Ўзбекистон | 11:14 / 21.03.2025
16850
26 дақиқада ўқилади

Бутун зал Абдулла Ориповдан шеър сўраганди — шоирнинг шогирди хотиралари

21 март Ўзбекистон мадҳияси муаллифи Абдулла Орипов туғилган кун. Шу муносабат билан Kun.uz шоирга бир муддат ҳайдовчилик қилган ёзувчи Сайдолим Ҳайдаров хотираларини тақдим қилади. Ҳикояларда Абдулла Орипов 40 га яқин одамни ишли қилишга бош бўлгани, қушлар билан гаплашгани-ю Хўжанд сафари саргузаштлари ҳақида қизиқ воқеалар акс этган.

Абдулла аканинг “Меҳнат ярмаркаси”

Кунларнинг бирида пойтахтнинг Эски шаҳар тарафига йўлимиз тушиб, “Ачовот” маҳалласидан ўтиб бораётсак, бир тўп лўли хотин-халажлар ўзларича бир нималарнидир бақир-чақир қилиб, муҳокама қилаётганига кўзимиз тушди. Абдулла ака машинани тўхтатишни буюрди. Улардан сал ўтиб тўхтадик. Хаёлимда ҳозир Абдулла ака ёниб турган оловга керосин сепади, деган ўй келди. Бироқ воқеа ривожи бошқача тусда кечди. Абдулла акани кўриб ғала-ғовур қилаётган аёллар бирдан тинчиб, уни ўраб олишди. Бири қўйиб, бири гапирар, аммо гап нимада эканлигини англаб бўлмасди. Шу пайт уларнинг орасидан бир кампир чиқиб, ҳиндуларга ўхшаб ўнг қўлини кўтарган эди, ҳаммаси тинчиди-қолди. У Абдулла ака билан худди қадрдонлардай сўраша кетди. “Энанг айлансин, ўзимнинг шоир бачам, депутат бачам! Қачон сени ойна қути (телевизор)да кўрсам, бир гаплашишга орзуманд бўлардим. Худонинг ўзи сени бизга етказди. У тўпдагилардан бирига қарата: “Ҳой, Азмининг бачаси, тез уйингга чоп, курси келтир”, деди. Дам ўтмай, курси хам келтирилди. Уни тасвирлаш учун одам бинойидек рассом бўлиши керак, менимча. Курсининг икки оёғи узумнинг зангидан, қолгани тол шохидан ясалганга ўхшарди. Ўтиргичининг қопламасиям камида беш хил матодан қопланган. Хуллас, Абдулла ака курсига чўкди ва машварат бошланди. Бу орада ўтган-кетганлар ҳам қизиқиб, “кўчамажлисига” қўшиларди.

Кампир гап бошлади: “Абдуллажон бачам, мана ўзинг кўр, йўлнинг нариёғи “Чинни заводи”. Аммо у ерга бирор-бир лўли бачасини ишга олишмайди. Ўғриликни ўзлари қилиб, айбни нуқул лўли бачаларга тўнкашади. Ташмачилари ташиб чиқиб, чойнак, пиёла, косани бизга пуллашади. Мелиса деганиям, суякка ўрганган кучукдай, бачаларни пойлагани пойлаган. Чойнак, пиёлани қўйиб тур, таги тешик тоғораси йўқолсаям, ўғри ким - лўли бача! Ахир ўзинг ўйла, ишлай деса, иш бермаса, кўчада тиланчилик қиса, ушлаб кетса, уйига қуруқ қайтса, отасидан хипчин еса, нима қилсин шу бечоралар. Улар ҳам инсон боласи-ку. Иш сўраб борсак, бири ҳайдаб солади, бировида бир хил жавоб: “Айтамиз, ест қиламиз!" Бир ёрдам бер, шоир бачам, сени Худо ярлақасин”, деди ва қўлини очиб, лўлича шевада узундан узоқ дуо қилди. Ҳа, айтганча: “Инимни” танисанг керак, уни Расул Раҳмон, дейишади.

