Ўзбекистон | 17:00 / 14.03.2025
1455
2 дақиқада ўқилади
Реклама

“Бизнесни ривожлантириш банки” Парижда 50 млн евролик битимлар имзолади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Францияга амалга оширилган расмий ташрифи доирасида икки мамлакат ўртасида молиявий ва иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим икки томонлама келишувлар имзоланди.

Фото: Бизнесни ривожлантириш банки

Хусусан, ташриф доирасида ўтказилган Бизнес-форум давомида “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ ва Франциянинг тараққиёт агентлиги (AFD) ўртасида 30 млн евро миқдоридаги кредит линияси бўйича асосий шартлар тўғрисида битим имзоланди. Ушбу лойиҳа аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлашга ёрдам беришга қаратилган. Ажратилган маблағлар белгиланган гендер мезонларига жавоб берадиган корхоналарни молиялаштириш учун йўналтирилади. Бу эса аёллар учун иқтисодий имкониятларни кенгайтириш йўлида муҳим қадам бўлади дейиш мумкин.

Ушбу битим Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг тадбиркорлигини ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш доирасида амалга оширилади ва аёллар учун бизнес соҳасида қулай шароитлар яратишни кўзда тутади.

Шунингдек, “Бизнес ривожлантириш банки” АТБ ва Union of Arab and French Banks (UBAF) ўртасида 20 млн евро миқдоридаги ҳамкорлик келишуви имзоланди. Ушбу келишув савдо молиялаштириш соҳасида стратегик ҳамкорликни ривожлантириш, корреспондентлик муносабатларини ўрнатиш ва инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга қаратилган бўлиб, икки мамлакат молиявий институтлари ўртасидаги ҳамкорлик имкониятларини сезиларли даражада кенгайтиради.

Айтиш мумкинки, банк ва хорижлик ҳамкорлар ўртасида имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон ва Франция ўртасида иқтисодий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, инвестицияларни жалб қилиш ва барқарор ривожланишга хизмат қиладиган қўшма ташаббусларни амалга ошириш учун қулай шароитлар яратишга йўл очади.

Ушбу келишувлар ҳам ўзаро манфаатли шериклик ва ишончга асосланган ўзбек-француз муносабатларининг жадал ривожланаётганини яна бир бор тасдиқлайди.

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид