Жаҳон | 19:15 / 13.03.2025
2138
2 дақиқада ўқилади

Қорабоғ собиқ бош вазири Варданян очликни тўхтатди. У 23 кун давом этди

Рубен Варданян ўзининг ушбу ҳаракатини «халқаро ва Озарбойжон процессуал қонунчилигининг қўпол бузилишига жавоб» деб атади.

Фото: AP

Тоғли Қорабоғнинг собиқ бош вазири, россиялик миллиардер Рубен Варданян Озарбойжонда ўзига нисбатан бошланган суд жараёни фонида бошлаган очликни тўхтатди. Бу ҳақда у Боку қамоқхонасидан туриб оиласига йўллаган аудиомурожаатида маълум қилди.

Варданян 19 февралда очлик эълон қилганди ва у 23 кун давом этди. Рубен Варданян ўзининг ушбу ҳаракатини «халқаро ва Озарбойжон процессуал қонунчилигининг қўпол бузилишига жавоб» ҳамда суд жараёнидаги адолатсизликка эътибор қаратишга уриниш деб атади.

«Очлик эълон қилишда бир нечта мақсадим бор эди: суд эмас, балки ноҳақ ҳукм чиқариш кетаётганини кўрсатиш; мени эмас, балки барча арманларни ва давлатнинг ўзини суд қилишаётганини кўрсатиш ва қалбида Арцахда қолиб яшашни истаганлар учун қандай тўлов тўлашга тўғри келган бўлишини кўрсатиш», — дейди Варданян.

Рубен Варданян — «Тройка Диалог» сармоявий компаниясининг собиқ раҳбари, «Сколково» бизнес мактаби асосчиси. У Forbes версияси бўйича Россиянинг энг бадавлат инсонлари рўйхатига кирган. 2022 йил сентябрда Варданян Россия фуқаролигидан воз кечиб, Тоғли Қорабоғга кўчиб ўтишини эълон қилган. У 2022 йил ноябрдан 2023 йил февралга қадар тан олинмаган Қорабоғ Республикаси ҳукумати раҳбари бўлган.

2023 йил 27 сентябр куни Варданян Қорабоғдан Арманистонга чиқиб кетмоқчи бўлган вақтда Озарбойжон чегара постида ушланган эди. Варданянга бир қанча моддалар, жумладан, терроризмни молиялаштириш, ноқонуний қуролли гуруҳлар тузиш ва фаолиятида иштирок этиш бўйича айблов қўйилган.

2023 йил сентябр охиридан бери у Бокуда ҳибсда. 2024 йил 19 апрелда Варданян биринчи марта очлик эълон қилганди — 25 апрелда у якунланган. Июн ойида унинг оиласи Варданян тергов изоляторида қийноққа солинганини маълум қилганди. 2025 йил январда эса Рубен Варданян тергов ўзига оид иш бўйича ҳужжатларни сохталаштирганини билдирди.

 

Мавзуга оид