Катта одам бўлсаям, бизга қайишади, тарафимизни олади”, деди ғурур билан. Шу тобда тўпланганлардан бири: “Иби, око мулло шоир, лўли қизлар ҳам эрини, бачаларини яхши кўради, топганини уйига ташийди, бузоқнинг ҳаққи бор деб, сигирнинг сутиниям ичмайди. Бизга атаб ҳам бир шеър ёзинг, маза қилайлик, косангиз чиннидан бўлсин, айланай Сиздан!” - деди. Унинг гапига Абдулла ака мийиғида кулиб қуйди. Сўнгра икки-уч кундан кейин учрашишга ваъдалашиб, улар билан хайрлашди. Шу куниёқ Абдулла ака ўша пайтдаги Тошкент шаҳар ижроия қўмитаси раиси А.Фозилбеков билан бу масалада телефон орқали гаплашиб, улар индин куни Ачовот маҳалласида учрашиш вақти-соатини келишиб олишди. Менга эса топшириқ берди: “Шоир, Ачовотга бориб, ҳалиги кампиршони топасан. Унга учрашув вақтини билдириб, фақат ишсиз эркак ва аёлларни ёнига олиб, заводнинг олдида кутиб туришни, ғала–ғовур қилмасликни, бола-чақасини етаклаб бормасликларини, тайинлаб айт!” Хуллас, ҳозирги замон тили билан айтганда, Абдулла аканинг “Меҳнат ярмаркаси”да қирққа яқин Ачовот маҳалласининг фуқаролари доимий иш ўрнига эга бўлган эди.

Сигир йўғида

1985 йилнинг баҳор ойлари эди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси жойлашган Пушкин кўчасидан ўтиб бораётсам, бино олдида адабиётшунос олим Муҳсин Омонов билан шоир Абдулла Орипов суҳбатлашиб туришган экан. Муҳсин домла ТошДУда дарс берар, биз талаба эдик. Салом бериб, йўлимда кетмоқчи эдим, домла тўхтатиб, саволга тутди. “Ҳа, шоири замон, бу депараларда бахтингизни излаб юрибсизми?” деди доимгидек ҳазиллашиб. Улар билан қўл олишиб кўришгач:

– Домла, бозорга бор, бахтингни кўр”, деган экан машойихлар. Шунга амал қилиб Олойга қараб кетяпмиз, дедим. Нимагадир, А.Орипов туриш-турмушим ҳақида қизиқсинди. Менинг ўрнимга Муҳсин домла қўқонча шевада жавоб қилиб: “Абдуллажон, ўзимизнинг баллардан, шеърлари билан матбуотда кўриниб туради. Билмадим, “ёғли” жойми, ошхоналар трестида ишлайди” деди. Абдулла ака эса: “Ижодкор одам, шу муҳитта яқин бўлгани маъқул”, дея кўнглимга яқин гапни айтди. Шу алпозда гаплашиб турган эдик, Уюшма биносидан сочларига оқ тушган, кўзойнак таққан, бўйи пастроқ бир киши чиқиб, биз томон кела бошлади. У Уюшма раисининг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Собир Салаев деган киши экан. Салом-аликдан сўнг, Муҳсин домла ундан: “Собир ака, манави йигит бизни шогирдлардан, уюшмаларингда у боп бирор иш йўқми?" деб сўради.

– Ярим штатдан сантехник ва дурадгорга жой бор. Эпласа, эрталаб ишга келаверсин, - деди. Бу гапга Абдулла ака қўшилиб: “Сигир йўғида эчки ҳам сигир, хўп деб келавер, шоир. Сен бизга теша чопишдан дарс берасан, биз сенга шеър ёзишни ўргатамиз” деди кулимсираб. Хуллас, икки яримни бут қилиб, Уюшмада иш бошладим. Иш кабинетим ҳам иккита: биттаси ертўлада, иккинчиси ҳовлида. Уларнинг на деразаси бор, на ўриндиғи.

