Ўзбекистон | 18:08 / 17.03.2025
3387
4 дақиқада ўқилади

Автобус йўлагида ҳаракатланганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда

Йўналишли транспорт воситалари учун алоҳида ажратилган тасмаси бор йўлдан транспорт воситаларининг ҳаракатланиши БҲМнинг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Агар худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилса, БҲМнинг уч баравари миқдорида жарима қўлланади. Сенаторлар ушбу ўзгаришларни назарда тутувчи қонунни маъқуллади.

Фото: «Тошшаҳартрансхизмат» матбуот хизмати

Сенат ялпи мажлисида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлашга ҳамда жамоат транспортидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун кўриб чиқилди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, мамлакатда тирбандлик масаласи аҳоли учун, айниқса, пойтахтда энг долзарб муаммога айланмоқда. Сўнгги 2-3 йилда Тошкент шаҳрида 7-9 балли тирбандликлар ҳар куни кузатилаётган бўлса, айрим вақтларда мазкур ҳолат 10 баллгача кўтарилмоқда. Бу эса йўлларда асабий ва зиддиятли ҳолатларига, йўловчи ҳамда ҳайдовчиларнинг соатлаб вақт сарфлашига сабаб бўлмоқда.

Шу боис йўлларда тирбандликни камайтириш ҳамда аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида жамоат транспортига устуворлик бериш йўналишида амалий чоралар кўрилмоқда.

Хусусан, Тошкент шаҳрида автобуслар сони сўнгги 2 йилда 2 баробарга ошган. Улар учун алоҳида йўлаклар ташкил этилиши натижасида автобусларнинг қатновдаги оралиқ интервали 2 баробарга қисқарган. Йўловчилар сони 2 баробарга ўсиб, кунлик фойдаланувчилар сони 1 млн йўловчига етган.

Бироқ қонунчиликдаги бўшлиқлар жамоат транспортидан фойдаланишнинг самарадорлигини жиддий пасайиши, қатнов мунтазамлиги ва жамоат транспортининг эркин ҳаракатланишига салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланди. Шаҳар автомобил йўлларида жамоат транспорти учун алоҳида йўлаклар ажратилиб, бошқа транспорт воситаларининг ҳаракати тақиқланган бўлса-да, уларнинг ушбу йўлакларда ҳаракатланиш давом этмоқда.

Амалдаги қонунчиликда жамоат транспорти учун алоҳида ажратилган йўлакларда ҳаракатланган транспорт воситалари ҳайдовчилари учун жавобгарлик чоралари назарда тутилмаган.

Шу билан бирга, ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини велосипед йўлаклари, тротуарлар ҳамда яшил ҳудуд майдонларида бошқариши кўплаб кузатилмоқда ва ушбу ҳудудларда ҳаракат қатнашчиларининг хавфсизлигини ишончли таъминлашга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлашга салбий таъсир кўрсатувчи омиллардан яна бири ноқонуний равишда сунъий тўсиқлар ўрнатиш, йўлни тўсиб қўйиш ҳолатларидир.

Фуқаролар ўз яшаш ҳудудларидаги кўчаларда ноқонуний равишда сунъий тўсиқлар ўрнатиши, йўлни тўсиб қўйиш орқали ҳаракатланишни чеклаган ҳолда аҳолига шошилинч хизмат кўрсатувчи ҳамда махсус транспорт воситалари ҳаракатига тўсқинлик қилмоқда.

Бу борадаги муаммоларни ҳал этиш мақсадида ишлаб чиқилган мазкур қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги 128-7-модда киритилиб, жамоат транспорти учун алоҳида ажратилган йўлакларда ҳаракатланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.

Жумладан, йўналишли транспорт воситалари учун алоҳида ажратилган тасмаси бор йўлдан транспорт воситаларининг ҳаракатланиши – базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида, худди шундай ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо қўлланганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилса – базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгиланмоқда.

Шу билан бирга, қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-моддаси номланиши ва биринчи қисми диспозицияси янги таҳрирда баён этиляпти.

Бундан ташқари, қонун билан ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини тротуарлардан, пиёдалар ва велосипед йўлакларидан, яшил майдонлардан юргизиши, йўл белгилари ва йўл ҳаракатининг бошқа қоидалари талабларига риоя этмаслиги учун ҳам жавобгарлик белгиланмоқда.

 

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Мавзуга оид