Жаҳон | 12:03
11641
4 дақиқада ўқилади

Машҳур қочоқ Олег Гордиевский вафот этди. У ҳам КГБ, ҳам британ разведкасига ишлаган

Буюк Британияда ХХ асрнинг энг машҳур жосусларидан бири деб аталган Олег Гордиевский ўз уйида 87 ёшида вафот этди. Ўлим сабаблари маълум қилинмаган.

Фото: Fiona Hanson/Reuters

Гордиевский КГБда 23 йил ишлаган, 1970-80-йилларда 15 йил давомида КГБнинг Биринчи бош бошқармасида Буюк Британия ва Скандинавия бўйича масъул эди. У ўтган асрнинг энг машҳур жосусларидан бири ва Британиянинг Олег Пенковскийдан кейин совет махфий хизматларидаги энг муҳим агенти ҳисобланган.

Буюк Британияга резидент сифатида боргач, у кўп ўтмай Британиянинг МИ-6 контрразведкаси билан OVATION тахаллуси остида, кейинчалик Британиянинг МИ-5 разведкаси билан ҳамкорлик қила бошлайди.

Бу ҳамкорлик 11 йил, Москва раҳбариятида шубҳа пайдо бўлмагунча ва 1985 йилда Россияга чақириб олинмагунча давом этади.

Москвада уни сўроқ қилишади, аммо ўша йил ёзида британияликлар махфий амалиёт ўтказиб, Гордиевскийни Британияга олиб кетишга муваффақ бўлишади, бу Буюк Британиянинг Москвадаги элчихонаси томонидан ташкиллаштирилган — уни дипломатик машина юкхонасида олиб кетишган. Шундан кейин ҳам у Ғарб махсус хизматларига маслаҳат беришда давом этади.

СССРда полковник Гордиевский сиртдан отувга ҳукм қилинган, бугунги Россияда эса британияликларга катта ҳажмдаги махфий маълумотларни етказгани учун хоин деб эълон қилинган. Собиқ ҳамкасблари уни «жирканч нусха» ва «истеъдодли пасткаш» деб аташган.

Ғарбда эса унга бутунлай бошқача баҳо берилади. У Ғарб тузилмаларига СССРда аслида нима деб ўйлашларини ва совет режими билан қандай қилиб яхшироқ мулоқот қилиш кераклигини тушунтириб, совуқ уруш йўналишини ўзгартиришга ёрдам берган деб ишонилади.

2007 йил июнида Буюк Британия миллий хавфсизлигини таъминлашдаги хизматлари учун Олег Гордиевский Буюк Британиянинг олий мукофотларидан бири – авлиё Михаил ва авлиё Георгий ордени кавалерига айланади.

Қочиб кетганидан кейин Гордиевский дунёқараши Сталин жиноятларидан кейин Хрушчев давридаги ўзгаришлар туфайли ўзгарганини айтган. Шунингдек, ўзининг сўзларига кўра, 1968 йилда Чехословакияда содир бўлган воқеалар уни қочоқ бўлишга ундаган.

«Бу советлар иттифоқи ва бошқа коммунистик давлатларнинг Чехословакияга бостириб кириши эди, – деб эслайди у 2008 йилдаги интервюсида. – Бу шунчалик даҳшатли эдики, мен бу жинояткорона даҳшатли режим учун ишлашни тўхтатишга қарор қилдим».

Жон учун қайғуриш

BBC’нинг хавфсизлик масалалари бўйича мухбири Фрэнк Гарднер таъкидлаганидек, Олег Гордиевский катта эҳтимол билан Учинчи жаҳон урушининг олдини олди, дейиш муболаға бўлмайди.

1983 йилда, совуқ уруш авжига чиққан пайтда, Лондонда бўлиб турган Гордиевский Британия махсус хизматларини Москвадаги раҳбарият Ғарбнинг кутилмаган ҳужумидан қаттиқ қўрқаётгани ва шунинг учун олдини олувчи зарба беришга тайёрланаётганидан огоҳлантиради.

Ушбу маълумотларни инобатга олган ҳолда, НАТО кучлари Ғарбий Европа ҳудудида ўтказилган «Тажрибали камончи» (Able Archer) код номи остидаги кенг кўламли ҳарбий машғулотларни тўхтатади ва инқироздан қочишга муваффақ бўлади.

1985 йилдан бери Гордиевский Саррей округида яшаган, унинг аниқ манзили эҳтиёткорлик билан яширилган, унинг ўзи кўпинча гримдан фойдаланган, хусусан, BBC рус хизматига интервю бериш учун келганида ҳам.

Бироқ, у КГБнинг бошқа собиқ ходими Александр Литвиненконинг ўлимидан кейин ўз ҳаёти учун янада қаттиқроқ хавотирлана бошлайди.

«Бир кун келиб улар менга зарар етказиш йўлини топишади, деб ўйлайман, – дерди у. – Энди ҳаёт унчалик хавфсиз эмас. Агар улар мени ўлдирмоқчи бўлишса, бу шу ерда, Британияда бўлади».

Олег Гордиевскийни ўлдиришмаган. Унинг ўлими сабабларини тергов қилишда коронерга (бевақт ўлим сабабларини текширувчи шахс) терроризмга қарши кураш бўлими ходимлари ёрдам бераётган бўлса-да, қотилликка шубҳа қилиш учун асослар йўқ.

Аммо Гордиевский бугунги Россия қачонлардир ўз сирини ошкор қилганларни кечирмаслигини жуда яхши тушунарди.

Мавзуга оид