Аммо иш унчалик кўп эмас. Ҳар-ҳар замонда эшикларнинг қулфи бузилади, гоҳида “нулевой” кабинетлардаги жўмраклардан сув тошади, холос. Шу боис кунлар ҳали китоб ташиш, қоровул келмай қолса, ўрнига тунги постни эгаллаш, навбатчи шофёр бетобланиб, ишга чиқмаса, унинг ўрнига рулга ўтириш, каттароқ йиғин ташкиллаштирилса, самоварга ўт қалаш каби юмушлар билан ўтиб, одам зерикмасди. Тўрт ой деганда амал пиллапоясидан кўтарилиб, Уюшманинг ишлар бошқарувчисига айландим. Бу орада Абдулла ака билан анча иноқлашиб кетдик.

Бу қандай суҳбатки?..

Абдулла Ориповнинг ҳаёти ва ижоди у тириклик давридаёқ катта тадқиқотлар, илмий мунозаралар, таҳлилий-танқидий қарашларга бой бўлгани сир эмас. Аммо Абдулла акадаги Аллоҳга бўлган чексиз эътиқод ва муҳаббат, унга Яратган томонидан ато этилган илоҳий ҳис-туйғунинг тиниқ мавжларини ҳамма ҳам илғайвермайди. Бўлиб ўтган бир ғайри ҳолат воқеа эса йиллар ўтгани сайин ҳайратимни ошираверади. Ёз ойлари эди. Абдулла ака билан бир адибнинг 60 ёшга кириши муносабати билан ташкил этилган зиёфатга бордик. Унга катта ёзувчи ва шоирлар орасидан, менга эса пастроқдан жой тегди. Даврадаги “сўз заргарлари”нинг айримлари 2-3 марталаб “Сайланма асарлар”ини чоп эттирган бўлса-да, бироқ улар адабиёт, шеърият оламидаги шон-шуҳрат бобида Абдулла аканинг “тиззасига” ҳам етмасди. Буни улар зимдан билар, билган сари ғайирлиги ошарди. Бундайлар эвини қилиб, қайси йўл билан бўлмасин Абдулла акага панд беришга шай турарди. Энг қизиғи, мазкур тоифадагилар Уюшмада бўлиб ўтадиган турли-туман машваратлар мавзусидан қатъи назар, улар ҳозир-у нозир бўлар, тадбир давомида тез “уюшиб” кетар, лўнда қилиб айтганда “ҳамфикр”, гапи-гапига тўғри келарди. Бу гал ҳам шундай бўлди чоғи, Абдулла ака кетишга ҳозирланиб, мени кўча томонга имлади. У машинага ўтиргач: «Шоир мошинни Дўрмонга ҳайда. Ўзимиз отамлашамиз, йўлда бирон-бир дўкон олдида тўхтаб ўт», — деди. Одатда Абдулла ака бирон нарсадан аччиқланса ёки уни биров ноўрин хафа қилса, кўп сигарет чекар, ўзича: «Оббо, энағар-ей!» деб қўяр, гоҳида -лар кўплик қўшимчасини қўшарди. Дўрмонга ҳам етиб келдик. Ханифа келинойи ҳовлидан оқиб ўтган ариқ устидаги сўрига дастурхон тузади. Ярим кечагача гаплашиб ўтирдик. Абдулла аканинг илҳоми келиб, шеър тўқир, мен уларни қоғозга туширар эдим. Чарчаганимдан кўрпачага ёнбошлаб, ухлаб қолибман. Бир маҳалда Абдулла аканинг овозидан уйғониб кетдим. Осмон тўла юлдузлар. Атроф одамни таниш даражасида ғира-шира ёруғ, лекин ҳовлининг кунботар тарафидаги икки туп чинор дарахти атрофи хиёл қоронғи эди. Дарахтлардаги сон-саноқсиз қушлар тинимсиз чуғуллаб, қулоқни қоматга келтирарди. Абдулла ака уларга қарата «Жим бўлинглар, Қодирий қани?! Усмон Носир, Чўлпон қани?!» - дея хитоб қиларди. Шунда аввал бир қуш, ортидан бошқаси чуғулларди. Мен қушшунос эмасман, лекин ўша дамда уларнинг чуғур-чуғури худди қуш тилида шеър ўқиётгандек, бошқалари уни тинглаётгандек туюлди. Қушларнинг чуғурлаши тиниши билан Абдулла ака шеър ўқишни бошларди. Бу қандай мулоқот, қандай шеърий суҳбатки, англаб етмасдим. Аллапайтгача ўзимга келолмадим. Тушимми, ўнгимми, булар хобимда содир бўляптими, деган ўйимга ечим йўқ эди. Яна ухлаб қолибман. Қуёш салкам терак бўйи бўлганда Абдулла ака аста уйғотиб: «Тур шоир, мошинни қўш, мол бозорига борамиз», деди. Юз-кўлимни ювиб, гараж томонга кетаётсам, Абдулла ака билан келинойи гап талашиб туришган экан. Келинойи: «Уйда шунча гўшт туриб, нима қиласиз қўй суйдириб» деса, Абдулла ака: «Гапни қумғонга солиб қайнатмай, пулдан олиб чиқ», дея амрини ўтказмоқчи бўларди. Хуллас, Қибрай туманидаги мол бозорига етиб борсак, беш-олтита тиррақи қўйларни ушлаб турган одамдан бошқа хеч ким қолмабди. Ўша дамда мол бозори кун чиқмасдан тамом бўлиши кимнинг хаёлига келибди дейсиз. Абдулла ака бозор эшиги олдида турган паттачидан, бугун бозордан энг катта бўрдоқи қўйни ким сотиб олгани, у одам қаерда яшашини сўради. У фалончи қассоб, фалон кўчада яшайди, деди. Излай-излай манзилини топдик. Эшикни тақиллатган одам, 30 ёшлардаги бир норғул йигит эшикни очди ва рўпарасида Абдулла акани кўриб “тахта” бўлиб қолди. У ҳаяжондан: “Қани, қани... ич...ичкарига” дейишдан нарига ўтмасди. Ниҳоят ўзига келиб, хонадонига таклиф қилди. Бироқ Абдулла ака вақт тиғизлигини, бир масалада унинг ёрдами зарур эканлигини айтди. У: «Қулимдан келса, бажонидил бажараман, Сиздек инсоннинг масаласини ечмасак, нима қилиб юрибмиз бош кўтариб», деди чапаничасига. Абдулла ака унга: «Бугун бозордан энг бўрдоқи қўйни сиз сотиб олган экансиз. Ҳали сўймаган бўлсангиз, уни бизга сотасиз», деди. Қассоб йигит эса: “Эҳ, шундай демайсизми, масаланинг ечими шу экан холос-ку. Қўйни ҳали сўйганим йўқ, Сиздай инсон хонадонимиз эшиги олдида туриши одобдан эмас. Ичкарига марҳамат қилинг, шу бўрдоқини оёғингиз остига суяман”, дея илтифот қилди жўмардлик билан.

