаларга қарши кўрилаётган чоралар ҳақида маълумот берди. Унга кўра, охирги икки ойда лицензия олмасдан фаолият юритгани учун 31 та фирмага нисбатан фирибгарлик моддаси билан жиноят ишлари очилган. 19 та турфирма эса лицензияловчи орган томонидан 75 млн сўмдан жаримага тортилган. Эслатиб ўтамиз, ўтган йили 1 млн долларлик захира ва бошқа талабларни ўз ичига олувчи Умра лицензияси жорий этилгач, бу янги чиғириқдан 12 тагина компания ўта олган эди. Ўтган ҳафта Дин ишлари бўйича қўмита лицензия учун талабгорлардан яна аризалар қабул қилишни бошлаган.

Мавзуга оид