Ўзбекистон | 21:10 / 14.03.2025
1256
6 дақиқада ўқилади

14 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

«Опен бюджет» учун пул йиғган директорга жазо, 9,5 йилга қамалган ҳайдовчи, бўлаклаб олиб кирилган самосвал ва суд жараёнларида масофадан туриб иштирок этиш — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Ўқитувчилардан пул йиғишга уринган мактаб директори жазоланди

Фарғона вилояти Қува туманидаги мактаблардан бирининг директори ўз қўл остидаги ўқитувчилардан мажбурий равишда пул йиғишга урингани учун лавозимидан озод этилди. У ўқитувчиларнинг маошидан «Ташаббусли бюджет»да овоз йиғиш мақсадида 700 минг сўмдан ушлаб қолмоқчи бўлган.

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умаровага кўра, ўқитувчиларни турли тадбирларга мажбурий жалб қилиш ва маошларидан пул ушлаб қолиш қатъиян ман этилади. У мазкур ҳолатни «эскича фикрлаш» деб баҳолаб, бундай ҳолатлар билан муроса қилинмаслигини таъкидлади.

«Ташаббусли бюджет» лойиҳаси шаффофлик ва фуқаролар иштироки учун жорий этилгани таъкидланиб, уни мажбурий овоз йиғиш орқали бузиш мумкин эмаслиги айтилди.

Сурхондарёда 3 кишини уриб юборган ҳайдовчи қамалди

Йўл четида тўхтаб бензин қуяётган 3 кишини уриб юборган Isuzu ҳайдовчиси 9,5 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Суд ҳужжатларига кўра, у ҳодиса жойидан қочиб кетган.

Ҳодиса 2024 йил 7 октябрда Бойсун туманида содир бўлган. 59 ёшли ҳайдовчи Isuzu юк машинаси билан йўл четида турган Captiva ва унинг ёнидаги одамларни уриб юборган. Оқибатда 3 киши оғир тан жароҳати олиб, ҳалок бўлган.

Ҳайдовчи эса ҳеч қандай ёрдам кўрсатмасдан, ҳодиса жойидан қочиб кетган. Сўнгра у Жиззахда қўлга олинган.

Суд уни 3 йилга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этган ҳолда 9 йил-у 6 ой муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Юк машинаси бўлакларга бўлинган ҳолда олиб кирилди

Божхоначилар тайёр самосвал юк машинасини эҳтиёт қисмлар сифатида расмийлаштиришга уриниш ҳолатини фош қилди. Юк ҳужжатларида 11 турдаги эҳтиёт қисмлар деб кўрсатилган товар аслида бутун бир самосвал экани аниқланган.

«Сирғали» божхона постидаги текширувлар натижасида бу орқали юк эгаси 800 млн сўмлик божхона тўловидан қочишни режалаштиргани маълум бўлди. Қўмитанинг видеотасвирларида божхона омбори ҳудудида қисмлардан самосвал йиғилгани ва ҳаракатлана бошлагани акс этган.

Иқтисодчиларнинг фикрича, бу ҳолат маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш учун жорий этилган юқори бож тўловларининг оқибати бўлиши мумкин. Транспорт воситаларини эҳтиёт қисмлар сифатида олиб кириш орқали бождан қочиш ҳолатлари авж олгани таъкидланмоқда.

Суд жараёнларида масофавий иштирок этиш мумкин

Президент суд муҳокамаларида фуқароларнинг масофадан иштирок этишини таъминлашга оид қонунни имзолади. Ҳужжатга кўра, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича суд мажлисларида видеоконференц-алоқа орқали қатнашиш мумкин.

Шу мақсадда ишда иштирок этувчи шахслар ўз яшаш жойи ёки жойлашган ҳудудига яқин суд биносидан туриб онлайн қатнашиши мумкин. Шунингдек, судлар мобил видеоконференц-алоқа тизимидан ҳам фойдаланади.

Тегишли суд органлари масофавий қатнашувчиларнинг шахсини аниқлаб, қатнашган-қатнашмаганини текширади. Бу тартиб Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекс ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга киритилган.

Тадбиркорлар учун коммунал тўловларни онлайн тўлаш имконияти

Юридик шахсларга электр энергияси ва табиий газ учун тўловларни мобил иловалар орқали онлайн тўлашга рухсат берилди. Тўловлар миллий валютадаги корпоратив банк карталари орқали амалга оширилиши мумкин.

Марказий банк бошқаруви раиси имзолаган буйруқ давлат рўйхатидан ўтказилди. Ҳужжатга мувофиқ, юридик шахслар энди банк мобил иловалари орқали тўловларни тез ва қулай тарзда амалга ошириш имкониятига эга бўлади.

Шунингдек, 1 июлдан бошлаб бюджет ташкилотлари ва коммунал хизмат кўрсатувчи корхоналар электрон тўлов тизимларига уланиши шартлиги белгиланди. Электрон тўловларни қабул қилишдан бош тортган тадбиркорлик субъектлари қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилади.

«Зарафшон» боғи ва қўриқхоналар кенгайтирилди

Ўзбекистонда «Зарафшон» миллий табиат боғи ҳамда «Нурота» ва «Сурхон» давлат қўриқхоналари ҳудудлари кенгайтирилди. Вазирлар Маҳкамасининг 10 мартдаги қарори билан уч муҳофаза этиладиган табиий ҳудудга 7 минг гектардан ортиқ ер қўшилди.

«Нурота» давлат қўриқхонаси 4,2 минг гектарга кенгайиб, умумий майдони 22 минг гектарга етди. «Зарафшон» миллий табиат боғи ҳудуди эса 2,8 минг гектарга кенгайиб, 5,2 минг гектарга етди. «Сурхон» давлат қўриқхонаси 249 гектарга оширилди ва 24 минг гектарни ташкил этди.

«Нурота» ва «Сурхон» қўриқхоналари атрофида қўриқланма зоналар ташкил этилиб, улар 17,1 минг ва 16,4 минг гектар ерни қамраб олди. Табиатни муҳофаза қилиш департаментига кўра, ушбу қарор ноёб ўсимликлар ва ҳайвонларни сақлаш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Мавзуга оид