Абдулла ака унга раҳмат айтиб, исмини сўраган эди, у айтди.

- Энди гап бундай иним Маҳмуджон, сиз қўйни қанчага сотиб олдингиз ва ундан қанча фойда олишингизни ҳисоб-китоб қилинг, сизни рози қилиб, қўйни биз олиб кетамиз, деди. У қўйни 180 сўмга сотиб олганини, фойдаси 20-25 сўм бўлишини айтди. Абдулла ака 200 сўмни санаб қассоб йигитга узатди. У пулнинг 180 сўмини олишга, фойдадан воз кечишга рози бўлди. Лекин Абдулла ака қистов қилиб, фойдасини ҳам олишни сўради. У буни буткул рад этиб, агар Абдулла ака қисталанг қилаверса, қўйни сотмаслигини айтиб, туриб олди. Хуллас, қўйни “Волга”нинг юкхонасига, қассобни орқа ўриндиққа ўтиргизиб, қайтиб келдик. Тайёрлаб қўйилган нонуштадан бироз тамадди қилгач, қассоб йигит ишига киришди. Абдулла ака эса менга: «Мошинни миниб, Хастимом мадрасасига борасан, дарвозадан ўтиб, учинчи ҳужрага кирсан, бир қори йигит ўтирган бўлади. Унга Абдулла акам йўқлаяптилар десанг бас, сенга эргашиб келаверади», - деди. Мен ҳар эҳтимолга қарши: “Мабодо, у жойида бўлмаса-чи?” дегандим: “Сен боравер, у ҳужрада пойлаб ўтирибди”, деди. Қори йигитни олиб, қайтиб келсам, қассоб қўйни нимталаб, қозонга шўрва ҳам ташлаб қўйибди. Мен ошга уннай кетдим. Маҳмуджон қассоб одамшаванда, кўнгли очиқ йигит экан, бирпасда Абдулла ака билан апоқ-чапоқ бўлиб кетди. Ҳаш-паш дегунча, таомлар пишиб, дастурхонга тортилди. Қори йигит қироат билан Қуръон тиловат қилди. У хайр-эҳсондан, қилган оятлардан ҳосил бўлган савоблар пайғамбарлар, азиз-авлиёлар, Абдулла ака, келинойи тарафдан ўтган ота авлод, она авлодлар қаторида марҳум шоир ва адиблар руҳига бахшида бўлсин, дея дуo қилди. Абдулла ака қоғоз халтага солинган қўйнинг нимтасини қори йигитга беришимни тайинлади. Уни олиб шаҳарга тушиб кетдим. Қайтиб келганимдан кейин Абдулла ака билан анчагача суҳбатлашиб ўтирдик. Абдулла аканинг гап-сўзидан англадимки, руҳлар дуосираб қолишган, сўйилган жонлиқ, ўқилган Қуръон оятларидан ҳосил бўлган савоблар ана шу кемтикни тўлдиришга мақсад қилинган экан. Аллоҳ ўтганларнинг охиратларини обод айласин. Омин!

