Ўзбекистон | 22:26 / 21.03.2025
13329
3 дақиқада ўқилади

 “Ташаббусли бюджет” ғолиблари эълон қилинди

Республика бўйича 2 369 та лойиҳа ғолиб деб топилди. Уларни молиялаштиришга 3,2 триллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилади. Энг кўп овозни Яккабоғ туманидан қўйилган лойиҳа тўплаган – 14 634 та. Оҳангарон шаҳридан қўйилган лойиҳа эса атиги 26 та овоз билан ғолиб бўлган.

“Ташаббусли бюджет” жараёнининг 2025 йилдаги 1-мавсуми якунланди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 21 март куни ғолиб лойиҳалар рўйхатини эълон қилди.

Жараёнларда республика бўйлаб 10 млн 450 мингта овоз берилган ва 3,2 трлн сўмлик 2 369 та лойиҳа ғолиб деб топилган. Жорий мавсумда бир лойиҳа учун энг юқори қиймат 1 миллиард 500 миллион сўмни ташкил этди.

Интернетда тарқалган видеоларда ғолиб бўлган маҳаллалар буни ўйин кулги ва хурсандчилик билан нишонлаётганини кўриш мумкин.

Республика бўйлаб энг кўп овозни Яккабоғ туманидан қўйилган лойиҳа тўплаган – 14 634 та. Эътиборга молик жиҳати, энг кўп овоз тўплаган тўп ўн иккиталикдаги лойиҳаларнинг ҳаммаси Яккабоғ туманидан илгари сурилган ташаббуслар.

Оҳангарон шаҳридан қўйилган лойиҳа эса энг кам – атиги 26 та овоз билан ғолиб бўлган. Муқаддас Хаджимуратованинг кўча чироқларини ўрнатиш ўйича ташаббуси шунча овоз тўплаган.

Шу билан бирга, Қува туманида фуқаролар мажбурий овоз тўплашга жалб этилиши ҳолати қайд этилгани сабабли мажбурий овоз тўпланган лойиҳаларга аниқлик киритилмоқда, ўрганиш натижаларига кўра, мазкур туман бўйича ғолиб лойиҳалар қўшимча равишда эълон қилинади.

Маълумот учун, бу йилги 1- мавсумга 1 февралдан старт берилганди. Лойиҳалар киритиш 1−20 феврал кунлари, уларни саралаш 21 февралдан 7 мартгача ҳамда тарғибот қилиш 8-10 март кунлари бўлиб ўтган. Овоз бериш босқичи эса 20 март куни якунланди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Kun.uz’га маълум қилишича, 2025 йилнинг 2-мавсумидан бошлаб барча маҳаллалар учун ғолиб бўлиш имкониятини яратиш мақсадида сўнгги мавсумларда кетма-кет икки маротаба ғолиб деб топилган маҳаллалар ёки ташкилотлар учун навбатдаги иккита мавсум доирасида лойиҳа киритиш имконияти чекланади.

Мавзуга оид