Жаҳон | 18:56 / 17.01.2025
4979
6 дақиқада ўқилади

Озарбойжонда Тоғли Қорабоғнинг собиқ бош вазири Рубен Варданян устидан суд бошланди

Тоғли Қорабоғнинг собиқ бош вазири, россиялик миллиардер Рубен Варданян Озарбойжон томонидан терроризмни молиялаштириш, ноқонуний қуролли ташкилотлар тузишда айбланмоқда. У сўроқларда иштирок этмаганини ва терговчиларга исмидан бошқа ҳеч нарса айтмаганини таъкидламоқда.

Фото: AFP

Озарбойжонда 2022 йилда Россиядан Тоғли Қорабоғга борган ва тан олинмаган республика бош вазири бўлган миллиардер ва хайриячи Рубен Варданян устидан суд жараёни бошланди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

2023 йил сентябрида бир кунлик уруш оқибатида Озарбойжон Қорабоғ устидан якуний назоратни қўлга киритди. Маҳаллий арманлар - 100 мингдан ортиқ киши ўз уйини ташлаб, Арманистонга кетди. 27 сентябр куни Рубен Варданян Лочин йўлагида қўлга олинди: у бошқа аҳоли билан бирга Қорабоғни тарк этмоқчи бўлган эди. Судни кутаётган Варданян бир ярим йил қамоқда ўтирди.

Қорабоғга кўчишдан анча олдин Рубен Варданян Россияда машҳур шахс эди. 1990 йилларда у постсовет Россиясида биринчи «Тройка.Диалог» инвестиция банкини очди ва миллиардерга айланди. Кейинчалик банкни «Сбербанк»ка сотгандан сўнг Варданян Россия ва Арманистонда хайрия ишлари билан шуғулланди, «Сколково» бизнес мактабига сармоя киритди ва Арманистоннинг Дилижон шаҳрида ўзига хос методологияга эга мактаб қурди.

Шу билан бирга, OCCRP терговчилари Варданяннинг «Тройка.Диалог» банки оффшор компанияларнинг кўплаб тармоғини яратгани ва улар орқали Россия элитасининг пулларини яширин равишда чет элга чиқарганини аниқлади. Варданяннинг ўзи «Ростех» раҳбари Чемезов билан бир қишлоқда вилла қуриб, унинг пулларини бошқарди.

Унга қўйилган коррупция айбловларига жавобан миллиардер ҳар доим «қонуний ва шаффоф» ҳаракат қилганини айтди.

2022 йилда Варданян Россия фуқаролигидан воз кечди ва Тоғли Қорабоғга жўнаб кетди ва у ерда ҳукумат лавозимини эгаллади. У келганидан бир неча ой ўтгач, Қорабоғ Озарбойжон томонидан блокадага тушиб қолди, бу 2023 йил сентябригача давом этди, сўнгра баҳсли ҳудуд бутунлай Боку назоратига ўтди.

Озарбойжон терговчилари Варданянни терроризмни молиялаштириш, ноқонуний қуролли ташкилотлар тузиш ва Озарбойжонга ноқонуний келганликда айбламоқда. Ҳибсга олинганидан бери сиёсатчи бошқа арман маҳбуслар қатори Бокудаги тергов изоляторида сақланмоқда.

Озарбойжон қамоқхоналарида камида 23 нафар арман маҳбус бор: улардан саккиз нафари Варданян каби 2023 йил сентябрида, Озарбойжон Тоғли Қорабоғ устидан тўлиқ назорат ўрнатган пайтда ҳибсга олинган. Яна 15 нафари ҳарбий асирлар ва тинч аҳоли вакиллари.

Варданян улар орасида энг машҳури, гарчи у Қорабоғда атиги тўрт ой, 2022 йил ноябридан 2023 йил феврали охиригача ҳокимиятда бўлган. 17 ноябр куни нафақат Варданян, балки ҳибсга олинган яна 15 киши устидан ҳам суд жараёни бошланиши режалаштирилган.

2024 йил апрелида Варданян қамоқхонада очлик эълон қилди. Бунинг учун жазо сифатида, унинг адвокатларига кўра, у карцерга ўтказилди.

Варданяннинг оиласи томонидан ёлланган америкалик адвокат Жаред Генсернинг баёнотида (Озарбойжон ҳукумати унинг мижози билан учрашишига ҳеч қачон рухсат бермаган) «карцерда чироқ кунига 24 соат ёниб турди, бу эса қаттиқ уйқу ва чарчоққа олиб келди», дейилган.

Бундан ташқари, таъкидланишича, Рубен узоқ вақт тик туришга мажбурланган ва икки кундан ортиқ сувдан маҳрум қилинган. Қолаверса, у чойшаб ва кийимини ювиш ва алмаштириш имкониятидан маҳрум бўлган, ҳожатхона қоғози берилмаган, ўқиш ва ёзишга рухсат берилмаган, чойшабдан маҳрум бўлган, ифлос матрасда ухлаган. Очлик 20 кун давом этди.

Варданяннинг ўғли Дэвиднинг айтишича, отаси хат ёзади ва жўнатади, лекин улар ҳеч қачон етиб келмайди. Унинг сўзларига кўра, оила баъзан у билан телефонда гаплашишга ёки Халқаро Қизил Хоч орқали хат юборишга муваффақ бўлади. Варданян олдига «ташқаридан» шифокорлар киритилмайди, фақат бир марта, очлик тўхтатилганидан кейин киритилган.

Варданян иши бўйича дастлабки дастлабки суд мажлиси 17 январга белгиланган.

Суд жараёни арафасида сиёсатчи ўз оиласига телефон орқали баёнотини етказди. У сўроқларда иштирок этмаганини ва терговчиларга исмидан бошқа ҳеч нарса айтмаганини маълум қилди. Лекин у ва унинг адвокатига «бўлмаган сўроқларнинг сохталаштирилган баённомаларини» имзолаш учун «босим» қилинган.

«Менга 42 та айблов қўйилаётганини айтишди, уларнинг баъзилари учун умрбод қамоқ жазоси назарда тутилган. Лекин шу пайтгача менга расмий айблов хулосаси билан танишиш имконияти берилмаган. «Адвокатим билан менга жиноий ишнинг атиги 422 жилдини Озарбойжон тилида кўриб чиқишга рухсат берилди, мен билмайдиган тилда», деди Варданян ва уларга 422 жилдни ўқиш учун бор-йўғи бир ой муҳлат берилганини қўшимча қилди.

Бу мурожаатда Варданян тинчликка чақирди. «Ишончим комил, можарога аралашган давлатлар раҳбарлари бу урушда ҳалок бўлганларнинг қабрига биргаликда гул қўйишсагина ҳақиқий тинчлик бўлади. Мен ҳаётимда буни амалга ошириш учун ҳамма нарсани қилишга ваъда бераман», деди у.

Мавзуга оид