Хўжанд сафари

Ўрик пишиғи эди. Абдулла ака йўқлаб қолди. “Шоир, мошинни сафарга тайёрла, Хўжандга жўнаймиз. Уюшма раиси (Ўлмас Умарбеков)нинг хабари бор. У ерда Ўзбекистон адабиёти кунлари бошланяпти. Шоир ва таржимон Жонибек Қувноқ ҳам биз билан боради”, деди. Хуллас, йўлга отландик.

Икки мамлакат чегарасида бизни юзлаб одамлар қўлларида гулдасталар билан кутиб олишди. Тожикистоннинг Матчох туманидаги шинамгина дала шийпонига дастурхон тузаб қўйишган экан. Ҳукумат расмийлари Абдулла ака ва Жонибек Қувноқни оқ пардалар осилган айвонга олишди. Мени эса пастроққа афтидан ҳайдовчилар учун мўлжалланган одмироқ тузалган столга таклиф қилишди. Озгина чойлашиб турган эдик, кўркам кийинган бир аёл менга яқинлашиб: “Укажон, маъзур тутасиз. Биз сизнинг Абдулла аканинг шогирди эканлигингизни билмабмиз. Сал тушунмовчилик бўлибди. Сиздан узр сўраймиз. Туринг, Абдулла ака сизни йўқлаяптилар”, деди. Мен унга ортиқча хижолат чекмасликни айтдим. Кейин билсам, у опа вилоят ижроия қўмитасининг раиси экан. Енгил таомланиб олингач, Хўжандга қараб йўл олдик. Абдулла ака ва Жонибек Қувноқ бошқа машинага ўтиришди. Менга эса ўзбекчани бироз тутилиб гапирадиган киши ҳамроҳ бўлди.

Колонна бўлиб кетяпмиз. Шаҳарга киргач, шеригим машинани ўнг томондаги кўчага буришни суради. Кўча бўйлаб бироз юрган эдик, катта бир дарвоза олдида бизни уч-тўрт киши кутиб олди. Ҳамроҳим уларга тожикчалаб бир нарсалар деган эди, улар бош силкитиб, маъқуллашди. Уларнинг суҳбатидан бир нималарни англагандай бўлдим-у, лекин ҳайронлигим ошганидан ҳеч нарса дея олмадим. Улардан бири бўйдорроқ, оқ кастюм-шим кийиб, оқ кўйлагига ярашиб турган бўйинбоғ таққани мени ичкарига бошлади. Орқамиздан қолганлари эргашди. Бироз ноқулай бўлса хам айтишим керак, сафарга дабдурустдан жўнашимиз боис, мен шунчаки кўча кийимида йўлга чиққан эдим. Бу дегани битта жинси шим, қора кўйлак, оёғимда қорақизғиш кроссовка. Биз келган жой вилоятнинг энг катта кийим-кечак базаси бўлиб, мени бошлаб юрган киши шу идоранинг раҳбари, ёнидагилари хизматчилар экан.

