Трамп Пентагонга Панама каналини эгаллаш бўйича ҳарбий режа тайёрлашни буюрди
АҚШнинг юқори мартабали амалдорларга кўра, каналнинг куч билан эгаллаб олиниши Панама ҳукуматининг Қўшма Штатлар билан қай даражада ҳамкорлик қилишга тайёрлиги билан боғлиқ.

Фото: Enea Lebrun/Reuters
Доналд Трамп маъмурияти Пентагон расмийларидан АҚШнинг Панама каналига тўсиқсиз киришини таъминлаш учун «ишончли ҳарбий вариантлар» тайёрлашни сўради. Бундай сўров мамлакатнинг олий раҳбариятига йўлланган «Миллий мудофаа бўйича вақтинчалик стратегик кўрсатмалар» номли меморандумида келтирилган бўлиб, у АҚШнинг стратегик устуворлигини тубдан қайта кўриб чиқишни ўз ичига олади. Бу ҳақда ҳужжатни ўрганиб чиққан CNN телеканали маълум қилди.
Меморандумдаги директивалардан бирига кўра, Пентагон «зудлик билан» «АҚШнинг ҳарбий ва тижорат мақсадларида Панама канали орқали адолатли ҳамда тўсиқсиз фойдаланишини таъминлаш учун ишончли ҳарбий вариантларни» тақдим этиши керак. Меморандумда, шунингдек, АҚШ қуролли кучларининг «асосий устувор вазифаси» мамлакатни ҳимоя қилиш экани қайд этилган бўлиб, Пентагон ҳар қандай шаклдаги босқинлар, жумладан, ноқонуний оммавий миграция, гиёҳванд моддалар савдоси, контрабанда ва одам савдосига қарши курашишга масъул. Шунингдек, унда ноқонуний мигрантларни Ички хавфсизлик вазирлиги билан ҳамкорликда депортация қилиш тўғрисида ҳам сўз боради.
CNN’нинг таъкидлашича, Трамп ҳарбийларнинг эътиборини чегарадаги операцияларга йўналтириш ниятида эканини аниқ билдирган ва меморандумда бу янги маъмуриятнинг асосий устувор йўналиши сифатида белгиланган.
Олдинроқ NBC News Пентагон АҚШнинг Панамадаги ҳарбий иштирокини ошириш сценарийсини кўриб чиқаётгани тўғрисида хабар берганди. Ушбу чора Трампнинг Панама каналини Вашингтон назорати остига қайтариш стратегиясини амалга оширишга қаратилган. Юқори мартабали амалдорларга кўра, каналнинг куч билан эгаллаб олиниши Панама ҳукуматининг Қўшма Штатлар билан қай даражада ҳамкорлик қилишга тайёрлиги билан боғлиқ.
Канални «қайтариш» бўйича ҳарбий сценарийни ишлаб чиқиш буйруғи жиддий баҳсларни юзага келтириши мумкин. Масалан, ўтган ҳафта Панама президенти Хосе Раул Мулино Трампни Конгресс қаршисидаги чиқиши давомида ёлғон сўзлаганликда айблади: «Президент Трамп яна ёлғон гапиряпти. Панама канали қайтарилиш жараёнида эмас ва бу вазир Рубио ёки бошқалар билан суҳбатда муҳокама қилган масала эмас», — деб ёзган Х ижтимоий тармоғига.
Эслатиб ўтамиз, 6 феврал куни Панама президенти Хосе Раул Мулино ва Пентагон раҳбари Пит Хегсет ўртасидаги музокаралар натижасида томонлар хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олганди. «Улар Қўшма Штатлар ва Панама ўртасида мустаҳкам муносабатлар мавжудлиги ва хавфсизлик бўйича кўплаб манфаатлар, жумладан Панама каналини ҳимоя қилишда умумий манфаатлар мавжудлиги ҳақида келишиб олди», — дейилган эди АҚШ Мудофаа вазирлиги баёнотида.
Мавзуга оид

20:18
Трамп: «Путин билан жуда яхши ва самарали музокара ўтказдик»

19:08
АҚШ сенаторлари Трампнинг Tesla тадбиридаги иштирокини текширишга чақирмоқда

14:56
AP: Исроил ва АҚШ Судан ва Сомалига Ғазо секторидан фаластинликларни қабул қилиш таклифи билан мурожаат қилди

23:23 / 13.03.2025