Ўзбекистон | 13:14
1501
3 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш, бандлик, банк соҳаларида коррупциявий ҳолатлар юқори – Сенат 

Туманларда, маҳаллаларда инфратузилмага уланиш, лицензия олиш, ишга қабул қилиш, малака ошириш каби маиший коррупциявий ҳолатлар кўпайган. Терговчи, прокурор ва судялар қўлидаги иш бўйича фақатгина идораларга тақдимнома ва хусусий ажрим киритиш билан чекланмоқда, дея таъкидланди Сенат мажлисида.  

Фото: Senat.uz

Олий Мажлис Сенатининг бешинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади. Мажлисда давлат раҳбарининг Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши мажлисида белгилаб берилган устувор йўналишлардан келиб чиқиб, Сенат ҳамда халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари олдида турган вазифалар кўриб чиқилди.

Муҳокамада соҳада эришилган ютуқлар билан бирга қатор камчиликлар ҳам мавжудлиги қайд этилди.

Хусусан, қурилишга рухсат бериш, бинони топширишда ёнғин хавфсизлиги бўйича бюрократия ва қонун бузилиши ҳолатлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар асосан коррупцияни аниқлаш ва жазолаш билан шуғулланиб, коррупциявий омилларнинг олдини олишга, превентив чораларни кўришга эътибор қаратилмагани таъкидланди. 

Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш ҳамда унинг олдини олишда давлат органлари ва ташкилотларидаги коррупцияга қарши ички назорат (комплаенс назорат) бўлинмаларининг ўрни ва масъулияти сезилмаётгани айтилди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан соҳага оид хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилмаган, соҳани ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмаган.

Соғлиқни сақлаш, бандлик, банк соҳаларида коррупциявий ҳолатлар юқори. Соғлиқни сақлаш соҳасида – 527 та, бандлик бўйича – 447 та, банкларда – 434 та коррупциявий ҳолат қайд этилган.

Бюджетдан энг кўп маблағ оладиган вазирликлардаги коррупциявий омиллар аниқланмаган, ўрганилмаган ҳамда таҳлил қилинмаган. Туманларда, маҳаллаларда инфратузилмага уланиш, лицензия олиш, имтиёзли кредит ажратиш, ишга қабул қилиш, малака ошириш каби маиший коррупциявий ҳолатлар кўпайган.

“Терговчи, прокурор ва судьялар қўлидаги иш бўйича фақатгина идораларга тақдимнома ва хусусий ажрим киритиш билан чекланмоқда. Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашларининг фаолияти талабга жавоб бермайди, улар маҳаллалар билан ўзаро ҳамкорлик қилмаган.

Давлат хизматлари бўйича давлат идоралари ва аҳоли ўртасидаги муносабатларни баҳолайдиган тизим йўлга қўйилмаган. Прокурор, ички ишлар ва солиқ органлари раҳбарларининг коррупциянинг олдини олиш борасидаги фаолияти талабга жавоб бермайди”, дейилади Сенат хабарида.

Коррупцияга қарши курашишнинг қонунчилик асосларини такомиллаштириш, жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича ҳудудлардаги (маҳаллалардаги) ишлар самарадорлигини ошириш, шу жумладан жойлардаги маиший коррупцияга барҳам бериш, жиноят содир этган шахслар билан индивидуал ишлаш тизимини йўлга қўйиш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш билан боғлиқ кенг қамровли чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда Коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашлар фаолиятини тубдан яхшилаш лозимлиги қайд этилган.

Муҳокама якунида жиноятчиликка қарши курашиш ва коррупциянинг олдини олиш борасида амалга ошириладиган устувор вазифалар юзасидан Сенат қарори қабул қилинди.

Мавзуга оид