Хуллас, опа мутасаддиларига тайинлаганидек, бош-оёқ сарпо билан базадан чиқиб, Абдулла акалар тўхтаган меҳмонхонага етиб бордик. Абдулла ака мени бу аҳволда кўриб: “Тап-тайёр куёв бола бўлибсан, фақат келин топиш масаласини ҳал қилсак бўлди” деб турган чоғи бояги опа кириб келди. Хижолат бўлиб тургандим, хижолатпазликдан Абдулла аканинг ўзи қутқарди. “Опа, бўлажак шеърият кечаларида мухлислар ҳойнаҳой анави башанг кийингани Абдулла шоир дегани бўлса керак, дея ўйлашади-да”, дея самимий кулди. Мен опага раҳмат айтдим. У эса, “Укажон, раҳматга арзимайди, фақат илтимосим, шоиримизни авайлаб- асраб, эсон-омон уйларига олиб бориб қўйсангиз бас”, деди. Эртасига Хўжанд давлат педагогика институтида шеърият кечаси бошланди. Унда тожикистонлик Мўмин Қаноат, Гулрухсор Сафиева каби таниқли шоир ва адиблар иштирок этишди. Шеърхонлик бошлангач, қизиқ ҳолат юз берди.

Абдулла ака мавзу доирасида бироз маъруза қилиб, сўнгра бир-иккита шеър ўқигач, маҳаллий шоирларга навбат берилди. Аммо залдагилар нимагадир уларни унча хушламай такрор ва такрор Абдулла акадан шеър ўқишни талаб қилишар, улар жўр бўлиб «Абдулла Ориф! Абдулла Ориф» дея ҳайқирарди.

Даврани бошқариб бораётган масъул хижолатпазликдан чиқиш мақсадида, Жонибек Қувноқ ва менга навбат берди. Аранг, биттадан шеър ўқидик. Жайдари қилиб айтганда: Зал бизни емади. Хуллас, Хўжанддаги шеърхонлик учрашувларида бош соврин мутлақ Абдулла Ориповда кетди.

Эртаси куни Конибодомда шеърхонлик давом этди. Кечаги учрашувлардан тегишли хулоса чиқарган айрим шоир ва адиблар ақлли иш қилиб, у ерга бормай қўя қолишди. Конибодомдаги шеърхонлик кечасида ҳам кечаги ҳолат такрорланди. Абдулла ака пайтини пойлаб мени ташқарига имлади. Холироқ жойга ўтганимизда Абдулла ака: «Шоир, гап бундай, бир-иккита шоир аламзада бўлиб турибди, улардан калтак-палтак емасимиздан қочиб қолганимиз маъқул», деди ҳазил аралаш. “Келдингми, келдик, менимча, тўқсон фоизга режани бажардик. Сен мошиннинг калитини менга қолдириб, аста кириб Жонибекка тайинла, у қофиясини сал келиштириб, вазиятни тушунтириб, “Абдулла акани шошилинч, Тошкентга чақириб қолишди, сизлардан узр сўраб, жўнаб кетдилар, деб айтгин”, деди.

Шундай ҳам бўлди. Машинага ўтириб бироз юргач, Абдулла акага: “Келдик-келдик, мана, Қўқонга нари борса бир соатлик йўл қолди. Ота-онам ҳам сизнинг мухлисингизлар. Бирров борамиз, бир чуқим ош еб, сўнг довон орқали Тошкентта чиқиб кетамиз”, дедим. Абдулла ака бироз ўйланиб турди-да, “Маъқул гапинг, қайтар машинани”, деди. Чегарадан ўтиб Қўқонга 10 километрча қолганда Абдулла ака дабдурустдан «Машинани тўхтатиб, четга ол» деди. Машинадан тушиб икковимиз сигарет чекиб, хуморбости қилдик. Абдулла акани нимагадир ўй босиб қолганди. Бироз ўтгач у: “Биласанми шоир, билганим, даданг улуғ шоир Хазинийнинг невараси. Сенинг гап-сўзингдан, унинг ҳам шоиртабиатлигини биламан. Бундай инсонлар олдига алоҳида тайёргарлик билан борган маъқул. Хафа бўлма, насиб қилса, албатта, келамиз. Энди машинани орқага қайтариб, Тошкентга ҳайда”, деди. Бир ҳисобга жиндай ранжидим, иккинчи тарафдан, Абдулла аканинг ички дунёсини ўз шууримча англаганим учун унчалик хафа бўлмадим ҳам.

