Жаҳон | 19:21 / 17.03.2025
1104
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда миграция қонунчилигини бузган 1,2 мингдан ортиқ чет эл фуқароси мамлакатдан чиқариб юборилди

Уларнинг барчасига Қозоғистонга кириш беш йилга чекланган. Ноқонуний мигрантлар орасида Бангладеш, Миср, Италия, Нигерия ва Мадагаскар фуқаролари ҳам бор.

Фото: polisia.kz

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги томонидан 11-14 март кунлари «Мигрант» республика тезкор-профилактик тадбири ўтказилди ва унда миграция қонунчилигини бузган 10 мингга яқин шахслар аниқланди, деб хабар беради Polisia.kz.

Қайд этилишича, мамлакатда бўлиш муддатини бузган 4,5 минг нафар чет эл фуқароси, шунингдек, ноқонуний меҳнат фаолиятини амалга оширган 2,5 минг нафар чет эл фуқароси, шу жумладан, 60 нафар ноқонуний такси ҳайдовчиси аниқланган.

Таъкидланишича, олдинроқ ИИВнинг алоҳида махсус операцияси давомида ҳам 700 га яқин ноқонуний чет эллик таксичилар борлиги қайд этилган.

«Судлар аллачақон 1240 нафар чет элликни чиқариб юборди, уларнинг барчасига Қозоғистонга кириш беш йилга чекланган. Қоидабузарларнинг аксарияти, аввалгидек, яқин хориж мамлакатларидан. Аммо тезкор тадбир давомида Бангладеш, Миср, Италия, Нигерия ва Мадагаскардан келган ноқонуний шахслар ҳам аниқланди. Шунингдек, қидирувда бўлган 20 нафар чет эл фуқароси ушланди», — дейди ИИВ миграция хизмати қўмитаси раиси Аслан Аталиков.

Шунингдек, чет элликларни қабул қилиб, уларнинг келгани ҳақида полицияга хабар бермаган 2,2 минг киши 12 миллион тенгедан ортиқ миқдорда маъмурий жаримага тортилган. Бундан ташқари, чет элликларни ноқонуний ишга олганлик учун 500 та иш берувчи ҳам жавобгарликка тортилган — уларга 33 миллион тенге жарима белгиланган.

Маълум бўлишича, Қозоғистон пойтахтидаги университетлардан бирининг коменданти пул эвазига 56 нафар меҳнат мигрантининг талаба сифатида вақтинча яшаши учун рухсатнома расмийлаштириб берган. Олмаота вилоятида эса хорижликларга сохта ишончномалар бериб, уларни тўқима манзиллар бўйича рўйхатга қўйган нотариус ёрдамчиси аниқланган.

Мавзуга оид