Ўзбекистон | 18:29 / 14.03.2025
2112
5 дақиқада ўқилади

“Рақобат бюрократия билан чекланмаслиги керак” — тагликлар импортига янги талаблар киритилди

2024 йилнинг ноябр ойидан Ўзбекистонга импорт қилинадиган болалар тагликлари учун мажбурий сертификатлаш жорий этилган. Kun.uz суҳбатлашган тадбиркор буни “бюрократия ва сунъий тўсиқлар билан рақобатни чеклаш” деб атади. Техник тартибга солиш агентлиги тагликларни текшириш билан нечта сертификатлаш маркази шуғулланаётганидан бехабарлигини билдирди.

Фото: Shutterstock

Ўзбекистонда болалар тагликлари мувофиқлик сертификатини олиш талаб этиладиган товарлар қаторига киритилиши ортидан, бу маҳсулот импорти сезиларли қисқарди.

Kun.uz мухбири Тошкент шаҳридаги савдо расталари ва дўконларда бўлиб, ҳолатни ўрганди. Айни пайтда болалар тагликлари билан боғлиқ тақчиллик кузатилмаяпти, аммо нархлар қимматлашган.

Мажбурий сертификатлаш талаби

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 14 августдаги қарори билан, 2024 йил ноябр ойидан бошлаб хавф даражаси юқори бўлган маҳсулотларни мажбурий давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби белгиланган.

Қарорга асосан, хавф даражаси юқори товарлар рўйхатига қуйидаги маҳсулотлар киритилган:

  • болалар учун сўрғичлар;
  • 3 ёшгача бўлган болалар учун бош кийимлар;
  • 3 ёшгача бўлган болалар учун кийим-кечак — пижама, ички шим, панталон, иссиқ кўйлак, ички кўйлак, майка, таглик, қалпоқча, слайдер, калта кўйлак, ички кийим, тугмасиз яктакча;
  • пайпоқли иштончалар (колготка), пайпоқлар, узун пайпоқ (чулки) ва ярим узун пайпоқлар (ярим чулки) ҳамда шунга ўхшаш 3 ёшгача бўлган болалар кийимлари;
  • намликни ютувчи материаллар (тагликлар), шунингдек, гигиеник пахта таёқчалар (бурун ва қулоқни тозалашга) ва болалар учун мўлжалланган шунга ўхшаш бошқа маҳсулотлар;
  • 3 ёшгача бўлган болаларни овқатлантириш учун идишлар;
  • тиш чўткалари.

Бу тартиб жисмоний шахслар томонидан белгиланган нормалар доирасида шахсий эҳтиёжлар учун олиб кириладиган маҳсулотларга татбиқ этилмайди.

Импорт кескин қисқарган

Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январ-феврал ойларида аёллар ва болалар учун гигиеник прокладка ва тагликлар импорти 2112 тоннани ташкил этган. Бу – 2024 йилнинг мос даври (3826 тонна) билан таққослаганда, 1714 тоннага ёки 1,8 баробарга кам.

Бу тоифадаги маҳсулотларни олиб кириш қиймат жиҳатдан 2,7 баробарга камайган: икки ойлик импорт ўтган йилги 15,2 млн доллардан бу йил 5,6 млн долларгача қисқарган.

Маълумот учун, 2019 йилдан бошлаб ушбу маҳсулотлар импортига 10 фоиз ёки 1 кг учун камида 0,5 доллар миқдорида бож жорий қилинган.

Сертификат олиш узоқ вақт талаб қиляпти”

Ижтимоий тармоқларда болалар тагликларини импорт қилиш қийинлашгани ҳақидаги хабарлар тарқалгач, шу соҳада ишлайдиган айрим тадбиркорлар Kun.uz билан боғланди.

Улардан бирининг сўзларига кўра, 2025 йилнинг 13 март ҳолатига Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг талабларини бажариб, сертификат олган импортчилар ҳақида маълумот йўқ.

Агентликда ҳужжатларни кўриб чиқиш жараёни узоқ вақт давом этяпти. Шунингдек, импорт қилинаётган маҳсулотлар маҳаллий лабораторияларда текширилиши, бу жараён фото ва видеотасвирга олиниши шарт. Аммо лабораториялар бу талабни қандай бажаришни аниқ билмайди. Натижада импортёрлар учун узун навбат юзага келган.

Ушбу текширувлар тадбиркорларга қўшимча харажат юкламоқда. Бунинг устига, ҳар бир янги партия учун алоҳида лаборатория текширувлари ўтказилиши талаб қилиняпти”, – дейди Kun.uz билан боғланган тадбиркор.

Унинг қўшимча қилишича, ҳукумат қарори кўзланган хавфсизлик талабларига мос келмайди.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар тагликлар учун барча хомашёни хориждан импорт қилади. Агар ушбу чекловлар болалар саломатлигини ҳимоя қилиш учун жорий этилган бўлса, нима учун импорт қилинаётган хомашё бу рўйхатга киритилмаган? Чунки маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари ҳам айнан шу импорт қилинган хомашёлардан тайёрланади. Рақобат мавжуд бўлиши керак, у бюрократия ва сунъий тўсиқлар билан чекланмаслиги лозим”, – дейди тадбиркор.

Сертификатлаш билан ким шуғулланаётгани – номаълум

Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Kun.uz сўровига жавобан тақдим этган изоҳда айтилишича, қонунчиликка биноан, давлат рўйхатидан ўтган, аммо мажбурий мувофиқлиги тасдиқланмаган маҳсулотларни реализация қилиш тақиқланади.

Тадбиркорлар аккредитациядан ўтган исталган сертификатлаштириш идорасидан мувофиқлик сертификатини олиши мумкин”, – дея маълум қилди техник регуляция органи.

Kun.uz: “Ҳозирги кунда нечта сертификатлаш идораси болалар тагликларини сертификатлаш билан шуғулланяпти?” деган саволига идорадан: “Бу бўйича агентликда аниқ маълумот йўқ” деган жавобни олди.

Мавзуга оид