Зеро, албатта келамиз, деди-ку, дея ўзимга таскин бердим. Билмадим, ўшанда бироз ўжарлик қилибми, ялинибми, Абдулла акани Қўқонга олиб борсам бўлар экан. Армон ичимда қолиб кетди. Дадам билан Абдулла ака дийдорлашолмай, бу дунёдан ўтиб кетишди.

Бир ярим соат йўл босиб Бекобод шаҳрига кириб келдик. Абдулла ака машинани район партия комитети биносига ҳайдашимни тайинлади. Аввал райком биносида, кейин биринчи котибнинг уйида тонг саҳаргача шеърхонлик бўлди. Эртасига йўлга тушдик. Бўкага кириб бораётганимизда Абдулла ака машинани ўнгдаги бир кўчага ҳайдашимни буюрди. Кўча юзига туташ қурилган уйлар тугаб дала йўли бошланди. Ҳайронлигим ошяпти-ку, аммо индамай дала бўйлаб кетяпмиз. Ниҳоят, азим чинорларга туташиб кетган ёлғиз бир уй олдида тўхтадик ва Абдулла ака билан орқа-олдин бўлиб ҳовлига кириб бордик. Уйдаги сўрида кўринишидан юз ёшнинг нари-берисидаги бир онахон ўтирган экан. Унга жуда яқинлашдик ҳамки, у бизни англамади. Абдулла ака салом берган эди, у алик олди-да, “Абдулламисан?” деди.

Икковлари мисоли она-боладай кўришиб кетишди. Бироздан кейин онахон чорбоққа қараб ёшига нисбатан баланд товушда кимнидир чақирди. 10-12 ёшлардаги бир бола чопиб келиб, Лаббай, момо! - деди. Кампир аввал меҳмонларга салом бер, деб танбеҳ берди-да, кейин “Тез бориб бобонгни чақириб кел” дея тайинлади. Чой қайнагулик вақт ўтгач, бир барваста бўйли, ёши 60 лардан ошган киши кириб келди ва салом-аликдан аввал «Келди Абдулла Ориф, Соғинч ташнамни суғориб, Қўрадан қўйни келтир, Мен пичоқни бўғзига тортиб...каби бахшиёна сўзларни айтиб, ўзини Абдулла аканинг қучоғига отди. Шу куни пешинда бошланган суҳбат, эртаси кун кўтарилгунга қадар давом этди. Суҳбат Қашқадарё, қашқадарёликлар, болалик хотиралари, бу дунёни тарк этан қанча-қанча инсонларнинг хайрли ишлари хусусида кетди.

Мени ҳайратга солгани шу бўлдики, нафақат салкам бир асрни қаршилаётган онахон, балки унинг набира ва чеваралари ҳам Абдулла аканинг деярли барча шеърларини ёддан биларди.

Бунинг орасида бахшининг катта ўғли Тошкентдаги олий ўқув юртига Абдулла аканинг тавсияси билан киргани, ҳозирда уйли-жойли бўлиб, тумандаги катта бир ташкилотда раҳбар ўринбосари бўлиб ишлаётгани-ю, унинг бир қизи шеърлар машқ қилаётгани ҳам айтиб ўтилди. Хуллас, қайтиш маҳали келганда, бахшининг ўртанча ўғли оқ докага ўралган қўйнинг яримта нимтасини машинага жойламоқчи бўлган пайтда Абдулла ака буни рад қилди. Шунда онахон: “Ҳой Абдуллажон, мен ҳам сенга онангдайман, ахир онанг илинган нарсани қайтарасанми, олиб кетмасанг хафа бўламан, жон болам”, деди астойдил куйиниб. Хайрлашиб йўлга тушдик. Билсангиз, Бўка тумани марказида катта бозор бор. Абдулла ака ўтган-кетганда шу бозорга кириб, рўзғорига у-бу нарсалар сотиб олиши ҳақида бир-икки гапирган эди. Сархил мева-чевалар, тилими тилни ёрадиган қовун-тарвузлар, қўйингки ҳам арзон ва кимёвий дориланмаган маҳсулотларни шу бозордан топиш мумкин. Энг муҳими, ҳақиқий деҳқонлар савдо қиладиган бу масканда том маънода шарқона ҳаёт қайнайди. Бозорга кириб, расталар оралаб борар эканмиз, каттаю кичикнинг нигоҳи Абдулла акада эди. Бирпасда одамлар Абдулла акани ўраб олди. Биров дастхат сўраган, биров шеър ўқиб беришини илтимос қилган, шу тариқа жонли шеърий давра бошланиб кетди. Бозорга кираверишдаги сураткаш ҳам будкасини ёпиб, ишни бозор ичига кўчирди. Хуллас, бизга бозор айланиш бир соатдан кўпроққа тушди. Мева-чева олсак, сотувчи: “Ўламан саттор, пули керакмас, олаверинг шоир ака, булар ўзимизнинг деҳқончиликдан”, дея Абдулла ака берган пулни олмасди. Абдулла ака ҳарчанд пулни олишга ундаса ҳам улар асло олишни истамасди. Хуллас, бозордан чиқиб, олган нарсаларни машина юкхонасига солаётган маҳалим, ўн чоғли турли ёшдаги одамлар келиб, бирови челак-пелаги билан ўрик, бирови эртапишар шафтоли, яна қайси бири ҳандалак, ҳатто сабзи, пиёзгача сола бошлади. Ҳайҳайлаганимизга қарамай нарсасини солади-ю, кўздан йўқолади. “Волга” машинасининг юкхонасини билсангиз керак, ярим тонна бўлмасаям, ҳарҳолда икки, уч юз кило юк элтади. Шундай қилиб, машинанинг орқаси оғиб, Тошкентга етиб келдик. Абдулла ака мева-чева, нон ва бошқа неъматлардан озма-оз ажратиб олди ва сўнг менга қарата: “Шоир қолганларини ўзинг олиб кетавер”, деди. Мен эса: “Абдулла ака, мен бўйдоқ бўлсам, битта ўзим бунча нарсани нима қиламан” дедим. У эса хиёл кулимсираб, “Ақлингни ишлат, бир йўлини топарсан”, деди. Нарсаларни кўтаришиб чиқдим ва хайрлашиб Пушкин кўчасидаги Ёзувчилар уюшмаси биносига келдим. Дам олиш куни бўлгани боис уюшма қоровули Турсунхўжа акадан бошқа ҳеч ким йўқ эди. У киши билан мева-чева ва бошқа нарсаларни алоҳида-алоҳида қилиб яшикларга жойладик.

Турсунхўжа аканинг қассобликдан хабари борлиги шу ерда асқатди. Қўйнинг нимта оёғини майдалаб 15 та қоғоз халтага солиб, музлаткичга жойлаб қўйдик. Эртасига гўштга қўшиб, яшикларга жойланган мева-чеваларни ҳам расамадини қилиб, уюшмадаги кутубхоначи, фаррош, қоровул, ҳайдовчи ва бошқа техник ходимларга тарқатиб юбордик. Улар бу ҳадяларнинг манбасини сўрашганида: “Абдулла акани дуо қилиб қўйсанглар бас”, дедим. Ўша пайтлари гўшт масаласи бироз оғирроқ бўлгани боис, бу кичик ҳадя хам ўнлаб инсонларга жилла бўлса-да ёрдам эди. Абдулла акага бу ҳақда айтганимда, бирон нимадан хурсанд бўлганида “Тузук, яхши” дейдиган қўшиб: “Шоир, савобнинг катта-кичиги бўлмайди. Сен ҳам савобли ишга қўшилибсан”, деб қўйди.

Сайдолим Ҳайдаровнинг “Уч чинор соясида” китобидан олинди. 

Мавзуга оид